Самарқандда ички ишлар ходимлари мухлисларни «Динамо» стадионига киритмади
Сешанба, 02 Октябр
5680

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Про-лиганинг навбатдаги тури доирасида Самарқанднинг «Динамо» клуби Андижоннинг «Андижон» футбол клубини қабул қилди (0:0). Маълум бўлишича, гарчи ўйин соат 17:00да белгиланган бўлса-да, матч расман эълон қилинганидан 9 дақиқа кечикиб бошланган.

Kun.uz нашри мухбири Шуҳрат Шокиржоновнинг ёзишича, «ўйингача бўлган ўйинлар» бунга сабаб бўлган. Яъниким, ички ишлар органи ходимларининг ўйинга чипта харид қилган юзлаб мухлисларни стадионга киритмасдан тургани туфайли учрашув муддатидан кечикиб бошланган.

Ички ишлар органи ходимларининг ўйинга чипта харид қилган мухлисларни стадионга киритмай турганлигининг сабаби эса «Динамо» футбол клуби стадионда жамоат тинчлигини сақлаш учун ҳар ўйинга 700 минг сўм ИИБ ҳисоб-рақамига ўтказиб туриш мажбуриятини олгани ва сўнгги уч ўйин учун 2 миллион 100 минг сўм қарздор бўлиб қолганидир. Бу ҳақда Kun.uz'га клубда ишловчи ходимлар маълум қилган.

Ўйиндан кейин вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Ш.Сайфуллаевдан нима бўлганини сўраган мухбир: «Мен ҳеч нарсани билмайман, тепада ўтирувдим, кўрмай қолдим», деган жавобни олган.

Қайд этилишича, фақатгина «Динамо» футбол клуби ходимларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2020 йилда Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш тўғрисида»ги ПҚ–2821-сонли қарори кўрсатилганидан сўнггина мухлисларга стадионга киришга изн берилган.

Президентнинг ПҚ–2821-сонли қарорида белгиланган чора-тадбирлар ичида Олимпия спорт турлари бўйича республика федерациялари ва ассосциацияларининг сўровига асосан олимпия спорт турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ЙҲХДБ томонидан спортчиларнинг кузатилишини ва томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлаш беғараз асосда амалга оширилиши белгилаб қўйилган ва ижро учун масъул этиб Ички ишлар вазирлиги белгиланган.

«Футбол эса, биламизки, олимпия спорт тури, «Динамо» ФКда эса Ўзбекистон олимпия терма жамоасига кириши мумкин бўлган потенциал номзодлар бор. «Динамо» стадиони ҳам Вилоят ички ишлар бошқармаси тасарруфида», - дея таъкидланади мақолада.

Президентнинг яна бир «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 3 июнда қабул қилинган ПҚ–3031-сонли қарорида Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури келтирилган.

Дастурда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказувчи ташкилотчиларга (ижарага берилаётган спорт иншоотларидан фойдаланишда ва ҳ.к.) имтиёзлар бериш тартибини жорий этиш ҳамда тегишли давлат идоралари хизматидан беғараз фойдаланиш, мусобақаларнинг юқори савияда ўтишида масъул ходимларнинг ҳамкорлигини таъминлаш, жумладан, ўша йилнинг III чорагидан бошлаб доимий асосда Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган.

«Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице президентларидан бири Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов эканлигидан Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасидаги масъул ходимларнинг хабари бормикан?» - деган саволни ўртага ташлаган Kun.uz мухбири.

«Албатта, спортни юртимизда янада оммалаштириш юзасидан қилинаётган президент қарорларидан ички ишлар органларининг масъул ходимлари мутлақо бехабарлигини ҳеч нарса билан изоҳлаб ёки оқлаб бўлмайди. Ўйлаймизки, Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси ушбу вазиятга йўл қўйган масъулларга тегишли чораларни кўради ва матбуотда расмий билдириш билан чиқиш қилади», - дея хулоса қилган журналист.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар