Роналдунинг 50 йиллик рекорди, Неаполдаги сенсация, Римдаги жанговар дуранг – Италияда тур воқеалари
Душанба, 26 Ноябр
10619

Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 13-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС»НИНГ ИШОНЧИ ҒАЛАБАСИ, РОНАЛДУНИНГ НАВБАТДАГИ ГОЛИ

«Ювентус» ўз майдонида СПАЛ билан беллашди. Туринликлар аутсайдерлардан бирига қарши баҳсда ортиқча куч сарфламай, осонликча, 2:0 ҳисобида ғалаба қозондилар.

29-дақиқада Криштиану Роналду ҳисобни очди. У Пьяничнинг жарима зарбасидан оширган тўпини дарвозага йўллади. Бу португалияликнинг чемпионатдаги 9-голи бўлди. 60-дақиқада Дуглас Коста узоқ масофадан зарба йўллаганида, дарвозабон уни қайтарди. Аммо Манжукич тўпга етиб келиб, уни дарвозага йўллади.

Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 37 очко билан пешқадамликни янада мустаҳкамлаб олди.

.

Беллашувдан кейин, туринликлар ҳимоячиси Леонардо Бонуччи ғалабани қуйидагича изоҳлади: «Терма жамоа ўйинларидан сўнг, илк ўйиндаёқ юқори темпда ҳаракат қилиш осонмас. Биз жуда яхши ўйнаб, рақибга имконият бермадик. Роналду - топ-профессионал, биз дунёнинг энг яхши футболчиси билан кучайдик. Энди эътиборимизни Чемпионлар Лигасига қаратамиз. Биз гуруҳда биринчи бўлмоқчимиз».

Ювентус – СПАЛ 2:0 (1:0, 1:0)
24 ноябрь, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 1:0 – 28 Роналду, 2:0 – 60 Манджукич.
Ювентус – Перин, Де Шильо, Ругани, Бонуччи, Алекс Сандро (Кьеллини, 87), Куадрадо, Пьянич, Бентанкур, Дуглас Коста (Матюиди, 72), Манжукич, Роналду.
СПАЛ – Гомис, Ладзари, Чонек, Фелипе, Бонифаци, Фарес, Миссироли (Валоти, 59), Скьяттарелла (Вальдифьори, 83), Куртич, Антенуччи, Петанья (Палоски, 85).

Огоҳлантиришлар: Чонек (39), Фарес (49), Бентанкур (64), Скьяттарелла (74).

НЕАПОЛДА СЕНСАЦИЯ – «НАПОЛИ» АУТСАЙДЕРНИ МАҒЛУБ ЭТОЛМАДИ

«Наполи» ўз майдонида мусобақанинг яққол аутсайдери «Кьево»ни қабул қилди. Ўйин кутилмаганда 0:0 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Мезбонлар икки баробар кўп вақт давомида тўпни назорат қилиб, дарвоза томон 17 марта зарба йўлладилар. Бироқ, «Кьево» ҳимояси бу ўйинда хатоликка йўл қўймади. Чемпионатда бирор марта ғалаба қозонмаган жамоа, ҳақиқий сенсация қайд этиб, Неаполдан очко билан қайтадиган бўлди.

Бу натижадан сўнг, «Наполи» 29 очко билан 2-ўринда боряпти. Жамоа пешқадам «Ювентус»дан 8 очко ортда.Баҳсдан кейин бош мураббий Карло Анчелотти қониқарсиз натижага қуйидагича изоҳ берди: «Биз етарли даражада фаол ўйнамадик, тезлик ҳам паст бўлди. 2-бўлимда кўплаб вазиятларни йўққа чиқардик, рақиб ҳам жуда зич ўйнади. Биз «Кьево»га ҳимоявий футбол ўйнашга йўл қўйиб бердик, бу бизнинг муаммомиз. Чемпионлар Лигасидан ўрин олган «Црвены Звезда»га қарши баҳсда бунга йўл қўймаслик лозим».

Наполи – Кьево 0:0 (0:0, 0:0)
25 ноябрь, «Сан-Паоло»
Наполи
– Карнезис, Малькюи, Альбиоль, Кулибали, Хюсай (Мариу Руй, 74), Кальехон, Зелиньски, Диавара (Аллан, 59), Уна (Милик, 59), Мертенс, Инсинье.
Кьево – Соррентино, Депаоли, Бани, Россеттини, Барба, Радованович, Хетемай, Оби (Стемпиньски, 65), Бирса, Межорини (Каччаторе, 75), Пеллиссье (Кийине, 62).
Огоҳлантиришлар: Диавара (21), Барба (57), Хетемай (77), Мариу Руй (84).

«ИНТЕР» УЧИНЧИ ЎРИНГА ЎРНАШДИ

«Интер» ўз майдонида «Фрозиноне» билан куч синашди ва деярли қийинчиликка учрамади. Жамоа 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди. Бош мураббий Лучано Спаллетти асосий ҳужумчиси Мауро Икардини захирада қолдирди. У Аргентина терма жамоаси сафидаги ўйинлардан сўнг, бироз толиққан эди. Икардининг йўқлигида Бальде Кейта ўзини кўрсатиб, 2та гол уришга муваффақ бўлди. Яна бир гол Мартинес ҳисобига ёзилди. Бу натижадан сўнг, «Интер» 28 очко билан 3-ўринга мустаҳкам ўрнашди.

«Нерадзурри» бош мураббий Лучано Спаллетти баҳсдан кейин қуйидаги фикрларни билдирди: «Интер» Италия ва Европанинг энг яхши жамоаларидан бири бўлишга интилмоқда. Биз янада мукаммал бўлишимиз керак. Рақиб қарши ҳужумларда хавфли эди, аммо, биз ўйинни назорат қилиб, ишончли ғалабани қўлга киритдик. Биз жозибали ўйин кўрсатдик».

Интер – Фрозиноне 3:0 (1:0, 2:0)
24 ноябрь, «Жузеппе Меацца (Сан-Сиро)» стадиони
Голлар: 1:0 – 10 Кейта Бальде, 2:0 – 57 Мартинес, 3:0 – 82 Кейта Бальде.
Интер – Ханданович, Д`Амброзио, де Врей, Шкриньяр, Асамоа, Гальярдини, Валеро, Политано (Кандрева, 83), Наингголан (Жоау Мариу, 71), Кейта Бальде, Мартинес (Икарди, 77).
Фрозиноне – Спортьелло, Гольданига, Ариаудо, Капуано, Дзампано, Чибса, Крисетиг, Кассата (Гори, 56), Бегетто (Гильоне, 72), Чиофани, Пинамонти (Кэмпбелл, 77).
Огоҳлантиришлар: Крисетиг (6), Асамоа (14), Бегетто (40), Кассата (44).

РИМДАГИ ЖАНГОВАР ДУРАНГ

Турнинг марказий ўйини Римда, «Лацио» ва «Милан» ўртасида кечди. Мусобақа жадвалида мос равишда 4 ва 5-ўринларда бораётган жамоалар ўйини кескин ўтди. Ҳар иккала клуб аввало ҳимояда хато қилмасликка уринди. Қарши ҳужумлардаги кўплаб хавфли вазиятлар дарвозабон ва ҳимоячилар томонидан бартараф этилди.

Мухлислар голларни ўйин охирида кўрдилар. 78-дақиқада «Милан» қарши ҳужумда рақибни жазолади. Кессиэ узоқ масофадан кучли зарба йўллаганида, тўп ҳимоячи Уолласга тегиб, йўналишини ўзгартирди ва дарвозага кириб кетди. «Милан» Римдан ғалаба билан қайтиши мумкин эди. Аммо, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида Корреа узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.

Бу натижадан сўнг, «Лацио» 23 очко билан 4-ўринда, «Милан» эса 22 очко билан 5-ўринда бормоқда.

«Лацио» бош мураббийи Симоне Индзаги дуранг натижани қуйидагича изоҳлади: «Биз ғалаба қозонмоқчи эдик, аммо ўйин охирида гол ўтказиб юборганимизни инобатга олсак, дуранг ҳам ёмон натижа эмас. Биз яхшироқ ўйнадик, шу туфайли натижадан кўнгил бироз хира бўлди. «Милан» бизни қарши ҳужумда жазолади, бундан ташқари рақиб дарвозаси олдида омадимиз келмади».

«Милан» бош мураббийи Женнаро Гаттузо ўз фикрларини қуйидагича баён қилди: «Кўплаб футболчиларимиз жароҳатланган, ҳозир жуда қийин даврни ўтказмоқдамиз. Аммо, бугун ирода намойиш қила олдик. Рақиб жуда яхши ўйнади, биз ҳам муносиб қаршилик кўрсатдик. Дуранг адолатли натижа бўлса керак. Энди футболчиларимизни тикланиб олишини кутамиз».

Лацио – Милан 1:1 (0:0, 1:1)
25 ноябрь, «Стадио Олимпико»
Голлар: 0:1 – 78 Кессиэ, 1:1 – 90 Корреа.
Лацио – Стракоша, Уоллес, Ачерби, Раду (Кайседо, 82), Марушич, Пароло, Бадель, Милинкович-Савич (Лукаку, 65), Лулич, Луис Альберто (Корреа, 65), Иммобиле.
Милан – Доннарумма, Абате, Сапата, Родригес, Калабрия, Кессиэ, Бакайоко, Борини, Сусо, Чалханоглу, Кутроне.
Огоҳлантиришлар: Милинкович-Савич (33), Доннарумма (86).

А СЕРИЯ 13-ТУРИНИНГ БАРЧА НАТИЖАЛАРИ

24 ноябрь

Удинезе – Рома 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 54 де Пауль.

Ювентус – СПАЛ 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 28 Роналду, 2:0 – 60 Манжукич.

Интер – Фрозиноне 3:0 (1:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 10 Кейта Бальде, 2:0 – 57 Мартинес, 3:0 – 82 Кейта Бальде.

25 ноябрь

Лацио – Милан 1:1 (0:0, 1:1)
Голлар: 0:1 – 78 Кессиэ, 1:1 – 90 Корреа.

Женоа – Сампдория 1:1 (1:1, 0:0)
Голлар: 0:1 – 8 Куальярелла, 1:1 – 17, пенальти Пёнтек.

Парма – Сассуоло 2:1 (2:1, 0:0)
Голлар: 1:0 – 6 Жервиньо, 2:0 – 25 Бруну Алвеш, 2:1 – 36, пенальти Эль-Бабакар.

Наполи – Кьево 0:0

Эмполи – Аталанта 3:2 (1:2, 2:0)
Голлар: 0:1 – 33 Фройлер, 0:2 – 40 Хатебур, 1:2 – 42 ла Гумина, 2:2 – 77, автогол Масьелло, 3:2 – 90 Сильвестре.
Четлатиш: Иличич (Аталанта, 84).

Болонья – Фиорентина 0:0

26 ноябрь
Кальяри – Торино

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ

А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ

10 - Кшиштоф Пёнтек (Женоа, 1 пен)
9 - Криштиану Роналду (Ювентус, 1)
8 - Чиро Иммобиле (Лацио, 1)
7 - Лоренцо Инсинье (Наполи), Дрис Мертенс (Наполи, 1), Мауро Икарди (Интер, 2)

А СЕРИЯ 14-ТУР ЎЙИНЛАРИ

1 декабрь
СПАЛ - Эмполи
Фиорентина - Ювентус
Сампдория - Болонья

2 декабрь
Милан - Парма
Сассуоло - Удинезе
Торино - Женоа
Фрозиноне - Кальяри
Кьево - Лацио
Рома - Интер

3 декабрь
Аталанта - Наполи

ТУР АКЦИЯСИ 

А Серия футболчилари, ҳакамлари ва мураббийлари 13-тур ўйинларига юзига тортилган қизил чизиқ билан майдонга тушдилар. Бу аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш тадбири доирасида юз берди.

Акция WeWorld Onlus билан ҳамкорликда ўтказилди. У аёллар ва болалар ҳуқуқи учун курашадиган хайрия ташкилотидир.

РОНАЛДУ «ЮВЕНТУС»НИНГ 50 ЙИЛЛИК РЕКОРДИНИ ЯНГИЛАДИ

«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду 13-турдан ўрин олган СПАЛ клубига қарши баҳсда дарвозани ишғол қилди.

Бу португалиялик тўпурарнинг туринликлар таркибидаги 9-голи бўлди. Натижада, Роналду клубнинг 50 йиллик рекордини янгилашга муваффақ бўлди, деб хабар беради Opta.

Сўнгги бор, «Ювентус» таркибида дастлабки 13та турда 9та гол урган дебютант 1968/69 мавсумида Пьетро Анастази эди.

ИБРАҲИМОВИЧ А СЕРИЯГА ҚАЙТАДИ

«Лос-Анжелес Гэлакси» клубининг швециялик ҳужумчиси Златан Ибрагимович «Милан» клуби билан 6 ойлик шартномани келишиб олди.

Football Italia хабарига кўра, футболчи 2010-2012 йилларда шарафини ҳимоя қилган клубга январь ойида қайтиши мумкин. 37 ёшли Златаннинг ярим йиллик маоши 2,2 миллион еврога тенг бўлади.

Энди «Милан» «Лос-Анжелес Гэлакси» билан келишиб олиши керак. Чунки Ибраҳимовичнинг америкаликлар билан имзолаган шартномаси 2019 йил охиригача мўлжалланган.

MLS ўтган мавсумида Златан 27 ўйинда 22 гол уриб, тўпурарлар баҳсида «Атланта Юнайтед» ҳужумчиси Хосеф Мартинесдан (31 гол) кейин иккинчи бўлди. «Лос-Анжелес Гэлакси» чемпионат якунига кўра, Ғарбий конференцияда 7-ўринни эгаллаб, плей-оффга чиқа олмади.

Аввалроқ, Ибраҳимович «Милан» таркибида жами 85 ўйинда майдонга тушиб, 56 гол урган эди. 2010/11 мавсумида швециялик тўпурар «россонери»га сўнгги 7 йил ичида илк маротаба Италия чемпионати олтин медалларини қўлга киритишга кўмаклашган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар