O'zbek Ўзбекча
 Элдор Шомуродов Генуядаги ҳаёти, маоши ва энг катта орзуси ҳақида. Россиялик журналистнинг Италиядан репортажи
Жума, 19 Феврал
18142

Россиялик журналист ва инсайдер Нобель Арустамян «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳақида Италиядан репортаж тайёрлади. Кўрсатувда ўзбекистонлик футболчининг Италиядаги фаолияти, яшаш шароити, у ҳақида россиялик ҳамда италиялик футбол агентлари, журналистларнинг интервьюлари ўрин олган. Қуйида репортажнинг асосий ва эътиборли суҳбатларини келтирамиз.

 «Ош пиширишни ҳали ўрганганим йўқ»

Репортаж Арустамяннинг Элдор яшаётган уйга ташриф буюриши, футболчи ва журналистнинг Генуядаги ҳаёт, шароитлар, яшаш тарзи ҳақидаги суҳбати билан бошланган.

 «Женоа»га келганимдан сўнг 15 кунлардан кейин шу уйга кўчиб келдим. Уйимдан денгиз кўриниб туради, жамоамиздаги аксарият футболчилар Генуянинг айнан шу қисмида яшайди. Деярли ярим жамоа шу атрофда, десам бўлади. Мен яшаётган ушбу уйда бунгача парагвайлик футболчи Антонио Санабрия яшаган экан. Ҳозирча ўзим яшаяпман, оиламни ҳали олиб келганим йўқ.

 Ош тайёрлаш? Мен ҳали палов пиширишни ўрганганим йўқ. Ҳа, нонушта қилиб клуб қароргоҳига бораман, машғулотдан кейин тушликни одатда клуб қароргоҳида қиламан. Кечки овқатни эса уйим яқинидаги ресторан ёки дўконга чиқиб товуқ олиб, тайёрлашим мумкин. Бунга кўп вақт кетмайди. Ёки ресторандан таом буюртма қилишим мумкин. Уларнинг доимий мижозига айланганим боис, тезда тушунтира оламан. Умуман олганда, бу атрофдаги ресторан ёки дўкондагилар билан суҳбатга кириша оламан», - дейди Элдор.

 «Шомуродов 7-8 миллион еврога сотиб олиниб, икки йилдан кейин 20-22 миллион еврога сотиладиган ҳужумчи эканлигини тушунишди»

«Матч»ТВ шарҳловчиси Нобель Арустамян «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳақида Италиядан тайёрлаган репортажи давомида италиялик таниқли инсайдер ва журналист Жанлука Ди Марцио билан суҳбатлашиб, ундан ўзбекистонлик форвард ҳақида сўради.

 «Россия Премьер-лигасидан Миранчук, Шомуродов ва Кокорин сингари футболчиларнинг Италия А Сериясига келганидан хурсандмиз. Менимча, улар орасидан Шомуродов асосий сюрприз бўлди. Бизнинг мамлакатда ҳеч ким бунгача у ҳақда эшитмаганди. «Женоа» уни ўз сафига қўшиб олганида ҳаммада бир хил савол янграган: «Шомуродов ким ўзи?»

 У 1-2-3-4-ўйинларини ўтказгач, барча унинг яхши футболчи ва ёқимтой экани ҳақида гапира бошлади. Ўзим ҳам Россия футболини кўпроқ ва мунтазам кўриб бориш кераклигини тушундим. Чунки у ерда бизнинг чемпионатда ўйнаб кета олиши мумкин бўлган бошқа футболчилар ҳам бор. Айниқса, у ерда яхши ўйинчилар нархи ҳам анча пасайган. Бу Италия клублари учун айни муддао бўлиши мумкин.

 

 «Женоа» президенти Энрико Прециози жуда ҳам ақлли тадбиркор. У бир неча йил аввал Пёнтекдан яхши даромад қилганди. Унга Шомуродовнинг ўйинлари туширилган видеоларни кўрсатишганда, «Ҳаракатни бошланглар» деган. У жуда аққли ва тезда қарор қабул қилувчи инсон. Прециози дарҳол тушундики, Шомуродов 7-8 миллион еврога сотиб олиниб, икки йилдан кейин 20-22 миллион еврога сотиладиган ҳужумчи», - дейди Sky Sport Italia журналисти Ди Марцио.

 «Шомуродов «Женоа»да «Ростов»дагидан 5-6 баробар кўпроқ маош оляпти»

«Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг Нобель Арустамян билан суҳбатда айтишича, у Италияда Россиядагидан кўпроқ маош олмоқда.

 – Бу ердаги маошининг «Ростов»дагидан кўпми ёки кам?

– Кўп.

– Демак бу борада ўсиш бор, шундайми?

– Шундай.

 Репортаж давомида россиялик журналист Шомуродовнинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган ProSports Management агентлиги раҳбари Герман Ткаченко билан суҳбатлашиб, Элдорнинг маоши ҳақида сўради.

 «Италия клубига ўтиш Элдор учун фақатгина фаолиятидаги ўсиш эмас, молиявий жиҳатдан ҳам яхши бўлганлигини яширмаслик керак. У бу ҳақда сизга ҳеч қачон гапирайди, аммо айтиш керакки бу молиявий жиҳатдан ҳам яхшигина ўсиш. Ҳар ҳолда у А Серияда ўйнаяпти.

 Футболчилар Европада камроқ маош учун ҳам ўйнаётгани ҳақида гап кетса, бу доим ҳам тўғри бўлмайди. Элдорнинг «Ростов»даги маоши билан таққослаганда, у 5-6 марта кўпроқ пул ишлаб топаяпти», - дейди Ткаченко репортажда.

 «Шомуродовнинг нархи - 15 миллион евро. Унга «Юве» қизиққани рост, ёзда «Боруссия» ёки «Севилья» эътиборига тушиши мумкин»

 Суҳбат давомида италиялик инсайдер Жанлука Ди Марцио ўзбекистонлик форварднинг ҳозирги трансфер нархи ва унга қизиқаётган клублар ҳақида ҳам гапирган.

 – «Женоа» Шомуродовни 7 ёки 8 миллион еврога сотиб олди. Унинг Италия трансфер бозоридаги ҳозирги нархи қанча?

– 15 миллион евро. Агарда «Женоа» ўйинчини ҳозироқ сотса, улар 15 миллион евро фойда қилишарди.

 Билишимча, қайсидир клублар Шомуродовнинг трансфер нархига қизиқиб, «Женоа»га алоқага чиққан ва улар ўйинчини 15 миллион евро нархлаган. Элдорнинг нархи ярим йилда икки баробарга ошди.

 – Ақлдан озиш мумкин...

– Айтайлик, Пионтекнинг трансферидан янада кўпроқ ишлаб олишганди. У 4,5 миллион еврога «Женоа»га келган, ярим йилдан кейин эса «Милан» уни 35 миллион еврога сотиб олганди. Италияда яхши футболчилар учун 20-30 миллион евро сарфлаш одатга айланиб бўлди.

 – «Юве» унга қизиққанми?

– Ҳа, «Юве» қизиққан. Шомуродов иқтидорли футболчиларни тарбиялашни яхши кўрадиган «Боруссия» Дортмунд, «Севилья» каби жамоалар учун ёзги трансфер ойнасида энг қизиқ номзодлардан бирига айланиши мумкин. У шундай ўйинчи», - дейди Sky Sports Italia журналисти Ди Марцио.

 «Элдорни Ўзбекистонга қачон қайтаришлари ҳақида ўйлай бошлагандим»

 Кўрсатув давомида «Женоа» ҳужумчиси собиқ жамоаси устози - «Ростов» бош мураббийи Валерий Карпин билан ҳам қўнғироқлашди. Ўзаро суҳбат ҳазиломуз кўриниш олган.

 Шомуродов: Ассалом алейкум, Георгиевич.

Карпин: Салом, қийшиқ оёқ (кулади). Одатдагидек бу вақтда йиғиндамиз.

Карпин: Ишларинг қалай?

Шомуродов: Ҳаммаси жойида.

Карпин: Мураббий билан муносабат-чи?

Шомуродов: Бу борада ҳам яхши.

Карпин: Сендан нимани сўраётганини тушунаяпсанми?

Шомуродов: Ҳа. Умуман олганда тушунаман, сўзма-сўз эса йўқ.

Арустамян: «Ювентус» Элдорга қизиқаётганидан хабарингиз борми?

Карпин: Мен бу ҳақда билмаслигим аниқ. Тўғри, сиз журналистлар ўйлаб топган қанақадир миш-мишлар эшитдим. Унга «Ювентус»да нима бор? Сиз уни оёғини кўрдингизми ўзи? Ўрнидан туриб сизга кўрсатсин (кулади).

Шомуродов: Георгиевич, бундай оёқлар билан футбол ўйнаш қулайроқ.

Арустамян: Элдорнинг «Женоа»даги фаолиятидан қониқаяпсизми? У асосий таркибда, гол уряпти.

Карпин: Иккита гол ургани айтаяпсизми?

Арустамян: Голли узатмалар бераяпти.

Карпин: Оббо, у 15 ўйинда майдонга тушдими? Жами - 2 гол, 2 асисст. Статистика – топ (кулади).

Шомуродов: Даҳшат (кулади)

Карпин: Балли, ҳеч бўлмаса шу сўзни унутмабсан. 15 ўйинда 2та гол, 2 узатма – фожеа. Мен уни аллақачон захирага ўтқизиб қўярдим. Бундай темпда фақат машғулотларда гол уриб юришинг мумкин.

«Ростов»да кўрсатмаларимни бажаргани учун ўйнарди. Ўйнагани ҳам майли, яна бу учун бизга ҳатто яхшигина пул ҳам беришди.

Арустамян: Сиз унга ишонганмидингиз?

Карпин: Охирги йилда – ҳа. Унгача эса – йўқ. Уни Ўзбекистонга қачон қайтаришлари ҳақида ўйлай бошлагандим. Энди эса у Италияни забт этмоқда.

 Элдор энг катта орзуси ҳақида 

Шомуродов репортажда Италияда Ўзбекистон ҳақида нималарни билишлари ва энг катта орзуси ҳақида гапирди.

 «Қачон жаҳон чемпионатига чиқамиз? Қатар-2022 мундиалида қатнашишга жудаям умид қилаяпман. Бу турнирда иштирок этиш учун бутун жамоамиз билан ҳаракат қиляпмиз. Ўзбекистон миллий жамоаси билан жаҳон чемпионатида иштирок этиш энг катта орзум саналади.

 Бу ерда Ўзбекистон ҳақида сўрашадими? Ҳа, жамоадаги йигитлар ҳам сўраб туришади. У ерда футбол қандайлиги ҳақида сўрашганди. Италияда мамлакатимиз ҳақида кўпроқ Самарқанд, Бухорони билишади. Ўзбекистон ҳақида гапира бошласам, дарҳол «О, Самарқанд, Бухоро» дея гапириб кетишади. Умуман олганда, кўпчилик мамлакатимиз ҳақида маълумотга эга», - дейди Элдор Шомуродов суҳбат якунида.

 У.Ибодов таржимаси.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар