«Манчестер Сити» жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола «Атлетико» ҳимоячиси Лукас Эрнандеснинг хизматларига қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Cope хабар тарқатди.
Манба маълумотига кўра, инглизлар клуби испанларга ушбу футболчи учун 50 млн евро таклиф этади. «Атлетико»дагилар аввалига бу таклифни қабул қилмоқчи эди, аммо клубга трансферлар тақиқи (сотиб олиш бўйича) амалда қолгани бу трансфернинг амалга ошишини қийинлаштириши мумкин.
21 ёшли Эрнандеснинг «Атлетико» билан шартномаси 2022 йил ёзига қадар. Якунланган мавсумда у Испания чемпионатида 15 учрашувда майдонга тушди.
Қайд этиш керакки, «Манчестер Сити» ўтган ҳафтада «Монако»дан португалиялик ярим ҳимоячи Бернарду Силвани 43 миллион фунтга сотиб олганди. Бироз аввалроқ «Бенфика»дан бразилиялик дарвозабон Сантана Эдерсон 40 миллион фунтга харид қилинди. Айни дамда «Монако»дан чап қанот ҳимоячиси трансфери борасида иш олиб борилмоқда.
Жамоа ўтган мавсумда Англия чемпионатининг 38 учрашувида 39 гол ўтказди ва ҳимояни кучайтирмоқчи. Шу мақсадда мавсум якунида 3 ҳимоячига (Сабалета, Гаэль Клиши ва Бакари Санья) жавоб берилди.
Гвардиола ёзги трансферларда харид қилишни режалаштирган футболчилар қаторида 3 ҳимоячи номи бор: «Тоттенҳэм»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Кайл Уокер, «ПСЖ» марказий ҳимоячиси Маркиньос (57 млн евро) ва «Атлетик» ҳимоячиси Эмерик Лапорт (62 млн евро). Уокер «Тоттенҳэм»нинг асосий таркиб футболчиси ҳисобланади, аммо у ва Почеттино ўртасида зиддият юзага келган, бу эса трансфернинг амалга ошишида муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Қолаверса, «Сити» унга ҳозирги маошидан (ҳафтасига 70 минг фунт) икки баробар кўп таклиф қилмоқда.