O'zbek Ўзбекча
ФИФА «Сурхон», «Қўқон-1912», «Андижон» ва «Шўртан»га трансфер тақиқи қўйган
Шанба, 23 Январ
4743

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевнинг хабар беришича, ФИФА Суперлига ва Про лиганинг бир қатор клубларига трансфер тақиқи қўйган.

«ФИФА легионер футболчилардан қарздорлиги сабаб қуйидаги клубларга янги футболчилари рўйхатдан ўтказишни расман тақиқлаган: «Сурхон», «Шўртан», «Қўқон-1912», «Андижон».

«Қўқон-1912» Боян Кнежевич ҳамда Милош Николич билан боғлиқ муаммога эга. Клуб бу футболчилар пулларини тўлаб, ФИФАга мурожаат қилди. Бир неча кун ичида ФИФА тақиқни олиб ташлаши мумкин.

«Андижон» Виталий Мирний билан келишувга эришди ҳамда ФИФАга ҳисобот берди. Радослав Алексич билан қисман ҳисоб-китоб қилинди, тез орада унинг муаммоси ҳам ҳал бўлади. Эндиликда Ибе Микаэль Окоро ФИФАга арз қилганлигидан келиб чиқиб, муаммо яна биттага кўпайди. Клуб бу ишни ҳам ҳал қилиш арафасида. 

Бироқ бу муаммонинг ҳаммаси эмас. ФИФА Предраг Вуйович иши бўйича Андижонга яна бир марта тартиб-интизом ишини очди. Олдиндаги беш кун ичида Андижон ФИФАга ўз муносабатини билдириши лозим. Хуллас, эски раҳбарият қилган ишлар учун ҳали узоқ жавоб берилади. 

«Шўртан»да муаммо етарли. Клубнинг 2020 йилги мавсум учун тасдиқланган сметаси тўлиқ берилса, муаммо ҳал қилинади. Ёки бўлмаса 2021 йилги мавсум учун сметага Виталий Варивончик ва Игорь Криушенко билан боғлиқ қарздорлик киритилиши шарт. Аммо нефтгаз соҳаси билан боғлиқ клубларнинг барчаси сўнгги икки йилда муаммолардан чиқа олмаяпти. 

«Сурхон» Владимир Бубанья ишини ва ниҳоят эгардан тушгани ҳолда тан олди. Раҳбарият футболчи билан фаол музокарага киришган. Муаммо ҳал қилинганидан кейингина ФИФА тақиқни олиши мумкин. Унга қадар ЎзПФЛ мазкур клублар футболчиларини рўйхатдан ўтказмайди», - дея ёзади Диёр Имомхўжаев телеграмдаги каналида.

Эслатиб ўтамиз, яқинда «Андижон» клуби уч нафар легионер олдидаги қарздорлик учун 30 минг АҚШ доллари тўлов қилгани ҳақида хабар берганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар