O'zbek Ўзбекча
«Реал»чилар хафа бўлмайсизлар, жамоа бу йил «Барселона» услубида ўйнайди». «Навбаҳор» янги мавсум олдидан тақдимот маросимини ўтказди
Жума, 05 Март
4922

4 март куни «Навбаҳор» уй ўйинларини ўтказадиган «Марказий» ўйингоҳ майдонида жамоанинг янги мавсум олдидан тақдимот маросими ўтказилди.        

«Маросимни Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович  Абдураззақов очиб берди. Вилоят раҳбари жумладан, шундай деди:

— «Навбаҳор» янги мавсумга жиддий тарзда тайёргарлик кўриб, Туркияда ҳам ўқув-машғулот йиғинини олиб борди. Шунингдек, «Навбаҳор»га бир қатор янги футболчилар жалб этилиб, жамоа таркиби кучайтирилди.   

Бўлажак мавсум арафасида жамоага янги, замонавий, барча қулайликларга эга бўлган автобус харид қилинди.

Бундан ташқари, «Навбаҳор» структурасида ҳам бу йилдан ўзгариш юз бериб,  бунгача вице-президент лавозимида фаолият юритган Отабек Арифович  Саматов клуб президенти этиб тайинланди. Боиси, Отабек футболни жуда яхши тушунади.

Янги мавсумда жамоанинг шиори – «Навбаҳор» – чемпион» бўлади. Энди чемпионликни қўлга киритиш вақти етиб келди, — деди Шавкат Абдураззоқов.

Жамоа янги мавсумда Германиянинг дунёга машҳур JAKO фирмаси бренди остидаги оқ, қизил ва мовий рангли либосларда майдонга тушади. 

Шундан сўнг 2021 йилги мавсумда «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қиладиган футболчиларга ўз рақамлари ёзилган формалар топширилди. Ўйинчиларнинг исм-шарифларини таниқли спорт журналисти ва шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ўқиб, эшиттирди.

Мазкур маросимда бироз бетоблиги боис, жамоанинг тажрибали яримҳимоячиси Ислом Исоқжонов иштирок этолмади. Исоқжонов жамоа билан янги шартнома имзолаган ҳамда бўлажак мавсумда «лочинлар» таркибида ҳаракат қилади.

Тадбирда «Навбаҳор» бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов, жамоа сардори Азим Аҳмедов сўзга чиқиб, яратилган барча  шарт-шароитлар учун ўз миннатдорчиликларини билдириб, 2021 йилги мавсумда «Навбаҳор» юқори ўринлар учун кураш олиб боришини таъкидлашди. Ҳасанов мухлисларга қарата: «Реал»чилар хафа бўлмайсизлар. Жамоа бу мавсумда «Барселона» услубида ўйнайди», — деди.

Шундан сўнг, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов ўзининг дилхуш таронасини йиғилганларга тақдим этди. Таниқли қизиқчи  Искандар Ҳамроқулов эса ўзининг ичакузди ҳангомалари билан барчага яхши кайфият улашди. «Навбаҳор»нинг энг яхши фан-клуби етакчилари ва аъзолари, фахрий ҳамда ашаддий мухлисларига клуб раҳбариятининг фахрий ёрлиқлари топширилди»,  — деб ёзади клуб матбуот хизмати.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар