Эрон футболи раҳбари баёнот берди: Карлуш Кейруш лавозимида қолади
Жума, 29 Июн
4185

Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тожнинг маълум қилишича, терма жамоа бош мураббийи Карлуш Кейрушнинг Россиядаги Жаҳон чемпионатидан кейин ҳам ўз лавозимида қолиши мундиал бошланмасидан аввал ҳал қилиб бўлинган эди.

«Кейруш терма жамоа бош мураббийи сифатида қолишга рози бўлди. Энди у билан янги шартнома бўйича музокара олиб борамиз. Кейруш БААда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги – 2019 якунига қадар терма жамоа бошқарувида қолади.

[Жаҳон чемпионатидаги] натижалар биз тўғри йўлда эканлигимизни кўрсатмоқда. Терма жамоани кутиб олиш учун ҳали тонг отмасдан, соат 4да 7000 нафар мухлиснинг аеропортга чиқиши ҳам бунинг яна бир исботи бўлди.

Жорий йил биз учун яхши ўтяпти. Олдинда бизни Осиё кубоги кутмоқда. Кейруш билан музокараларимизга асосланиб айтишим мумкинки, биз Осиё кубогида ғолиб чиқа оламиз. У билан янги шартномамиз ҳақида кейинроқ гапириб бераман», - деди Меҳди Тож.

Маълум бўлишича, терманинг бир нечта ўйинчилари португалиялик мутахиссисдан жамоада қолишини илтимос қилган.

Хабарингиз бўлса, ЖЧ-2018 олдидан Кейруш мундиал тугагач Эрон термасидаги 7 йиллик фаолиятига якун ясашини эълон қилганди.

Эслатиб ўтамиз, форслар ЖЧ-2018нинг «В» гуруҳида 4 очко билан 3-ўринни эгаллашди. Дастлабки турда Марокаш 1:0 ҳисобида мағлуб этилди, сўнгра Испанияга худди шу ҳисобда имконият бой берилди. Сўнгги турда эса Португалия билан 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди.

Яқинлашиб келаётган Осиё кубогида Эрон терма жамоаси Ироқ, Яман ва Вьетнам термалари билан «D» гуруҳидан жой олган. Чемпионат келгуси йил 5 январдан 1 февралга қадар БАА майдонларида бўлиб ўтади.

Эрон терма жамоаси ўз тарихида 3 марта Осиё кубогини қўлга киритган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар