O'zbek Ўзбекча
«Реал» «Аталанта» меҳмони, Гвардиола немис клубига қарши. ЕЧЛ 1/8 финал ўйинлари олдидан
Чоршанба, 24 Феврал
3215

Бугун, 24 февраль чоршанба оқшомида Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи дастлабки ўйинлари доирасидан ўрин олган сўнгги икки учрашув ўтказилади. Зинеддин Зидан бошқарувидаги «Реал» Италияда «Аталанта» меҳмони бўлса, яна бир жуфтликда Пеп Гвардиола бошқарувидаги «Манчестер Сити» Венгрияда «Боруссия» Менхенгладбахга қарши саф тортади.

Жанговар «Аталанта» жароҳатлар гирдобидаги «Реал»га қарши

Қоғозда ва оғизда ҳаммаси аниқ – Италия клуби Чемпионлар лигасида ҳали бор йўғи иккинчи мавсумини ўтказмоқда, унинг рақиби Мадрид клуби эса Европанинг энг нуфузли турнирида 13 карра ғолибга айланган. Аммо Жан Пьеро Гасперини шогирдларини номдор клублар қўрқита олмайди – Бергамо клуби бунгача гуруҳ босқичида «Ливерпуль»ни сафарда мағлуб этди (2:0), ўтган мавсумда эса Испаниянинг яна бир клуби «Валенсия»ни 1/8 финалда турнирдан чиқариб юборганди. «Аталанта» қандай кучга эга эканлигини жуда яхши биламиз. Бу клубга нисбатан ҳурматим чексиз», - дейди «Реал» устози Зинедин Зидан ўйин олдидан.

Баҳсдан аввалги матбуот анжуманида Бергамо клуби мураббийи таркиб жанговар ҳолатда эканлиги ҳақида гапирган бўлса, Зидан бу борада муаммолар борлигини яширмади. Чинданам, Италиядаги ўйинда жароҳат сабабли «Реал»га бир қатор етакчи футболчилар ёрдам бера олмайди. Аввалроқ Азар, Рамос, Карвахаль, Марсело, Вальверде сафдан чиққан бўлса, ўтган ҳафтада Карим Бенземанинг ҳам Италияга бора олмаслиги ойдинлашганди. Зиданни яна бир оғир синов кутмоқда.

ЕЧЛ. 1/8 финал. Дастлабки учрашув.

24 февраль (чоршанба)

«Аталанта» - «Реал»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: UzReportTV

«Аталанта»: Голлини; Толой, Ромеро, Жимшити; Меле, де Роон, Фройлер, Госенс; Пессина, Иличич; Сапата

Ўйнамайди: Хатебур (жароҳат)

«Реал»: Куртуа; Васкес, Варан, Начо, Менди; Кроос, Каземиро, Модрич; Асенсио, Винисиус, Диас

Ўйнамайди: Бензема (жароҳат), Рамос (жароҳат), Карвахаль (жароҳат), Родриго (жароҳат), Милитао (жароҳат), Азар (жароҳат), Марсело (жароҳат), Вальверде (жароҳат), Одриосола (жароҳат).

«Боруссия»нинг бешинчи уриниши

Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби сўнгги мавсумлар давомида гуруҳ босқичида «Манчестер Сити»га қарши 4 марта рўбарў келиб бирор марта ҳам мағлуб эта олмаган. Аммо клуб тарихида бу уддаланган вазифа - «Боруссия» УЕФА кубоги 1978/79 йилги мавсумида «шаҳарликлар»ни мусобақадан чиқариб юборганди.

«Сити» ҳар қанча кучли ва яхши спорт формасида бўлмасин, клуб бош мураббийи Марко Розе жамоаси осон таслим бўлмаслигини айтиб ўтди: «Албатта, бу биз учун янги чақирув, ўйинни интизорлик билан кутаяпмиз», - дейди мутахассис.

Турнирнинг 1/8 финал босқичига жамоаси билан илк марта йўлланма олган Марко Розе «Боруссия»да яна бир тарих яратиб кетиш имкониятига эга. Мураббий ёзда Менхенгладбахдан Дортмундга кўчиб ўтади. Бу баҳсда «Манчестер Сити» мағлуб этилса, Розе ушбу турнирда бу клубни мағлуб эта олган жамоа тарихидаги илк мутахассисга айланади. Шундай экан, Розе кетишидан аввал клубнинг Чемпионлар лигасидаги энг яхши натижаси қайд этишга интилиши аниқ.

ЕЧЛ. 1/8 финал. Дастлабки учрашув.

24 февраль (чоршанба)

«Боруссия» Менхенгладбах - «Манчестер Сити»

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: FutbolTV

«Боруссия»: Соммер; Лайнер, Гинтер, Эльведи, Бенсебаини; Крамер, Нойхаус; Вольф, Штиндль, Ҳофманн; Плеа

Ўйнамайди: Дукуре (жароҳат)

Сўроқ остида: Тюрам (жароҳат)

«Манчестер Сити»: Эдерсон; Уокер, Диаш, Стоунз, Канселу; Родри; Стерлинг, де Брюйне, Гундўған, Фоден; Жезус

Ўйнамайди: Аке (жароҳат).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар