O'zbek Ўзбекча
Пирло: «Ёш ўйинчилар вазиятни тушунишмади. Роналду ва Сандродан улар билан гаплашишни сўрадим, аммо бу ҳам етарли бўлмади»
Якшанба, 28 Феврал
3434

«Ювентус» бош мураббийи Андреа Пирло А Сериянинг 24-туридан ўрин олган «Верона»га (1:1) қарши ўйиндан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Натижадан хафамиз. Қийин ўйин ва жиддий кураш бўлишини билардик. Ўйин натижасига таъсир қилган ва очко йўқотишимизга олиб келган кичик деталлар бор, лекин буни, афсуски, ёш ўйинчилар тушунишмаяпти. Ҳисобда олдинда бўлганингизда, уйга 3 очко олиб кетишга ҳаракат қилишингиз керак. 

Бизга кўплаб тажрибали футболчилар етишмади, ёшлар эса ўйин қандай йўналишда кетаётганини тушунишмади. Криштиану Роналду ва Алекс Сандродан ёшлар билан суҳбатлашишларини сўрадим, аммо бу етарли бўлмади.

Тактикани ўзгартириб, 4 ҳимоячи билан ўйнамоқчи эдик. Аммо захира ўриндиғига қараб, ўзгаришга вариантлар топа олмадим. Баъзи йигитлар 60-дақиқадан сўнг чарчашганини пайқадим. Иккинчи бўлимда босим ўтказишга кучимиз етмади, «Верона»да эса бўш ҳудудлар мавжуд эди. 

Қисқа вақт ичида кўплаб ўйинлар борлиги ва футболчилар етишмаслигини ҳисобга олинса, чарчоқ муаммо туғдиради», – дея Пирлонинг сўзларини келтиради Football Italia.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар