Ўзбекистон ва Тожикистон клублари ўртоқлик баҳсини ўтказишди
Шанба, 08 Сентябр
7900

Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги кенг қамровли ишлар доирасида Самарқанднинг «Динамо» клуби Хўжанд шаҳрида маҳаллий жамоа меҳмони бўлди. Бу ҳақда «Динамо» клубининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хўжанд - Самарқанд бизнес форуми доирасида кечган ушбу баҳс олдидан тожикистонликлар Самарқанд делегацияси ва «Динамо» клубини катта тантаналар билан кутиб олишди. Хўжанд шаҳри Ўзбекистон ва Тожикистон байроқларига бурканди. Шаҳарда қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамловчи йирик тадбирга катта тайёргарлик кўрилгани сезилиб турди.

«Хўжанд» - «Динамо» ўйини ўтказиладиган марказий ўйингоҳ қарийб 1 соат олдин 23 минг мухлис билан лиқ тўлди. Баҳс олдидан сўзга чиққан Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода ҳар икки давлат президентларининг ўзбек-тожик қўшничилик алоқаларини янада яхшилаш ва ҳар соҳада ҳамкорлик қилиш борасидаги ташаббусини икки мамлакат ҳам катта қувонч билан қарши олганлигини таъкидлади. 

Ўзбекистон ва Тожикистон давлат мадҳиялари янграгач, ўртоқлик ўйинига расмий маънода тўпни Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода киритиб берди. Дўстона руҳда кечган беллашувнинг 30-дақиқасида «Динамо» яримҳимоячиси Дилмурод Каримов ажойиб голи билан ҳисобни очган бўлса, 53-дақиқада Жаҳонгир Эргашев «Хўжанд» жамоаси голига муаллифлик қилди. 

Ўйин давомида 23 минг мухлис билан тўлган стадион ҳайқириқ ва олқишлар билан жамоаларни қўллаб-қувватлаб турдилар. Баҳсда дўстона ҳисоб – 1:1 натижаси қайд этилди. Қайд этиш жоиз, Самарқандда ўтган апрель ойидаги дастлабки ўйинда 2:2 ҳисоби кузатилганди.

Халқаро ўртоқлик ўйини
7 сентябрь (жума)
«Хўжанд» (Тожикистон) - «Динамо» (Ўзбекистон) - 1:1.

Хўжанд, 23 000 томошабин. 
Бош ҳакам: Хуршед Дадобоев (Хўжанд).
Голлар: Дилмурод Каримов, 30′ (0:1) - Жаҳонгир Эргашев, 53′ (1:1).
«Хўжанд»: Алексей Матросов, Манучеҳр Аҳмедов, Хуршед Бекназаров, Вусал Магеррамов, Дмитро Бондар, Бахтиёр Чориев, Обиджон Ҳакимов, Меҳрож Шарифзода, Ҳасан Рустамов, Фарҳод Тохиров, Жаҳонгир Эргашев.
«Динамо»: Шоҳруҳжон Раимов, Миркомил Локаев, Комил Шарофуддинов, Фирдавс Абдусалимов, Отабек Нарзуллаев, Дилмурод Каримов, Дамир Темуров, Жасур Азимов, Илҳом Юнусов, Шерзод Жалилов, Санжар Баротов.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар