O'zbek Ўзбекча
«Бу йил чемпионлик шоҳсупасига қайтишга ишонамиз». «Локомотив» янги футболчиларни таништирди
Пайшанба, 04 Март
3504

Бугун, 4 март пайшанба куни «Локомотив» стадиони матбуот анжуманлар залида 2021 йилги мавсум арафасида «темирйўлчилар» таркибига келиб қўшилган футболчиларни таништирув маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда «Локомотив» ПФК спорт директори Равшан Муқимов ва бош мураббий Микаел Секейра ҳам иштирок этди.

«Аввало, барчани кириб келаётган янги мавсум билан табриклайман. Мавсум олдидан биз жамоага Португалиянинг машҳур клубларидан бири «Брага»да узоқ йиллар фаолият олиб борган Микаэл Секейрани олиб келдик. Португалия футболида жамоалар тўп билан бўлишни яхши кўришади. «Брага»да ҳам шундай. 

Янги мураббийни бизга жамоамизда фаолият олиб бораётган испаниялик дарвозабонлар мураббийи Даниэл Чабрера таклиф қилди. У Секейрани жамоага Европа ҳавосини олиб келадиган, жуда катта амбицияларга эга мураббий деб таъкидлади. Биз ҳам бу гапларни ўз навбатида раҳбариятга етказдик.

Биз Секейранинг барча жиҳатларини, критерияларини инобатга олдик. Португалиялик журналистлар орқали уни суриштирдик, маълумотлар тўпладик, ўргандик. Кейин унга таклиф билан чиқдик. У ўз клуби билан шартномаси бўлишига қарамай, биз билан ишлашга рози бўлди. Насиб қилса, барчаси режа асосида кечмоқда. Ўйинлар бошланса, бунинг натижасини барчангиз кўрасиз», - дейди клуб спорт директор Равшан Муқимов.

Маросимда жамоа сафига қўшилган Абдумавлон Абдужалилов, Ислом Қобилов, Жавоҳир Сидиқов, Санжар Қодирқулов, Диего Барданка, Ислом Рашидхонов ва Хуршид Мухторов каби футболчилар кенг оммага таништирилди ҳамда уларга ўз футболкалари тақдим этилди.

«Локомотив»да янги мавсум олдидан яхши футболчиларга эга жамоа шаклланди. Энди биз бунга яхши жавоб бериб, юқори мақсадлар сари интиламиз. Бу йил барчаси яхши бўлади ва яна чемпионлик шоҳсупасига қайтишимизга ишонамиз» - дейди жамоа ҳимоячиси Хуршид Мухторов.

Клуб матбуот хизмати таништирув маросимидан тақдим этган фотогалереяни томоша қилинг:

Теглар

Ўхшаш янгиликлар