ПФЛ “Динамо” — “Хоразм” ўйини нега 105 дақиқа давом этганини аниқлади
Душанба, 27 Август
7360

Про-Лига 23-туридан жой олган “Динамо” — “Хоразм” (2:1) ўйинида футболда кам кузатиладиган ҳолат рўй бериб, бош ҳакам Игорь Худойдатов ўйиннинг иккинчи бўлимига 15 дақиқа вақт қўшиб берган. ПФЛ эса бу воқеага ўз муносабатини билдирди.

Бунга қадар меҳмонлар ҳисобда олдинда бораётган бўлса, қўшиб берилган дақиқаларда самарқандлик футболчилар 2та гол уриб, ғалабани илиб кетган. Мазкур ҳолат эса футбол мухлисларида шубҳа уйғотган. Шундан келиб чиқиб, ПФЛ комиссияси “Динамо” — “Хоразм” ўйинини ўрганиб чиқди.

Иккинчи бўлимда тўхталишлар вақти 15 дақиқадан ошиб кетганлиги факт. Мазкур ҳолат видеода ўз ифодасини топган. Меҳмонлар ўйин вақтини очиқчасига чўзишга интилган. Қўшимчасига, бош ҳакам томонидан майдондан четлаштирилган дарвозабон Ғайрат Ўдаевнинг майдондан чиқиб кетишига 6 дақиқа вақт керак бўлган.

Ўдаев ўйиннинг 51-дақиқасида ҳакам қарорига жиддий эътироз билдиргани учун огоҳлантирилган. Мазкур ҳолат видеода яққол кўринган. 63-дақиқага келиб эса дарвозабон тўпни ўйинга киритишни пайсалга солиб, майдон ташқарисидаги футболчи билан гаплашиб тураверган. Кейин эса ҳакам билан “суҳбатини” давом эттирган ва майдондан четлатилган.

Ўйинни ўрганиб чиқиш жараёнида шубҳали бўлиб кўринган қўшимча 15 дақиқа, дарвозабоннинг майдондан четлатилиши, “Хоразм” дарвозасига пенальти белгиланишида ҳакамнинг хатоси кўринмади. Унинг ҳатти-ҳаракати ўйин натижасига ўз таъсирини кўрсатмаган. 

Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. “Хоразм” футбол клуби Самарқандга бир нафар дарвозабон билан ташриф буюрган. Дарвозабоннинг эҳтимолий жароҳатини ҳам инобатга олганда, меҳмонларнинг бу ишини тушуниш қийин. Шунингдек, захира ўриндиғида икки мураббийдан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Клуб ўйинга шифокорсиз келгани учун, “Динамо” клуби шифокорлари ҳар икки жамоа футболчиларига ҳам ёрдамга югурган. Иккинчи бўлимда асосан меҳмонлар “жароҳат олгани” инобатга олинса, “Хоразм” клуби мутасаддиларининг ишини профессионалликка йўйиб бўлмайди.

ПФЛ комиссияси ўйинни ўрганиб чиқиш жараёнида меҳмонлар дарвозабони Ғайрат Ўдаевнинг ҳатти-ҳаракатига ўз эътиборини қаратди. Ўйин вақтини чўзиш, ҳакамнинг ишига ҳалал бериш, провакацияга қўзғаш каби ҳаракатлари учун дарвозабон “Хоразм” иштирокидаги 2та ўйиндан четлаштирилди ҳамда унга 5 миллион сўм жарима солинди. 

Шунингдек, “Хоразм” футбол клуби кейинги ўйинларга ҳам шундай муносабатда бўлиб, ўйинга маъмур ҳамда шифокорсиз ташриф буюрса, клуб футболкалари ўйин учун тайёр бўлмаса — жамоага техник мағлубият ёзилади ва ўйинга чиқарилмайди. Бу талаб Про-Лиганинг барча клублари учун бирдек тегишлидир. ПФЛ бир ой аввал Про-Лига клублари учун ҳам штат жадвали тақдим этган бўлиб, унда клубда қандай ходимлар бўлиши кераклиги аниқ кўрсатиб ўтилган. Демак, ортиқча саволга ўрин қолмаслиги керак, дейилади ПФЛ сайтида.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар