O'zbek Ўзбекча
ЕЧЛ анонси: Мюнхенда финалдан олдинги финал
Чоршанба, 07 Апрел
3330

Бугун Германия ва Португалияда Чемпионлар лигасининг чорак финали доирасида яна икки учрашув бўлиб ўтади. Тошкент вақти билан соат 00:00да «Бавария» - «ПСЖ» ҳамда «Порту» - «Челси» баҳсларига старт берилади.

Чорак финалнинг энг катта тўқнашуви, албатта, Германия ва Франция чемпионлари ўртасидаги ўйинлардир. «Реал» ва «Ливерпуль» мухлислари хафа бўлишмасин-у, бугунги кундаги Европа футболидаги мувозанат айнан шу томонда. Айнан шу икки клуб ўтган йилги финалда тўп сурганининг ўзиёқ, ҳар қандай фактни четга чиқаради. Август ойида бўлиб ўтган финалда парижликларнинг собиқ футболчиси Команнинг голи немисларга ғалаба келтирганди.

Жамоалар ўша финалдан олдин ҳам ЕЧЛ доирасида кўп марта тўқнаш келишган. Саккиз учрашув ва уларнинг барчаси гуруҳ босқичига тўғри келган. 1994/95 йилги мавсумда ҳар икки ўйинда парижликларнинг қўли баланд келган бўлса, 1997, 2000 ва 2017 йиллардаги олти учрашувнинг барчасида мезбон жамоалар ғолиб чиқишган. Бу жамоалар ўша гуруҳларда ҳар сафар биринчи ва иккинчи ўринларни банд этишган. Фақат 1997/98 йилги мавсумда гуруҳдан фақат бир жамоа кейинги босқичга чиққани учун «ПСЖ» гуруҳда қолиб кетган. Демак, ҳали бирор марта «ПСЖ» «Бавария»ни курашдан чиқариб юбориб, совринсиз қолдирмаган экан.

Робертсиз «Бавария» қандай ўйнайди?

«Бавария» Роберт Левандовскисиз қандай «Бавария» бўлишини тасаввур қилиш мушкул. Ҳужумчи жамоа учун энг муваффақиятли ҳисобланган охирги икки мавсумда 94 фоиз ўйинларда майдонга тушган. Энг катта ўйинларда ҳам, қийинчилик туғдирган оддий баҳсларда ҳам Роберт катта саҳнага чиққан. Унинг жамоадаги ўрни қатъий эканидан «Бавария» ўринбосар ҳужумчи топишни ҳам ўйламаган ёки ўйлаган тақдирда ҳам, савияли ҳужумчи фақатгина захира варианти бўлишга рози бўлмагандир. Айниқса, ушбу мавсумда Левандовскининг Мюллер билан жуфтлиги «Бавария» голларининг асосий қисмида иштирок этишган. Энди тасаввур қилинг, мана шу футболчи «ПСЖ»га қарши баҳсларда майдонга туша олмайди. Бу гўёки Мессисиз «Барселона»дек гап, ҳатто Неймар ёки Мбаппе Парижда бу қадар аҳамиятли эмас. Албатта, бу жуфтликнинг асосий саволи – «Бавария» Левандовски ўрнини қандай тўлдиради?

«Лейпциг»га қарши ўйинда ҳужумда Шупо-Мотинг ҳаракат қилди. Аммо мюнхенликлар «Лейпциг» устидан ғалаба қозонган бўлишса-да, у қадар ишончли кўринишмади.

Парижликларнинг йўқотишлари кичикроқ, лекин Почеттино ҳам дарҳол ишлайдиган, самарали тизим топишга мажбур. Коронавирус юқтириб олгани туфайли Париж клуби тактикасида жуда муҳим фигура бўлган Марко Вератти ўйнай олмайди. Почеттино мураббий сифатида қўл урган энг муҳим қарор – 4-2-3-1 схемасига ўтиш ва Вераттига анча эркин ва муҳим бўлган «ўнлик» позициясини топшириш бўлганди.

Демак, учрашув арафасида ҳар икки рақиб ҳам нафақат муҳим ижрочилардан маҳрум бўлишди, балки, тактик жиҳатдан одатий картинани сақлаб қолиш имкони ҳам йўқ. Яъни ҳар икки мураббий мавжуд услубдан четга чиқиши ва янги ғояларни муҳим паллада футболчиларга етказиб бера олиши керак бўлади. Бу шароитда ўйин ўтган йилги финалдан анча фарқли тарзда, бироз тартибсиз, хатолар билан ўтиши мумкин. Бу ҳолда эса, табиийки, индивидуал юлдузлар катта саҳнага чиқишади. Ҳар икки томонда ҳам ундай футболчилар етарли.

Ўйин олдидан
Ханс Дитер Флик:
«Бу сафар бошқа ўйин. «ПСЖ»да янги мураббий, лекин умуман олганда, ўтган йилги финалга нисбатан ўзгаришлар катта эмас. Биз тўпни назорат қилишда жуда яхши ўйнашимиз, тўп йўқотилганда тезда босим уюштиришимиз талаб этилади. Парижликларнинг ҳимояси жуда мустаҳкам, ҳужумда эса, ажойиб юлдузлар тўп суради. Демак, дарҳол прессингга киришмасак, рақибда тўпни очиқ зоналарга етказиш имконияти туғилади. Ўтган йилги финалда Нойер ажойиб ўйин кўрсатганди. Парижликлар буни эслашадими, йўқми, билмайман, аммо таркибимизда жаҳон миқёсдаги юлдуз борлиги бизга кичик устунлик тақдим этади».

Маурисио Почеттино: «Плей-офф форматида ҳеч қайси жамоани ҳисобдан чиқариб бўлмайди. Биз Европа ва жаҳон чемпионларига қарши ўйнашимизни биламиз, лекин бу ерга ғалаба учун у келдик. Биз етарли мувозанатни топиб олишимиз, ҳаддан ташқари ҳаяжонланмасдан, эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз талаб этилади. Кўпчилик Неймар ва Мбаппени гапиришади, аммо асосий таркибда ўн бир футболчи тўп суради, уларнинг ҳар бирига ишончим юқори. Жамоа ўтган йилги финалда «Бавария»га ютқазган. Гап қасос ҳақида эмас, лекин «Бавария»дек жамоани мағлубиятга учратишга ҳаракат қилиш, ростан ҳам катта чақириқ».

Тахминий таркиблар
Юқорида айтилганидек, иккала жамоада ҳам муҳим фигуралар сафда эмас, шунга асосий таркибни тахмин қилиш бирмунча қийинлашади. Шупо-Мотингни илк дақиқаларда кутаётганлар бор, аммо у охирги ўйинда мураббийни қай даражада қониқтирди, айтиш мушкул. «Лейпциг»га қарши ўйинда Гнабри эҳтимол айнан шу ўйин учун захирада қолдирилганди ва балким олдинги чизиқдаги Коман, Сане ва Шупо-Мотингдан бирининг ўрнини эгаллаши керак эди. Аммо у ҳам коронавирус юқтириб олди. Карантин муддати камида ўн кунлигини эътиборга олсак, футболчи ҳар икки ўйинда ҳам шерикларига ёрдам бера олмайди.  

Меҳмонлар сафида Вераттидан ташқари, Курзава ва қўшимча вариант сифатида Икардининг ўрни жуда керак бўларди. Леандро Паредес эса, «Барселона»га қарши нимчорак финал ўйинида ҳакам томонидан огоҳлантирилган ва дисквалификация туфайли дастлабки баҳсда майдонга тушмайди.

Бавария: Нойер, Павар, Зюле, Алаба, Дейвис, Киммиҳ, Горетцка, Сане, Мюллер, Коман, Шупо-Мотинг;
ПСЖ: Навас, Керер, Маркиньос, Кимпембе, Диалло, Гейе, Эррера, Ди Мария, Неймар, Мбаппе, Кин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар