Никимбаев терма жамоага хориждан мураббий олиб келиниши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Сешанба, 24 Октябр
6649

Таниқли футбол эксперти Алишер Никимбаев таниқли мутахассис Карло Анчелотти Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлиги учун номзодлардан бири экани ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб ўтди. У терма жамоага мураббий танлашда шошма-шошарликка йўл қўймаслик лозимлигини, янги мураббий олиб келишга ҳали вақт етарли эканини айтиб ўтган.

«Тўғриси, Рўзиқул Бердиев ва ЎФФ нима учун танқид қилинаётганига тушунмаяпман. Терма жамоанинг биринчи расмий ўйинигача 14 ой вақт бор. Шу сабабли янги мураббий танлашда шошилгандан фойда йўқ. Дуч келган мураббийни танлаш ҳам тўғри келмайди. Айни пайтда мураббийлар бозорида фақатгина Европада мавсум бошида ишсиз қолганлар бор. Албатта, ушбу рўйхатда Рональд де Бур, Карло Анчелотти кабилар ҳам бор. Лекин ЎФФ раҳбарияти улар билан музокара олиб бораётганлиги факт эмас. Шунингдек, улар терма жамоамизга келиши ҳам аниқ эмас. Мен учун ким вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажаргандан кўра бош мураббий сифатида ким билан шартнома имзоланиши муҳим. Шу асосий савол. Агар якунда терма жамоасини айни пайтда жаҳон чемпионатига тайёрлаётган мураббий танланса ҳам ажабланмайман. Бундай ҳолатда ўз ишини июлда бошлаши керак бўлади. Кечми? Нима учун кеч? Осиё кубогигача бир ярим йил вақт бор. Тайёрланиш учун вақт етади. Кейин сиз учун қайси бири яхши: яна Осиё кубогидаги ярим финалми ёки ЖЧга чиқишми? Жавоб аниқ. Шунинг учун ҳавотирланишга ҳеч қандай сабаб йўқ.

Бердиевнинг бош мураббий этиб тайинланишига келадиган бўлсак, бу ерда барчаси оддий: ўз кучини миллий терма жамоада синаб кўришни истамайдиган мураббий йўқ. Рўзиқулни танқид қилаётганлар ҳам бундай имкониятдан фойдаланиб қолган бўлардилар», - дея Никимбаевнинг сўзларини келтирган sports.uz.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар