Англияда бугун трансферлар якунига етади. Асосий интригалар
Пайшанба, 09 Август
17517

Англияда трансфер ойнаси ёпилишига саноқли соатлар қолди. Бугун Тошкент вақти билан соат 21:00дан кейин инглиз клублари ўз сафига янги футболчи қўшиб ололмайди. Бутун Европа жамоалари трансферлар орқали кучайишга уринаётган кейинги уч ҳафтада инглиз жамоалари бор эътиборини футболга қаратишади.

НЕГА ЎЗГАРТИРИЛДИ?

Сўнгги йилларда энг охирги соатларда футболчини сотиб олиш ёки сотиш одат тусига кириб қолганди. Ҳатто трансферни ҳал қилиш учун саноқли сониялар етмай қолган воқеаларга ҳам гувоҳ бўлганмиз.

Клублар сўнгги дақиқаларни кутиш орқали, нимани кўзлашлари мумкинлигини аниқ айтиш қийин. Балки бундай вазиятда ўз талабларини қўйиш сотувчи ёки баъзида олувчи клуб учун ҳам қулайроқ бўлиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам трансферларни мавсум бошланишидан аввал якунлашга талаб пайдо бўлди. 

Ўтган йилнинг кузида ўзига хос референдум бўлиб ўтганди. Дедлайнни олдинроққа суришга 70 фоиздан ошиқ клублар рози бўлди.

Фақат 5 клуб бу ўзгаришга қарши чиқди. Манчестернинг икки клуби, «Кристал Пэлас», «Уотфорд» ва «Суонси» трансфер даричаси аввалгидек қолиши исташган бўлишса, «Бёрнли» бетараф қолди. Шунинг билан Англияда янги давр бошланди – энди трансферлар даричаси биринчи турнинг илк учрашувидан бир кун олдин ёпилади. Европада фақат Финляндияда ҳам трансферлар мана шундай эрта якунига етади.

ПЛЮС ва МИНУСЛАР

Тарафдорларнинг фикри тушунарли – трансфер даричасининг беркилиши мавсум бошланиб бўлгандан кейинги ўтишларни кескин камайтиради ва клублар муҳим футболчиларни йўқотишмайди. Лекин бошқа муҳимроқ жиҳат бор.

Бу қарор футбол учун фойдалидир. Ахир энди футболчилар мавсум бошлангач, диққатларини фақат ўйинларга жамлашлари мумкин, бошқа фикрларга чалғимайдилар. Мураббийлар бор эътиборларини жамоа ўйинини кучайтиришга қаратадилар, бирор трансфер орқали кучайиш ҳақида ўйламайдилар. «Яна бир нечта янги футболчи келса, ўйинимиз яхшиланади» деган гаплар ҳам бўлмайди. 

Ўз навбатида, қаршиларни ҳам тушуниш мумкин. Биринчидан, уч ҳафта жуда катта муддат. Бу паллада клуб бирор футболчисидан жароҳат туфайли ажралиб қолиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда футболнинг ўрнини тўлдириш имкони бўлмайди.

Иккинчидан, четда трансфер ойнаси ҳали очиқ бўлади. Бошқача айтганда, инглиз клублари ўз футболчиларидан ажралиб қолишлари мумкин, аммо ўрнига бошқасини сотиб олишолмайди. Тасаввур қилинг, шартли «Барселона» Погбани қўлга киритишнинг уддасидан чиқса, Моуриньо ўз муҳим футболчисидан айрилади ва ўрнига бошқа номзодни ололмайди. 

БОШҚАЛАРДА ҚАНДАЙ?

Италияда ҳам шундай қарорга келишган, фақат, А Серия бир ҳафта кейин бошланиши муносабати билан, у ерда трансферлар 17 августгача давом этади. Германияда эса, дедлайн 31 августга белгиланган.

Испания ва Францияда бу кун 1 сентябрга белгиланган. Россияда ҳам худди шу санада трансферлар якунланади.

СЎНГГИ КУННИНГ АСОСИЙ ИНТРИГАЛАРИ

Бугунги кунни Британия оммавий ахборот воситаларини кузатиб ўтказиш жуда мароқли бўлади. Асосан бешта муҳим савол бор ва аксарияти «Манчестер Юнайтед» билан боғлиқ.

«МЮ» янги ҳимоячи сотиб оладими? Катта эҳтимол билан Магуайр варианти ўхшамаяпти ва манчестерликлар яна Тоби Алдервейрелдга эътибор қаратишмоқда. Ҳимоячи учун жуда катта сумма берилиши мумкин.

Марсиял нима бўлади? Франциялик ҳужумчи яна Моуриньо билан зиддиятга борди, йиғинлардан рухсатсиз кетиб қолди. Футболчи мураббийнинг унга имконият бериши мумкинлигига ишонмаяпти ва футболчи билан қизиқиб келган «Тоттенҳэм» Алдервейрелднинг трансферига Марсиялни талаб қилиши мумкин. Ўз навбатида, Моуриньо ҳужумчини инглиз клубига бермоқчи эмас.

Азар «Челси»дан кетадими? Бу ҳақида гап-сўзлар бироз тинди, аммо Куртуа ниятига етганини эътиборга олсак, «Реал» яна Азарга эътиборини қаратиши мумкин. Ўрнига бирор янги юлдуз сотиб олмасдан туриб, «Челси» ҳам уни қўйиб юбормаса керак.

Погба «Барселона»га ўтадими? Поль Моуриньонинг танқидларидан зерикди ва янги жамоага ўтмоқчи бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу вазият ҳам Азар билан боғлиқ ҳолатга ўхшаш, «МЮ» Погбага ўринбосар топмай туриб, уни қўйиб юбормаса керак. Яъни, агар бугун «МЮ» Погба ўрнига катта трансфер амалга оширмаса, кейинги ҳафталарда футболчи кетмайди.

«Тоттенҳэм» кимни сотиб олади? Почеттинога ҳам осон эмас. Рақобатчи клублардан фарқли равишда, «Тоттенҳэм» бирорта ҳам футболчи сотиб олмади. Агар Марсиял варианти ўхшамаса, биз яна ўтган йилги таркибни кўрамизми?

Теглар

Ўхшаш янгиликлар