O'zbek Ўзбекча
Роналду ўрнига Ҳоланд оқшом қаҳрамони. Янги суперменлар даври
Пайшанба, 18 Феврал
4502

Яқин йилларда бизни янги футбол суперменлари қарама-қаршилиги кутади.

Чемпионлар лигаси. 1/8 финал
«Порту» (Португалия) — «Ювентус» (Италия) — 2:1 (1:0)
Голлар: Торимий, 2 (1:0). Марега, 46 (2:0). Кьеза, 82 (2:1).
«Порту»: Марчесин, Пепе, Мбемба, Манафа, Сануси, Сержиу Оливейра (Лум, 90+1), Отавиу (Диас, 57), Урибе, Корона (Чико Консейсау, 90+1), Марега (Груич, 66), Торимий.
«Ювентус» (Италия): Шченсни, Кьеллини (Мерих Демирал, 35), Данилу, Алекс Сандру, де Лигт, Рабьо, Маккенни (Мората, 63), Бентанкур, Криштиану Роналду, Кьеза, Кулушевски (Рэмси, 77).
Огоҳлантиришлар: де Лигт, 63. Данилу, 81. Мерих Демирал, 87. Алекс Сандру, 90+2.
Ҳакам: дель Серро Гранде (Испания).
17 феврал. Порту. «Драгау» стадиони.

«Ювентус» «Порту»га 1:2 ҳисобида ютқазди. Бу ўйинда меҳмонлар етакчиси Криштиану Роналду жуда кам кўзга ташланди - у фақат ўйин охирида фаоллашди - Кьезанинг жавоб голидан кейин уюштирилган ҳужумда, 84-дақиқада Мората қулай вазиятдан гол ура олмаганида қайтган тўпни кўкси билан тўхтатди, аммо зарба бера олмади. Ўйин охирида у ҳисобни тенглаштириши ҳам мумкин эди. Қўшиб берилган дақиқаларнинг охиргиси ўтаётган вақтда Криштиану рақиб жарима майдонига ёриб кириб, де Лигтнинг узун узатмасини ўзига мослади, аммо бирдан йиқилиб тушди. Бу эпизодда мезбонлар ҳимоячиси Заиду Сануси иштирок этди.

Ҳакам Карлос дель Серро Гранде Криштианунинг йиқилишига эътибор қаратмади, Роналду қўлларини силкиб пенальти сўради. Такрорларни кўриб айтиш мумкинки, арбитр барибир вазиятни тўғри баҳолаган: де Лигтнинг пасидан кейин португалиялик футболчи оёғини олдинга ноқулай ташлаган ва мувозанатни йўқотган. Сануси рақибга тегинган, аммо бу вақтда у йиқилишни бошлаганди. Қолаверса, бу вақтда ўйин якунига сониялар қолганди.

Роналду ўйин давомида фақат бир бор зарба берди - тўп дарвозабоннинг қўлларига бориб тушди. Бу ўйин португалиялик футболчининг чиройли сериясига якун ясади: ЕЧЛнинг сўнгги икки мавсумида плей-офф ўйинларида «Ювентус»нинг голларини фақат Роналду ураётганди. Энди бу рўйхатда Кьеза ҳам бор.

«Юве» доимий равишда тўпга эгалик қилишда устунлик қилди (бутун ўйин вақтининг 65 фоизи), аммо асосий кўрсаткичлар бўйича сезиларли устунликка эриша олмади: зарбалар сони 12:8 (аниқ зарбалар сони 5тадан), узатмалар аниқлиги 86 фоиз:70 фоиз, муваффақиятли алдаб ўтишлар сони бўйича 9:9, бурчак зарбалари сони бўйича 6:6.  

Пирло энди вазиятни Туриндаги жавоб ўйинида ўнглашга ҳаракат қилади. 

Ўтган мавсумда «Ювентус» Чемпионлар лигаси плей-оффи бошидаёқ турнирни тарк этганди. «Барселона» чорак финалга қадар етиб борган, натижада сўнгги 14 йил ичида илк бор Чемпионлар лигасининг энг яхши жамоалари тўртлигида ушбу турнир қироллари — Лео Месси ва Криштиану Роналду йўқ эди. Ўшанда илк бор ушбу икки футбол даҳосининг даври поёнига етаётгани ҳақида очиқ гапира бошлашганди. Албатта, аргентиналик ва португалиялик футболчи яна бир неча йил футбол ўйнашда давом этади. Масалан, шу йил октябрида 40 ёшини нишонлайдиган Златан Ибраҳимович «Милан» сафида ЕЧЛда ўйнаши мумкин.

Афтидан, Златан керакли вақтда керакли жойда пайдо бўлди. Жамоа кўп йиллик инқироздан чиқиб, энди катта ғалабалар сари қадам ташламоқда — таркиб керакли футболчилар билан тўлдирилган, маҳоратли мураббийлардан иборат штаб ва омилкор менежмент ҳам. Шундай экан, масалан, «Бавария» ёки «Манчестер Сити»да Роналду ва Месси аввалги даврларда бўлгани каби яхши кўринган бўларди. Улар «Реал» ва «Барселона»нинг олтин даврида, бу жамоалар ўйини тизимли йўлга қўйилган вақтда дунёнинг энг яхши футболчиларига айланишганди.

Афсуски, сўнгги йилларда бу икки юлдуз ўзгаришлар даврида яшашга маҳкум. Каталония пойтахтида шафқатсиз иқтисодий инқироз, вақтинчалик бошбошдоқлик ва авлодлар алмашинуви ҳукм сурмоқда, авлодлар алмашинуви эволюцион эмас, хирургик бўлмоқда, беморнинг бир неча муҳим органларини олиб ташлашмоқда. «Ювентус» раҳбарияти эса ЕЧЛ орзусида уч мавсумда уч мураббийни алмаштирди - Роналдунинг ҳозирги устози яқин ўтмишдаги футболчи Андреа Пирло — у туринликлар бошқарувига келганида ҳали минимал иш тажрибаси ҳам йўқ эди.

Ички аренада ва Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи ўйинларида биз аввалгидек уларнинг тажрибасига гувоҳ бўлмоқдамиз, аммо плей-оффда бу етарли бўлмай қолмоқда. Объектив қаралса, Кўҳна қитъанинг ютқазган чиқиб кетадиган турнири — замонавий футбол эталони ва бу ерда рақобат жуда кучли бўлиши табиий. Бу ерда энди янгича реаллик ва янги суперқаҳрамонлар.

Чемпионлар лигаси. 1/8 финал
«Севилья» (Испания) — «Боруссия Д» (Германия) — 2:3 (1:3)
Голлар: Сусо, 7 (1:0). Дауд, 19 (1:1). Ҳоланд, 27 (1:2). Ҳоланд, 43 (1:3). де Йонг, 84 (2:3).
«Севилья»: Буну, Хесус Навас, Эскудеро, Кунде, Диегу Карлос, Ракитич (Гудел, 46), Фернанду Режес, Хоан Хордан (Оскар Родригес, 72), А.Д.Гомес (Оливер Торрес, 60), Сусо (де Йонг, 60), Ан-Носирий (Ал-Ҳаддодий, 60).
«Боруссия Д» (Германия): Ҳитц, Ҳуммелс, Аканжи, Морей, Ройс (Брандт, 80), Эмре Жан, Рафаэл Геррейру (Пасслак, 77), Дауд (Менье, 89), Санчо, Беллингем, Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: Ҳуммелс, 73. Оскар Родригес, 88. Ҳоланд, 90.
Ҳакам: Маккели (Нидерландия).
17 феврал. Севилья. «Рамон Санчес Писхуан» стадиони.

Эрлинг Ҳоланд футбол мухлисларини ҳайратга солишда давом этмоқда - норвегиялик футболчи биринчи бўлимдаёқ «Севилья»ни йўлдан олди: дастлаб Дауднинг ҳисобни тенглаштирувчи жавоб голига узатма бериб, кейин ўзи дублни расмийлаштирди. У ЕЧЛдаги 13 ўйинида 18 гол уришга улгурди.

«Бу мўъжизакор оқшом бўлди, Чемпионлар лигасини севаман. Мен Мбаппенинг кечаги ҳет-тригидан кейин қўшимча мотивация олдим. Ундан миннатдорман», деди норвегиялик вундеркинд ўйиндан кейин. 

• Ҳоланд ЕЧЛда ўзига қарши ўйнаган ҳар бир жамоага гол урмоқда. Унинг турнирдаги дебютидан буён (2019 йил сентябр) ундан кўп голни ҳеч ким урмаган, Левандовскида ҳам ўша вақтдан кейин урилган голлар сони 18та. Кейинги – катта оралиқ, ушбу форвардларни Килиан Мбаппе 10 гол билан таъқиб қилади.

• Фақат Ҳоланд ва Мбаппе 21 ёшгача бўлган даврида ЕЧЛ ўйинларида 18 гол уришга эришган. Бу ҳафтада ушбу йигитлар келажак кимникилигини кўрсатиб қўйишди.

• Ҳоланд «Боруссия» сафида ЕЧЛда урилган дастлабки 10 голига етти ўйиндаёқ эришди – турнир рекорди. Норвегиялик форвард бу билан Рой Макайнинг «Бавария»даги рекордини такрорлаган (10 гол).

• У «Дортмунд» учун 42 ўйинда 41 гол урган. 

Ҳақиқий мерган.

Ёш, истеъдодли, кўзлари ёниб турган футболчилар. Гарчи Килиан Мбаппе ва Эрлинг Ҳоландни Месси ва Роналду билан солиштириш худди футбол тарихидаги энг кучли футболчи кимлиги: Пеле ёки Марадона экани ҳақидаги баҳс каби. Бу футболчилар — турли даврларнинг намояндалари ва уларга ўз даврларида ҳеч ким тенг кела олмаган. Месси ва Криштиану ўн йилдан ошиқ вақт давомида футбол витринасида кўз-кўз қилинди.

Энди эса янги давр бошланмоқда. Албатта, янги юлдузларни ҳеч ким Мессини атагандек сеҳргар дейишмайди. Шу билан бирга, уларни ҳам ўзга сайёрага мансуб футболчилар дейиш мумкин - улар шунчаки жисмоний имкониятлари билан эмас, фавқулодда талантлари билан мақтана олишади. Шунчаки жисмоний жиҳатдан кучли бўлиш футболда ҳеч нарсани кафолатламайди. «Барса» футболчилари қувиб етолмаган Мбаппе ва «Севилья» мудофаасида эркин ҳаракатланган Ҳоланда талант ҳам бор, бу икки вундеркинд мавсумдан мавсумга кучайиб бормоқда.

Баҳслашиш қийин бўлган рақамлар ҳам бор. Сешанба оқшомида «Камп Ноу»ни таслим қилган Мбаппе 23 ёшигача профессионал даражада 154 гол урди. Мессида бу ёшда 140 гол бўлган. Криштиануда эса 102. 20 ёшли Ҳоланд Чемпионлар лигасининг 13 ўйинида рақиблар дарвозасига 18та гол уриб ташлади. Машиналар, ўзга сайёраликлар, роботлар — француз ва норвегиялик ўз манзилларига айтилаётган олқишларга муносиб.

Қариялар эса, албатта, курашишда давом этишади. Месси катта эҳтимол билан кейинги мавсумда, бошқа бир жамоада яна порлаб чиқади. Роналду —  «Порту»га қарши жавоб ўйинидаёқ ўзини кўрсатиши мумкин. Эҳтимол, португалиялик юлдуз «Юве»ни кейинги раундга олиб чиқар, худди ўтган мавсумда нисбатан кучли «Атлетико»га қарши биринчи ўйиндаги 0:2 ҳисобли мағлубиятдан кейин қилгани каби. Аммо бу бир лаҳзалик порлаш бўлиб, бутун мавсум учун етмаслиги мумкин. Ёшлар эпохаси даври келган - ҳатто «Драгау»даги ўйинда «Ювентус»нинг голини Криштиану эмас, 23 ёшли Федерико Кьеза ургани ҳам шундан дарак.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар