Осиё ўйинлари. Ўзбекистонлик икки курашчи олтин ва кумуш медалларни ўзиники қилишди
Пайшанба, 30 Август
4448

Осиё ўйинларида ўзбек кураши бўйича мусобақаларнинг -90 кг вазн тоифасидаги олтин ва кумуш медаллар Ўзбекистон вакиллари ўртасида тақсимланди.

Яҳё Имомов ва Шермуҳаммад Жандриев ўртасидаги баҳс Жандриевнинг 11:10 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди ва у Осиё ўйинлари чемпионига айланди. Имомов эса кумуш медал билан тақдирланади.

Қайд этиш керакки, финал баҳсига Яҳё Имомов кичик жароҳат билан етиб келганди.

Жандриев нимчорак финалда туркманистонлик Санжар Абдираҳмоновга қарши мураккаб баҳс ўтказиб, якунда ғалабага эришди. У кейинги рақиби, афғонистонлик Ширзад Азизийни осонлик билан енгиб, ярим финалга чиқди.  Финал остонасида эса кувайтлик Мисри Ҳусайн мағлуб этилди.

Яҳё Имомов иштирокини саралашдан бошлади. У дастлаб эронлик Қосим Аҳадиваранлуни таслим этди.

Финалга қадар йўлда у ҳиндистонлик Дивеш, туркманистонлик Гуванч Бегалиев ва қозоғистонлик Ерсултан Музаппаровдан устун келди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик курашчилар Осиё ўйинларида 6та олтин, 2та кумуш ва 4та бронза олиб, Ўзбекистон делегациясининг энг сермаҳсул жамоасига айланишди.

Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сони 15тага етди. Умумий рейтингда Ўзбекистон жами 52та медалга (15-19-18) эгалик қилган ҳолда олтинчи ўринни мустаҳкамлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар