O'zbek Ўзбекча
«Аввалгиларга ўхшамас». Манчестерча парадокслар ҳақида
Душанба, 18 Январ
6433

Қарийб уч йилдан кейин биринчи марта АПЛ турнир жадвали карвонбошилиги Манчестернинг икки жамоасига насиб қилиб турибди. Бундай ҳолат охирги марта Жозе Моуриньонинг «Олд Траффорд»даги иккинчи мавсумида кузатилганди. Аммо ўшанда «шаҳарликлар» катта фарқ билан олдинда юрган, «Юнайтед» фақат 2-ўрин учун бошқалар билан курашган бўлса, ҳозир вазият бироз бошқача. Бу кетишда Англияда чемпионлик пойгаси икки эмас, кўпроқ жамоа ўртасида ва мавсум охиригача давом этадиган кўринади.

Пандемия билан боғлиқ ўзгаришлар, томошабинларсиз стадионлар, тақвим зичлиги, футболчиларнинг вирусга чалинишлари ва ҳоказо омиллар шундоқ ҳам турнирда янада тушунарсиз, кутилмаган натижаларга бой қилиб қўйиши шубҳасиз. Аммо бундан ташқари ҳам бир қатор парадоксал ҳолатлар борки, жамоаларнинг ўзи ҳам биз одатда кўришга ўрганмаган ҳолатда намоён бўлмоқда. Жумладан, мана шу икки Манчестер клуби ҳам аввалги мусобақалардан бироз фарқли услублар, қадриятлар ва ечимларга мурожаат қилаётгани чинданам қизиқ. Фарқлар футболчиларнинг спорт формаси ёки кутилмаганда пайдо бўлган юлдузлар билан эмас, айнан мураббийларнинг ишларида кўринади.

Сульшер ва позицион ҳужумлар

Биз доим ўқиб, эшитиб келганимиз бир стереотип бор – Сульшер қуйи блокда ҳимояланадиган жамоаларга қарши ўйнай олмайди. Унинг жамоаси кўпроқ қарши ҳужумларга таяниб, кенгроқ зоналарда самарали ҳаракат қилади. Рэшфорд, Марсиял каби ҳужумчилар айнан қарши ҳужумларда ўзларини яхши кўрсатадилар, шунинг учун ҳам «Юнайтед» топ-ўйинларда муваффақиятлироқ.

Тўғри, буни инкор қилиш қийин, жамоанинг ҳужум қилиш услуби ва Сульшер давридаги топ-ўйинлар (бу борада «Юнайтед» энг яхши натижа қайд этганди) юқоридаги фаразларни асослаган.

Аммо ушбу мавсумда юзага чиққан яна бир фактни ўртага ташлайлик – «Юнайтед» «кучли олтилик» жамоаларига қарши 5 ўйинда уч дуранг ва икки мағлубиятга учради. «Челси», «Сити» ва «Ливерпуль»га қарши ўйинлар голсиз дуранг билан, «Арсенал» билан ўйинда минимал мағлубият (0:1) ва «Тоттенҳэм»дан ўша 1:6. Беш ўйинда атиги 1 гол урилган – у ҳам пенальтидан. Ушбу мавсумда «Юнайтед»нинг ўша биз билган катта ўйинлар жамоаси сифатида яна эслатган ягона учрашув – ЕЧЛ гуруҳ босқичида Париждаги ўйин. Ўшанда ростан ҳам биз ўтган йилги, режа бўйича ишланган жамоани ва ғалабани кўрдик, холос.

Давомиям бор: «Манчестер Юнайтед» «кучли олтилик»дан ташқари бошқа жамоаларга қарши 13 ўйиннинг 11тасида ғалаба қозонган. «Лестер» билан дуранг (қайсидир маънода топ рақиб) ва «Кристал Пэлас»дан 1-турдаги мағлубиятдан ташқари ҳамма ўйинларда «Юнайтед» ғалаба қозонган. Агар лондонликлар билан ўйинда «МЮ» учун мавсумнинг илк расмий баҳси эканидан, яхши формада бўлмаганини эътиборга олсак, жамоа пастки жамоаларга қарши ўйинларда деярли юз фоизлик натижа кўрсата олган. Айнан шу туфайли манчестерликлар ҳозирда турнир жадвалида етакчи бўлиб туришибди. Кутилмаган ҳолат, тўғрими?

Аслида, Сульшер шогирдларининг позицион ўйинлардаги камчилиги ёки қуйи блокка қарши ҳеч нарса қила олмаслиги ҳақидаги фикрларни қувватловчи натижаларнинг бошқа объектив сабаблари ҳам бор. Масалан, эсингизда бўлса, Сульшер илк бор бошқарувга келганида, «Юнайтед» 11 учрашувдан иборат ғалабали серияни амалга оширганди. Ўшанда ҳам асосан кучсиз рақиблар бўлган, Сульшерда бундай жамоаларга қарши муаммо бўлмаганди.

Кейинчалик, ўша серияда энг самарали ўйнаган Погба жароҳат олди ва «МЮ»нинг натижалари ёмонлашди. Погбанинг таркибдан четда қолиши ўтган мавсумда ҳам давом этди. То Бруно Фернандеш келиб, ўйиндаги креативликни ўз қўлига олмагунча, «Юнайтед» муаммоли жамоа бўлиб қолаверди. Топ-рақибларга қарши ўйинларда эса, ростан ҳам жамоа қарши ҳужумга, Рэшфорд ёки Жеймснинг тезлигига ишонишга мажбур қоларди.

Бу Сульшернинг ақли етган ягона қурол бўлганидан эмас, бошқа илож ҳам йўқлигидан. Мураббий Бруно тимсолида креатив футболчига эга бўлди, Погба қайтди, натижада «Манчестер Юнайтед» айнан кучсизроқ жамоаларга қарши ўзини қулай ҳис қилишда давом этмоқда. Юқорида тилга олинган «Кристал Пэлас» Фернандеш келганидан буён, «Юнайтед»ни мағлуб этган ягона ўртамиёна жамоадир.

Демак, энди «Манчестер Юнайтед»дан фақат топ-ўйинларда яхши ўйнаб, кўпинча аутсайдер билан қийналадиган жамоа статусини олиб қўявериш керак. Аксинча.

Ҳимояда ишончли Гвардиола

Одатда, Пеп Гвардиола ҳаддан ташқари кўп эътиборини ҳужумга қаратади. Бу унинг жамоалари ўйинини жуда томошабоп ва ҳужумкор қилса-да, кўп марта панд ейилганини ҳам кўрганмиз. Манчестерда мураббий ҳар йили икки маҳал қимматбаҳо ҳимоячиларни сотиб олишда давом этган бўлса-да, барибир урғу юқори прессинг ва ҳужумларга қаратилар, айниқса, Венсан Компанининг кетиши, ҳимоя марказида доимий тандемнинг йўқлиги «Сити»нинг жуда кўп керакмас голларни ўтказиб юборишига олиб келарди. Ҳужумдаги юқори самарадорлик бу муаммони имкон қадар ёпар ва «Сити» «қўлдан келганча уринг, биз хоҳлаганимизча урамиз» иборасини шиор қилиб олгандек эди.

Инсайдерларнинг айтишича, аслида Пеп бундан ҳам «тентакроқ», ҳужум борасида радикалроқ бўлган. Фақат инглиз футболига бегона бўлмаган Артетанинг таъсири Пепни кўп кескин қарорлардан қайтариб турган. Артетанинг «Арсенал»га кетиши ва энди Пепга ёрдамчи сифатида унинг собиқ устози, янада «тентакроқ» бўлган Хуанма Лильонинг келиши янги мавсумда бутунлай бошқача «Манчестер Сити»ни намойиш қилиши керакдек эди. Ҳозир эса...

«Манчестер Сити» АПЛда 17 ўйинда атиги 29 гол урди. Бу лигада 8-кўрсаткич, шунақасини кўрганмисиз илгари? Бир ўйинда ўртача 1.70 голдан тўғри келади. Бу ҳам охирги турда «Кристал Пэлас»га урилган 4 гол туфайли, олдинроқ бу кўрсаткич 1.56га тенг эди.

Пепнинг олдинги тўрт мавсумида бу кўрсаткич 2дан пастга тушмаган. Ўтган мавсумда 2.68, ундан олдин 2.50, олдингисида 2.78 бўлганди. Ҳатто Пепнинг энг омадсиз ҳисобланган илк мавсумида ҳам «Сити» ўртача 2.10 кўрсаткични қайд этган.

Жорий мавсумда «Манчестер Сити»нинг лигада энг кўп гол урган футболчиси Раҳим Стерлинг, унинг ҳисобида 5 гол бор. Аутсайдер ва мавсумда фақат бир ғалабага эришган «Шеффилд» тўпурари Дэвид Макголдрик ҳисобида ҳам шунча. Тасаввур қилинг, ҳатто «Астон Вилла», «Саутҳемптон», «Ньюкасл», «Брайтон» каби жамоаларнинг тўпурарлари ҳисобида кўпроқ гол бор.

Гап фақат «Сити» кам гол ураётганида эмас, бу муаммога Пеп Гвардиоланинг ечими қандай бўлаётганида. Айтайлик, самарадорлик пасайишининг кўриниб турган сабаблари бор – Агуэро анчадан бери ё жароҳатда, ё формада эмас, Жезус энг тиғиз сўнгги ойларда вирусдан даволанди. Таркибда бирорта ҳам ҳужумчи қолмагач, албатта, голлар камайиши турган гап. Аммо Гвардиола ҳозир очиқ трансферлар ойнасида турган бўлса-да, Агуэрога ўринбосар ёки Жезусга рақобатчи қидиришни ўйламаяпти ҳам. Энди ечимга бошқа йўлдан борилмоқда – ҳимояда ишончли ўйнаш.

Мавзунинг иккинчи қисмига келамиз. Мавсум бошида «Манчестер Сити» «Лестер»дан 2:5 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Ўша беш голдан сўнг, кейинги 15 ўйинда жамоа атиги 7 марта гол ўтказиб юборди, 9 ўйинда ўз дарвозасини дахлсиз сақлади. Барча мусобақаларда охирги 8 ўйинда атиги 2 гол қўйиб юборилди. Бири «Арсенал»дан 4:1 ҳисобида ютилган кубок ўйинида, иккинчиси «Челси»ни 3:0 ютаётиб, сўнгги дақиқаларда. Яъни бугунги «Манчестер Сити»га гол уриш жуда қийин бўлиб кетди, айниқса, Стоунз – Диаш жуфтлиги ҳақиқий қўрғонга айланди. Гап фақат алоҳида номларнинг индивидуал ҳаракатларида эмас, умуман, «Манчестер Сити» прессинг зонасини бироз орқага сурди, айниқса, топ-ўйинларда анча эҳтиёткор ўйнай бошлади. Қайсидир маънода «Лестер» ва «Тоттенҳэм»га қарши ўйинлардаги муваффақиятсизликлар Гвардиолани конспектларини қайта кўриб чиқишга ундагандир.

Ишончли ҳимоя албатта, «Манчестер Сити»ни жиддий кучга ва АПЛ пешқадамига айлантирди. Айниқса, масофавий турнирларда бу муҳим. Ҳимоядаги ишончли ўйин рақибнинг имкониятини икки баробар пасайтиради. Авваллари ўтказиб юбориладиган кераксиз голлар рақиб жамоага ишонч ва умид бериб, оқибатда «Сити» очколар йўқотган бўлса, ҳозир ундай эмас. Ҳимоя яхши ушланса, албатта, Де Брюйне ва шериклари олдинда керакли голларни уриш имкониятини топишларига шубҳа йўқ.

Лекин масаланинг бошқа томони шундаки, алоҳида ўйинларда, айтайлик Чемпионлар Лигасидаги кучли рақиблар билан муҳим баҳсларда ишончли тўп сура олиш учун доимий тўпурар футболчи зарур. Бу масала ҳали ечилмаётгани якунда «Манчестер Сити»га панд бериши ҳам мумкин. Балким ЕЧЛдаги мағлубиятларида («Монако», «Тоттенҳэм», «Ливерпуль», «Лион») айнан ҳимоядаги хатолардан азият чеккан Пеп Гвардиола бу сафар бошқа йўлдан бормоқчидир?

Қ.Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар