«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду «Ювентус» дарвозасига урган чиройли голидан сўнг, рақиб фанатлари томонидан олқишланган афсонавий футболчилар сафидан жой олди. Украинанинг Football24 сайти уларнинг энг машҳурларини санаб ўтди.
Лори Каннингем
«Реал»нинг «Камп Ноу»да олқишларга сазовор бўлган сўнгги футболчиси - Лори Каннингем эди. 2:2 ҳисобида якунланган баҳсда инглиз ҳужумчиси гол урмади, аммо ҳужумдаги ажойиб ўйини билан «Барса» фанатлари қарсакларига кўмилди.
Диего Марадона
1982/83 мавсумида «Барселона» шарафини ҳимоя қилган афсонавий аргентиналик «Сантьяго Бернабеу»да «Реал» фанатларини лол қолдирди. 2:2 ҳисобида якунланган баҳсда у мезбонлар дарвозабони ва ҳимоячиларни доғда қолдиришга муваффақ бўлди. Қироллик клуби мухлислари эса уни тик турган ҳолда олқишладилар.
Роналдо
2002/03 мавсумида, машҳур бразилиялик ҳужумчи Роналдо Чемпионлар Лигасидан ўрин олган «Манчестер Юнайтед» – «Реал» (4:3) ўйинида «Олд Траффорд»ни маҳв этди. Футболчи ажойиб ҳет-трикка эришиб, британиялик фанатлар олқишига сазовор бўлган эди.
Роналдиньо
2005/06 мавсумида бразилиялик «афсунгар» Роналдиньо «Барселона»нинг «Реал» устидан қозонган 3:0 ҳисобидаги ғалабаси сабабчиси бўлди - ўйинда 2та гол урди. «Реал» фанатлари ичидаги ота ва ўғил уни тик турган ҳолда олқишлаётган лавҳа бутун дунёга тарқалди.
Алессандро Дель Пьеро
«Пинтуриккио» лақабли футболчи 2008/09 мавсумида, «Реал» – «Ювентус» ўйинида «Сантьяго Бернабеу»ни ўзига ром қилди. 34 ёшли Дель Пьеро иккита гол урди, Мадрид гранди фанатлари эса уни қарсаклар билан кузатиб қолишди.
Лионель Месси
Ла Лига 2008/09 мавсумида аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси «Атлетико» – «Барселона» (1:3) ўйинида учта гол урди ва мезбон фанатлари томонидан олқишланди.
Андрес Иньеста
Ла Лига 2010/11 мавсумида, ашаддий рақиблар - «Эспаньол» ва «Барселона» ўртасидаги ўйинда «блаугранас» сардори Андрес Иньеста деярли иложсиз нарсани уддалади: рақиб фанатлари уни қарсакларга кўмишди. «Барса»нинг 5:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган баҳсда футболчи 1та гол урган эди.
Криштиану Роналду
«Реал» ҳужумчиси рақиб фанатлари томонидан камдан-кам ҳолларда олқишланади. Бироқ, унинг «Ювентус Стэдиум»даги мўъжизавий голи ҳатто «бьянконери» тарафдорларини ҳам бепарво қолдирмади.