Гризманн йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлишга даъвогарлар орасида жаҳон чемпиони йўқлигидан афсусда
Душанба, 10 Сентябр
4402

«Атлетико» клуби ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Антуан Гризманн термадаги жамоадошларининг ФИФА талқини бўйича йил ўйинчиси бўлишга даъвогарлар рўйхатида йўқлигига муносабат билдирди.

«Афсус, ФИФА версияси бўйича йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлиш учун номзодлар орасида бирорта ҳам жаҳон чемпиони йўқ. Саралаш қайси мезонлар бўйича бўлишини билмайман. Наилож, бу борада қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Биз энг муҳим мусобақа – Жаҳон чемпионатида ғалаба қозондик ва олиш мумкин бўлган энг яхши мукофот ҳам шу аслида. Шундай экан, [йилнинг энг яхши ўйинчиси учун бериладиган] совринга даъвогарлар орасида француз футболчилари йўқлигига қарамай, биз хурсандмиз», - деган Гризманндан иқтибос келтирмоқда Marca.

Эслатиб ўтамиз, 3 сентябрь куни ФИФА 2018 йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлиш учун уч нафар номзодни эълон қилган эди. Унга кўра, Криштиану Роналду («Реал»/«Ювентус», Португалия терма жамоаси), Лука Модрич («Реал», Хорватия терма жамоаси) ва Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль», Миср терма жамоаси) дастлабки ўнталик рўйхатдан ажратиб олинган.

Ушбу мукофот ғолиби 24 сентябрь куни Лондонда ўтказиладиган йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимида эълон қилинади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар