Аргентина терма жамоасининг ЖЧ-2018даги бош мураббийи Хитой термаси бошқарувига келиши мумкин
Душанба, 19 Ноябр
2656

Аргентина терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Хорхе Сампаоли Хитой миллий термасида иш бошлаши мумкин.

La Cuatra хабарига кўра, Хитой футбол федерацияси 58 ёшли мутахассис билан музокараларни бошлаган. Томонлар келишувга эришган тақдирда мураббийнинг маоши йилига 15 млн еврони ташкил этиши мумкин.

Сампаоли 2017 йил ёзида Аргентина термасини қабул қилиб олган, орадан бир йил ўтиб лавозимини тарк этган эди. Мураббий жамоани ЖЧ-2018 саралашидан қийинчилик билан олиб чиққан, сўнг финал босқичида ҳам танқидлар остида қолиб, нимчорак финалда Францияга имкониятни бой берган эди.

Хитой терма жамоасининг амалдаги бош мураббийи Марчелло Липпи Осиё кубогидан сўнг ўз лавозимидан кетишини эълон қилган. 70 ёшли мураббий 2 йиллик фаолиятидан сўнг муддати 31 январда ниҳоясига етадиган шартномасини узайтирмасликка қарор қилган.

Маълумот учун, Хитой терма жамоаси 2019 йил январида БААда бошланадиган Осиё кубоги баҳсларида Жанубий Корея, Қирғизистон ва Филиппин терма жамоалари билан «C» гуруҳидан жой олган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида нидерландиялик таниқли мураббий Гус Ҳиддинк Хитой олимпия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган эди. Тайинлов ҳақидаги хабарларда унинг вақти келиб Хитой миллий термасига ҳам устозлик қилиши мумкинлиги ҳақида айтиб кетилган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар