Ўзбекистон терма жамоаси битта либос тўплами билан Осиё ўйинларида ғолиб чиққан
Шанба, 28 Июль
7198

Ўзбекистон терма жамоаси 1994 йилги Осиё ўйинларида фақат битта либос тўпламида ўйнаб, ғалаба қозонган, деб ёзмоқда журналист Алишер Никимбаев.

Асиаданинг барча 7та ўйинида ўзбекистонликлар кўк футболка ва оқ шортикда ўйнаган. Жамоада либоснинг захира тўплами бўлмаган.

Ўзбекистон футбол федерацияси Хиросимага терма жамоани юборишдан олдин, омборда бирорта либос тўплами йўқлигини аниқлаган. Шунда, тадбиркор Дмитрий Шчелочковга зудлик билан либос тикишга буюртма берилган (ҳозирги кунда унинг кичик фабрикаси бор). Шчелочков топшириқни тезда бажариб, кўк рангли футболкаларни тикиб берган. Фақат футболкаларни. Оқ рангли шортиклар ва гетрилар эса ЎФФ омборидан топилган. 

Шчелочков футболкаларни фақат рақамлаб берган, ҳеч қандай фамилия ёзмаган. Хиросимага етиб боргач, фамилия ёзилмаган футболкаларда майдонга тушиш мумкин эмаслиги маълум бўлган. Илк ўйингача эса атиги 1 кун қолган эди. Шунда Япония ва Ўзбекистон дўстлик жамияти вакиллари ёрдамида, дам олиш куни бўлишига қарамай, кичик бир фирма топилиб, барча футболкаларга фамилиялар ёзилган.

Натижада, мусобақа бошланишига бир неча соат қолганида Ўзбекистон терма жамоаси либосларнинг яроқли тўпламига эга бўлган. Қизиғи шундаки, бу тўплам ягона эди ва бўлажак рақиблардан ҳеч ким кўк либосда ўйнашни истаб қолмаслигини умид қилиш мумкин эди холос.

Амалда шундай бўлиб ҳам чиқди. Барча 7та рақиб кўк бўлмаган либосларда майдонга тушди. Бу эса ЎФФни нохуш ҳолатлардан қутқариб қолди.

Эслатиб ўтамиз, Хиросима-94 финалида Ўзбекистон терма жамоаси Хитойни 4:2 ҳисобида енгиб, бош совринни қўлга киритган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар