«Бешиктош» Туркия ФФ қарорига бойкот эълон қилди
Жума, 27 Апрел
4019

Туркиянинг «Бешиктош» клуби ўзининг расмий сайтида Туркия кубогининг «Фенербаҳче»га қарши жавоб учрашувини давом эттирмаслиги ҳақида баёнот берди. Жамоа Туркия футбол федерациясининг учрашувни ўтказилмай қолган жойидан давом эттириш тўғрисидаги қарорига жавоб сифатида бу баёнотни қолдирган.

«Биз 3 май куни ўтказилиши лозим бўлган учрашувнинг қолган қисмида майдонга тушмасликка қарор қилдик», — дейилади клуб расмий сайтидаги баёнотда.

«Бешиктош» мамлакат футбол федерациясининг учрашувни давом эттириш ҳақидаги қарорини «кутилмаган» ва «афсусланарли» қарор сифатида баҳолаган. Клуб матбуот хизмати баёнотда «Фенербаҳче»га қарши учрашувга бойкот эълон қилишни сўраган мухлисларнинг фикри биринчи навбатда инобатга олинганини алоҳида таъкидлаган.

Маълумот учун, Туркия кубоги доирасида ярим финал учрашуви «Фенербаҳче» мухлисларининг тартибсизликларни юзага келтириши натижасида 57-дақиқада (0:0 пайти) тўхтатиб қўйилганди. Ўшанда мухлислар «Бешиктош» бош мураббиининг бошини қаттиқ жисм билан жароҳатлаган ва уни шифохонага олиб кетишга тўғри келганди.

Вазиятни ўрганиб чиққан Туркия футбол Федерация «Фенербаҳче»ни учта учрашувни мухлисларсиз ўтказиш билан жазолаган, шунингдек тахминан 210 минг евро миқдорида жаримага ҳам тортилганди. Ўз навбатида «Бешиктош» жамоаси ҳам 10 минг евро миқдорида жаримага тортилган. Ўйин эса 57-дақиқадан мухлисларсиз давом эттирилиши белгилаб қўйилганди.

Жамоалар ўртасидаги биринчи учрашув 2:2 ҳисобида дуранг билан тугаган. Регламентга кўра, «Бешиктош» ўйиннинг давомида иштирок этишдан бош тортган тақдирда, автоматик тарзда мағлубият ёзилади ва«Фенербаҳче» финал йўлланмасини қўлга киритади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар