O'zbek Ўзбекча
Италияда «Милан дербиси», Англияда устоз-шогирд тўқнашуви. Ҳафтанинг энг муҳим 7 учрашуви превьюси
Шанба, 20 Феврал
5996

Одатдагидек, футбол баҳори сал эртароқ, февралдан бошланади. Айнан шу паллада еврокубоклар қайтади, ички чемпионатларда «жўжа санаш» бошланади. Англияда «Манчестер Сити» таъқибчилардан янада узоқлашиш учун яна бир топ учрашувни муваффақиятли ўтказиши керак, Италияда эса «Милан дербиси» ғолиби А Серия пешқадамига айланади. Шу ва бошқа эътиборли учрашувлар ҳақида анъанавий превьюмизда ҳикоя қиламиз.

 Премьер-лига. 23-тур

20 февраль (шанба)

ЛИВЕРПУЛЬ – ЭВЕРТОН

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: UzReportTV

Биринчи даврадаги «Ливерпуль дербиси»да балки бутун мавсумга бурилиш ясаган воқеа рўй берганди. Жордан Пикфорд меҳмонлар сардори Виржил ван Дейкка жароҳат етказган, бунинг оқибати ҳамон таъсир қилишда давом этмоқда. Кўпчилик, «Ливерпуль»нинг муаммоси кўпроқ ҳужум чизиғида, гол кирита олмасликда бўлаётганини айтиши мумкин. Аммо шуни эътиборга олиш керакки, Виржилнинг майдонда бўлиши жамоанинг икки қанот ҳимоячилари Робертсон ва Трентга кўпроқ имконият яратарди. Бу икки футболчининг ҳужумкор ҳаракат қилиши эса олдинги чизиқда қўшимча ўйланмалар яратар, ҳимояланувчи рақиб вазифасини бир неча баробар оғирлаштириб юборарди. «Ливерпуль»нинг жуда кўп ўйинларда гол ура олмагани, Салоҳ ва Маненинг омадсизликлари аслида айнан Ван Дейкнинг йўқлиги билан боғланиши у қадар мантиққа зид эмас.

Лекин айнан дерби олдидан «Ливерпуль» кайфиятини ва ўзига бўлган ишончини қисман тиклаб олди, дейиш мумкин. АПЛдаги қаторасига уч мағлубиятдан сўнг, Чемпионлар лигасида анча кучли бўлган «Лейпциг» сафарда мағлубиятга учратилди. Инглизларнинг ушбу учрашувда анча ташаббус билан ва мазмунли ҳаракат қилгани Клопп ва шогирдларига яна ғалабали йўлга тушиб олиш имконини берса керак. Аксинча, «Эвертон»нинг аҳволи бироз оғирлашди – «Юнайтед» ва «Тоттенҳэм»га қарши анча сермаҳсул ва шиддатли ўйинлардан сўнг, икки маротаба мағлубият содир бўлди. «Сити»га қарши ўйинни тушуниш мумкин, «шаҳарликлар»га ҳозирда ҳамма мағлуб бўляпти, лекин «Фулҳэм»га қарши учрашувни Анчелотти жамоаси анча бўш ўтказганди.

Ўйин дерби бўлишидан ташқари, турнир жадвали, ЕЧЛ йўлланмалари учун курашда ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳозирда ҳар икки жамоа кучли тўртликдан ташқарида бўлса-да, у ерда бўлиш учун асосий даъвогарлардан саналишади. Тахмин қилиш мумкинки, ЕЧЛда фақат улардан бирига жой бўлади, зеро «Лестер», «МЮ», «Челси», «Тоттенҳэм» каби жамоалар ҳам мавсум охиригача курашишлари тайин.

 «Ливерпуль»нинг жароҳатлар билан боғлиқ муаммолари давом этмоқда. Бу сафар майдонга туша олмайдиганлар сафига Милнер ва Фабиньо ҳам қўшилган. Лекин яхши хабар – Наби Кейта умумий гуруҳга қайтган ва балки бу учрашувга тайёр бўлиши мумкин. Меҳмонлар сафида эса ҳимоячи Йерри Мина шерикларига ёрдам бера олмайди.

 «Ливерпуль дербиси» доим ўзининг шиддати билан ном қозонган бўлса-да, натижалар борасида «Эвертон»га ҳавас қилиб бўлмайди. «Кўклар» охирги марта қўшнилари устидан 11 йил олдин ғалаба қозонган. Учрашув бўлиб ўтадиган «Энфилд»да эса меҳмонларнинг охирги ғалабаси 1999 йилда содир бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Ниҳоят, «Ливерпуль» ўз майдонида муаммоларга дуч келаётган (қаторасига 3 мағлубият, 5 ўйин ғалабасиз), бундан ташқари, ҳафта ўртасида ЕЧЛ сафари туфайли жисмоний тарафдан ҳам қийналиши мумкин бўлган паллада «Эвертон»нинг бу қора анъанага барҳам бериш имконияти юзага келмоқда.

 Бундеслига. 22-тур

20 февраль (шанба)

ШАЛЬКЕ – БОРУССИЯ Дортмунд

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: SportTV

Гўёки, жамоаларнинг ҳозирги эгаллаб турган ўринлари, салоҳияти ер билан осмондек, лекин бу учрашувни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Биринчидан, ўз номи билан «Рур дербиси», доим жуда шиддатли ва кутилмаган натижаларга бой бўлган. Иккинчидан, турлича бўлса-да, ҳар икки клуб ўз вазифаларини ҳал қилиш йўлида, ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур.

«Шальке» яхшигина молиявий аҳволи ва у қадар ёмон бўлмаган таркиби билан барча антирекордларни янгилашда давом этмоқда. Кристиан Гросс жамоаси 21 турдан сўнг, атиги бир марта ғалаба қозонган ва хавфсиз зонадан 9 очко ортда қолган ҳолда жадвалнинг тубидан жой олган. Бу кетишда «Шальке» 30 йиллик танаффусдан сўнг яна қуйи лигага тушиб кетишга яқин. «Боруссия»дек кучли жамоага қарши дерби мақомидаги ўйинда ғалаба қозониш эса балки жамоага ишончни қайтариб, ғалабали йўлга тушиб олишига туртки бўлар.

«Боруссия» эса Чемпионлар лигасида муҳим ғалаба қозониб яна барчани ўзи ҳақида, хусусан, асосий ҳужумчиси Ҳоланд ҳақида гапиришга мажбур қилган бўлса-да, Бундеслигада аҳволи яхши эмас. Штарке ёзда бир қатор етакчи футболчиларини сотмади ва чемпионлик учун курашиб кўришга ишонганди. Аммо ҳозирда дортмундликлар Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолиш хавфи остида қолмоқдалар. Бундеслига доирасидаги охирги олти ўйинда «Боруссия» атиги бир маротаба ғалаба қозонди, холос. «Боруссия М», «Байер» каби асосий рақобатчиларга қарши ўйинларда имконият бой берилди.

Айни дамда «Боруссия» олтинчи ўринда ва уларни кучли тўртликдан олти очколик фарқ ажратиб турибди. Чемпионлар лигаси йўлланмасисиз қолиш эса, Дортмунд учун жуда қаттиқ зарба, зеро Европа грандлари кўз тикаётган Ҳоланд, Санчо каби активларни сақлаб туриш ёки керакли нархга сотиш янада қийинлашиб кетади.

 «Шальке» дортмундликлар устидан охирги марта 2019 йилнинг апрелида 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Шундан кейинги уч ўйиннинг иккитасида «Боруссия» устун келганди. Шу охирги уч ўйинда «Шальке» бирор марта ҳам дортмундликлар дарвозасини ишғол қила олмаган ва охирги икки ўйин «Боруссия»нинг йирик ғалабаси билан тугаган.

Бундеслига. 22-тур

20 февраль (шанба)

АЙНТРАХТ – БАВАРИЯ

Ўйин бошланиш вақти: 19:30

ТВ-трансляция: SportTV

Германия Бундеслигаси 22-турининг марказий ўйини Франкфуртда ўтказилади. Турнир жадвалида 39 очко билан 3-ўринда бораётган «Айнтрахт» ўз майдонида пешқадам «Бавария»ни қабул қилади. Бундеслигада сўнгги 10 ўйинда 8та ғалаба, 2тасида дуранг қайд этиб мағлубиятсиз келаётган «Айнтрахт» «Бавария»га қарши шайланмоқда. «Бавария» эса сўнгги 7 ўйинда 5 ғалаба, дуранг ва мағлубиятга учраганига қарамай, Франкфурт клуби билан орадаги фарқни 10 очкога етказган ҳолда 1-ўринда бормоқда. Мюнхен жамоаси бу сафар Франкфуртда жиддий қаршиликка учраши аниқ.

А Серия. 23-тур

21 февраль (якшанба)

МИЛАН – ИНТЕР

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

«Милан дербиси»да охирги марта қачон А Серия пешқадамлиги учун баҳс бўлганини эслаш мушкул. Бунга камида ўн йил бўлгани шубҳасиз. «Ювентус»нинг ўтган турдаги мағлубияти туринликларнинг ҳали ҳам тўлиқ ўзларига келмаганини кўрсатди. Бу эса Милан жамоаларига соврин учун курашишда катта умид беради.

«Милан»нинг ўтган турда кутилмаганда «Специя»га ютқазиб қўйиши «Интер»ни пешқадамга айлантирди. Пиоли шогирдлари эса дербидаги ғалаба ёрдамида ўз ўринларига қайтишлари мумкин. Акс натижа «Интер»ни энди яққол фаворитга айлантиради, зеро бир неча лигада чемпионлик тажрибасига эга бўлган мураббий ва футболчилар билан «Интер» вазиятни бой бермайди кейин. Бундан ташқари, «Милан»ни кейинги турда «Рома» билан учрашув ҳам кутиб турибди. Орада Европа лигаси ўйинлари ҳам борлигини ҳисобга олсак, жамоа учун анча синовли кунлар бошланмоқда. Бунинг устига Европа лигасида ҳам «Црвена Звезда» билан дуранг қайд этилиб, барча масала жавоб ўйинига қолдирилган.

 «Интер» эса аксинча, кузда еврокубоклардан, яқинда Италия кубогидан чиқиб кетган, бемалол бир ҳафтада бир ўйин режимида белгиланган мақсад сари одимлаши мумкин. Таркиб салоҳияти, мураббий стратегияси ва сўнгги ўйинларда кўрсатилаётган натижалар «Интер»ни чемпионатнинг асосий фаворитига айлантириб қўймоқда.

 Таркиблар борасида ҳар икки томонда ҳам йўқотишлар деярли йўқ. Фақат «Интер» таркибида Артуро Видалнинг майдонга тушиши сўроқ остида. Икки ҳафта олдинги ўйинда жароҳатланиб майдонни тарк этган чилилик футболчи ҳозирда машғулотларда қатнашаётган бўлса-да, оғир учрашувга қай даражада тайёр бўлиши сўроқ остида.

Биринчи давра учрашувида «Милан» Иброҳимовичнинг дубли ёрдамида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бир ой олдин бўлиб ўтган кубок баҳсида эса худди шу ҳисобда «Интер» ғалаба қозонган – бу сафар Ромелу Лукаку қаҳрамонга айланганди. Умуман, Лукаку – Златан дуэли ҳам ушбу тўқнашувнинг интригаларидан биридир. Эсингизда бўлса, сўнгги дерби ушбу икки ҳужумчининг муштлашиб кетишига сал қолгани билан ёдимизда. Ўз вақтида «Манчестер Юнайтед»да бир йил бирга шуғулланган бу икки юлдуз ўртасидаги зиддият балки ўша даврларда бошлангандир?

Премьер-лига. 23-тур

21 февраль (якшанба)

АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ

Ўйин бошланиш вақти: 21:30

ТВ-трансляция: Futbol/UzReportTV

Устоз ва шогирд баҳси. Бир хил анъаналарни тарғиб қиладиган ўхшаш жамоалар, мураббийлар ҳам бир мактаб вакиллари бўлгач, гўёки ташаббус учун кураш, прессинглар баҳсини кутишимиз ҳам мумкин эди, аммо бугунги «Арсенал» анча прагматик ва эҳтиёткор эканини таъкидлаш керак. Биринчидан, таркиблар борасида катта тафовут борлиги Артетага рақиб билан тенгма-тенг курашиш имконини бермайди, иккинчидан, турнир жадвалидаги ҳолат «Арсенал»га натижани биринчи навбатга қўйиш мажбуриятини юклайди.

Яна бир тарафдан айнан ҳимоявий ўйин топ-ўйинларда «Арсенал»нинг ғалаба учун ягона имконияти бўлиб келмоқда. Зеро, ёзда бўлиб ўтган Англия кубоги яримфиналида ҳам айнан «Арсенал» «Сити»ни курашдан чиқариб юбориб, якунда совринни қўлга киритганди. Умуман, охирги 11 ўзаро ўйиннинг 9 тасида «Сити»нинг қўли баланд келган ва 5тасида йирик ҳисобда. «Арсенал»нинг иккала ғалабаси ҳам кубок баҳсларига тўғри келади. Премьер-лига доирасида лондонликлар рақиб устидан охирги марта 2015 йилда ғалаба қозонган.

Мезбонлар таркибида Томас Парти йўқ. Айниқса, кучли рақибга қарши ўйинларда ушбу яримҳимоячининг ўрни билиниши шубҳасиз. «Манчестер Сити»да эса охирги пайтларда жамоанинг нафақат етакчиси, балки тўпурарига ҳам айланиб қолаёзган Илкай Гундўғанда кичик жароҳат бор ва у «Эвертон»га қарши ўйинни ўтказиб юборди. Лекин айнан шу ўйинда бошқа бир етакчи футболчи – Кевин Де Брюйненинг қайтганини ҳам қайд этиш лозим.

Барча мусобақаларда қаторасига 17, АПЛда эса 12 ўйинда фақат ғалаба қозонаётган «Манчестер Сити» бу серия натижасида Лига кубоги финали, Англия кубоги нимчорак финалига чиқди, Премьер-лигада 10 очколик фарқ билан яққол пешқадамга айланиб олди. Бу ўйинда ҳам йўқотиш кузатилмаса, Чемпионлар лигаси муҳим палласи олдидан ички чемпионатда қулайлик пайдо бўлади ва Пеп Гвардиола бемалол барча мусобақаларда ғолиб чиқиш учун курашиши мумкин.

А Серия. 23-тур

21 февраль (якшанба)

АТАЛАНТА – НАПОЛИ

Ўйин бошланиш вақти: 22:00

ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

«Милан дербиси» оқшомида Италияда яна бир қизиқарли учрашув бўлиб ўтади. Пешқадамлардан бироз узоқда бўлган, лекин камида Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашиш имкониятини қўлдан бой бермаган икки клуб орани очиқ қилади. Агар йўқотилган очколар бўйича ҳисобласак, «Наполи» ҳатто учинчи ўринга ҳам кўтарилиши мумкин, демак Гаттузо шогирдларининг чемпионлик имконияти «Рома» ёки «Ювентус»никидан кам эмас. Айниқса, сўнгги турда «Ювентус» билан ўйиндаги ғалаба «Наполи» футболчиларига қўшимча ишонч берган бўлса ажаб эмас.

Рақиблар ўн кун олдин ҳам ўзаро куч синашишган. Италия кубоги яримфиналида бергамоликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга чиқишди. Чунки Неаполда бўлиб ўтган учрашувда ҳисоб очилмаганди. Жамоаларнинг октябрь ойида бўлиб ўтган А Серия доирасидаги тўқнашувида эса «Наполи» йирик ҳисобда ғалаба қозонганди. Демак, олдиндан ким устунлик қилиши номаълум ва ҳар қандай сценарийни кутишимиз мумкин бўлган ўйин бизни кутиб турибди.

Мезбонлар таркибида Ҳанс Хатебурдан ташқари ҳамма сафда. «Наполи»нинг муаммолари эса жуда кўп. Манолас, Политано, Мартенс, Хюсай, Оспина каби футболчиларнинг жароҳати янгилик эмас, бунинг устига ҳужум чизиғида етакчилардан бирига айланиб қолган Ирвинг Лосанонинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолди. Мексикалик футболчи кичик жароҳат олди ва март ойигача шерикларига ёрдам бера олмаслиги мумкин.

«Наполи» ҳафта ўртасида Европа лигасида «Гранада»га қарши ўйинда майдонга тушди. Жамоаларнинг жисмоний ҳолатлари асосий планга чиққан паллада бу омил мезбонларга устунлик бериши мумкин. Лекин «Аталанта»да ҳам ўзгача вазият – Гасперини шогирдлари келаси чоршанба куни Чемпионлар Лигасида майдонга тушадилар. «Аталанта»ни Мадриднинг «Реал» клуби кутиб турибди.

Франция чемпионати. 26-тур

21 февраль (якшанба)

ПСЖ – МОНАКО

Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: SportTV

Франция чемпионатида ҳам чемпионлик учун кураш турдан-турга қизиб бормоқда. 2-ўринда бораётган «ПСЖ»ни бу турда 4-ўриндаги «Монако» билан баҳс кутиб турибди. Почеттино жамоаси Каталониядан йирик ҳисобли ғалаба билан қайтгач, «монагесклар»га қарши ҳам бор куч ва имкониятини сарфлаши аниқ. Зеро, бу тўқнашув Париж клуби учун сўнгги мавсумларда «йил ўйини» даражасида бўлиб келмоқда. Икки клубнинг ҳам яхши спорт формасига кирганини инобатга олсак, «Парк де Пренс»даги ўйин шиддат ваъда қилмоқда.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

20 февраль. Саутҳэмптон – ЧЕЛСИ (17:30), АТЛЕТИКО – Леванте (20:15), ЖЕНОА – Верона (22:00), Вальядолид – РЕАЛ (21 февралга ўтар кечаси, 01:00)

21 февраль. Вест Ҳэм – ТОТТЕНҲЭМ (17:00), БАРСЕЛОНА – Кадис (18:00), Астон Вилла – ЛЕСТЕР (19:05), Ҳерта – ЛЕЙПЦИГ (19:30), МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Ньюкасл (23:59).

Ўхшаш янгиликлар