O'zbek Ўзбекча
Лукаку – Шомуродов, «Интер» «Женоа»га қарши. Элдор 3 йиллик нохуш анъанани буза оладими?
Якшанба, 28 Феврал
7802

Қишнинг сўнгги куни – 28 февраль, якшанбада Европа миллий чемпионатларида бир қатор марказий учрашувлар ўтказилади. Табиийки, ўзбекистонлик футбол ихлосмандларининг эътибори «Жузеппе Меацца» стадиони томон қаратилади. Шу куни Элдор Шомуродов тўп сураётган «Женоа» А Серия пешқадами «Интер» меҳмони бўлади.

Яхши спорт формасига кирган рақиблар

Антонио Конте қўл остидаги «Интер» сўнгги баҳсида асосий таъқибчиси «Милан»ни мағлуб этиб, яққол пешқадамга айланиб олган бўлса, Давиде Баллардини бошқарувидаги «Женоа» сўнгги сониялардаги гол эвазига «Верона» билан баҳсда мағлубиятдан қутулиб қолди. Миландаги бу баҳсда нафақат «Женоа» мухлислари, балки «Милан» ва «Ювентус» ишқибозлари ҳам «Интер» билан орадаги фарқ катталашмаслиги учун ҳам «Женоа»га мухлислик қилиши аниқ.

«Интер» сўнгги беш ўйинда 4 ғалаба, бир дуранг қайд этган бўлса, «Женоа» 5 учрашувда 3 ғалаба ва 2 дуранг қайд этди. Икки жамоа ҳам жуда яхши формасига кириб олди. Айниқса, генуяликлар сафидаги ҳамюртимиз Элдор Шомуродов сўнгги баҳсда гол уриб, «Интер»га қарши ўйинни асосий таркибда бошлашга ҳақли эканлигини кўрсатди. А Серия пешқадамига қарши ўйин Элдор учун жуда муҳим баҳсга айланиши мумкин. У ҳозирча А Сериянинг топ-клубларига қарши баҳсларда гол кирита олмаяпти. «Женоа» ҳимоячилари эса ушбу баҳсда энг аввало рақиб сафидаги голеадорлар – Лукаку ва Лаутарони зарарсизлантириш йўлини топишларига тўғри келади. Қарши ҳужумда эса Элдор ўз сўзини айта олиши мумкин. Шу куни Лукаку ва Шомуродов тўқнашувини кўриш барчамиз учун қизиқ бўлади.

А Серия. 24-тур.

28 февраль (якшанба)

«ИНТЕР» - «ЖЕНОА»

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: FutbolTV

Ўзаро ўйинлар: «Женоа» 5та ўйиндан буён «Интер»га гол ура олмаяпти

Милан ва Генуя клублари қарама-қаршилигида «Интер» сўнгги йилларда «Женоа»дан яққол устун келмоқда. Миланликлар охирги беш ўйинда рақибни фақат мағлуб этишган. Генуя клуби сўнгги марта 2018 йилги мавсумда бу рақибни мағлуб эта олган, шундан кейинги барча баҳсларда мағлуб бўлмоқда. Яна бир жиҳати Генуя клуби «Интер»га қарши охирги 5 баҳсда ўз дарвозасидан жавобсиз 18та гол ўтказиб юборган. Бугун Элдор Шомуродов ушбу 3 йиллик нохуш анъанага чек қўйиш имкониятига эга бўлади.

«Интер» - «Женоа». Ўзаро сўнгги 5 ўйиндаги натижа

24.10.2020. Женоа – Интер – 0:2

25.07.2020. Женоа – Интер – 0:3

21.12.2019. Интер – Женоа – 4:0

03.04.2019. Женоа – Интер – 0:4

03.04.2018. Интер – Женоа – 5:0

Элдорни асосий таркибда кўрамизми?

Италия нашрлари ушбу баҳс олдидан икки жамоа имкониятларини чамалаб, «Интер»нинг имкониятини юқорироқ баҳолашган. La Gazetta Della Sport ва Sky Sports Italia тахминий таркибларни эълон қилган. Нашр ва телеканал Элдор Шомуродовнинг ўйинни асосий таркибда бошлашини тахмин қилган. Умид қиламизки, амалда ҳам шундай бўлади.

La Gazetta Della Sport тахминий таркиби

Sky Sports Italia тахминий таркиби

Теглар

Ўхшаш янгиликлар