Гризманн Бундеслигага йўл олиши мумкинлигига ишора қилди
Сешанба, 06 Ноябр
1274

«Атлетико» ҳужумчиси Антуан Гризманн Германия Бундеслигаси ҳақида ижобий фикрда эканини билдириб, вақти келса ушбу чемпионатда тўп суриш эҳтимоли йўқ эмаслигини айтди.

«Балки шу чемпионат иштирокчиси бўларман, аммо ҳозир «Атлетико»да ўзимни жуда ҳам қулай ҳис этяпман. Бу ерда жуда яхши лойиҳа устида ишлаяпмиз, мен унга ўзимни тўла бахшида этганман. Биз биргаликда тарих битишни хоҳлаяпмиз.

Германияда жуда ҳужумкор футбол кўрсатишади. Буни «Боруссия Дортмунд» мисолида кўриш мумкин», - дея фикр билдирди Гризманн kicker нашрига берган интервьюсида.

«Мен Ла Лигани биринчи ўринга қўйган бўлардим. Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида испан клублари доим кўп бўлади. Примерадан кейин эса, назаримда, Германия Бундеслигаси ва Англия Премьер-лигаси  туради», - деган ҳужумчи.

Эслатиб ўтамиз, «Атлетико» ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Боруссия Д» билан бир гуруҳдан жой олган. 3-турда мадридликлар Дортмундда меҳмон бўлиб, 0:4 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Бугун тунда ўтадиган жавоб учрашуви Тошкент вақти билан соат 01:00 да бошланади.

Қайд этиш жоиз, матбуотда Гризманнга нисбатан «Бавария»да қизиқиш борлиги ҳақида маълумот бериб келинади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар