O'zbek Ўзбекча
Сўнгги 8 ўйинда 7та марта мағлуб бўлган «Ал Ғарафа». ОКМК ўзбек клубларининг нохуш анъанасига чек қўя оладими?
Чоршанба, 07 Апрел
3928

Бугун, 7 апрель куни Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф баҳси доирасидаги «Ал Ғарафа» - ОКМК учрашуви билан ўзбек клубларининг халқаро турнирлардаги жорий мавсумги иштирокига старт берилади. Қатардаги бир ўйиндан иборат муҳим тўқнашув олдидан Tribuna.uz учрашув превьюсини келтиради.

ОКМК фақат ўзи эмас, «Насаф» учун ҳам ютиши керак

Доҳадаги плей-офф баҳси бир ўйиндан иборат бўлиб, ғолиб жамоа Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи ўз иштирокини бошлайди. Мағлуб жамоа бўлган клуб эса нуфузи жиҳатдан иккинчи даражали турнир саналмиш ОФК кубогида тўп суради.

Олмалиқликлар «Ал Ғарафа» тўсиғидан ўта олишса, «А» гуруҳидан «Ал Ҳилол» (Саудия Арабистони), «Истиқлол» (Тожикистон) ва «Шабоб Ал Аҳли» (БАА) клублари билан кураш олиб боришади. ОФК ушбу гуруҳ ўйинларини 15-30 апрель кунлари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда ўтказилишини эълон қилган.

Миржалол Қосимов шогирдлари Қатардаги ўйинда нафақат ўзлари, «Насаф» учун ҳам тўп суришларига тўғри келади. Сабаби «кончилар» ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасига эга чиқишса, «аждарлар» автоматик тарзда ОФК кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Акс ҳолда ҳам Ўзбекистон клуби ОФК кубоги «F» гуруҳида «Хўжанд» (Тожикистон), «Олтин Аср» (Туркманистон) ва «Олой» (Қирғизистон) билан гуруҳ ғолиблиги учун кураш олиб боришади. Учрашувлар марказлашган ҳолда Душанбеда ўтказилади.

«Ал Ғарафа» сафидан кимларни таниймиз?

Ар-Райан шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи клуб таркиб жиҳатдан номдор футболчиларни ўз сафида жамлаган. Жумладан, «ПСВ», «Эспаньол», «Реал Сосьедад», «Рома» клубларида тўп сурган мексикалик 32 ёшли ҳимоячи Эктор Морено ҳозирда Қатарда фаолият юритмоқда. У 2010, 2014, 2018 йилларда жаҳон чемпионатларида иштирок этганди.

Шунингдек, кореялик яримҳимоячи Ку Чжа Чол ҳам кўпчилик учун яхши таниш. Германия клублари ва Жанубий Корея миллий жамоаси сафидаги ўйинлари билан ном қозонган футболчи Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозасига учта гол киритгани билан ёдимизда қолган.

Жазоирлик яримҳимоячи Софьян Ҳанни Европа клубларидаги фаолиятидан кейин икки йил аввал Бельгиянинг «Андерлехт» клубидан Қатар клубига келиб қўшилган.

Сўнгги 8 ўйинда 7 мағлубият. Клублар қандай ҳолатда?

Миржалол Қосимов мураббийлигидаги ОКМК жамоаси Суперлига 4-туридан кейин 2 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият билан 7 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 4-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа 5та гол урган бўлса-да, ўз дарвозасидан 6та тўп ўтказиб юборган.

Славиша Йоканович мураббийлигидаги «Ал Ғарафа» эса Қатар Юлдузлар лигаси 21-туридан кейин 12 жамоа орасида 30 очко билан 6-ўринни эгаллаб турибди. Эътиборлиси, ар-райанликлар сўнгги 8 ўйиндан 7тасида мағлубиятга учрашди. Клуб сўнгги марта бир ой аввал – 8 март куни чемпионат доирасида «Ал Хор»ни мағлуб эта олган. Сўнгги уч ўйинида мағлубият кўчасидан чиқа олмаган. Умид қиламизки, «Ал Ғарафа»нинг нохуш серияси ўзбек клубига қарши баҳсда ҳам давом этади.

Ўзаро ўйинлар: «Ал Ғарафа» ўзбек клубларига Қатарда мағлуб бўлмаган

Қатарнинг ушбу жамоаси ОЧЛ тарихида Ўзбекистон клубларига қарши 6та учрашувда майдонга тушган ва барча ўйинда уларга «Пахтакор» рақиблик қилган. Вакилларимиз ҳозирга қадар бу жамоани сафарда мағлуб эта олишмаган. Олмалиқ клуби бугун ушбу нохуш анъанага чек қўйиш имкониятига эга.

Ўзбек клублари ва «Ал Ғарафа»нинг ўзаро ўйинлари:

ОЧЛ-2002. «Ал Ғарафа» - «Пахтакор» - 4:3

ОЧЛ-2003. «Пахтакор» - «Ал Ғарафа» - 3:0

ОЧЛ-2008. «Ал Ғарафа» - «Пахтакор» - 2:2

ОЧЛ-2008. «Пахтакор» - «Ал Ғарафа» - 2:0

ОЧЛ-2010. «Ал Ғарафа» - «Пахтакор» - 1:0

ОЧЛ-2018. «Ал Ғарафа» - «Пахтакор» - 2:1

ОЧЛ. Плей-офф ўйини.

7 апрель (чоршанба)

«Ал Ғарафа» – ОКМК

Ҳакам: Али Сабоҳ Аддай Ал-Қайси (Ироқ)

Қатар, Доҳа. «Суҳайм бин Ҳамад» стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 20:20

ТВ-трансляция: «Спорт» ТВ.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар