O'zbek Ўзбекча
Ўзбекистон миллий жамоаси Арманистон клубига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади
Пайшанба, 14 Январ
5634

Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичи ўйинларига тайёргарлик доирасида февраль ойида Дубайда ўқув-машғулот йиғини ўтказади. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаровнинг Tribuna.uz мухбирига маълум қилишича, миллий жамоанинг 30 март кунги Яманга қарши ўйинга тайёргарлик доирасида февраль ойида Дубайда Иордания ва Арманистон клубига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиш борасида келишувга эришилган.

«Иордания миллий жамоаси битта эмас, иккита ўйин ўтказишни сўради. Аммо ўзимиз уларга қарши фақат битта ўйинда майдонга тушишни истадик. Шунингдек, ҳозирча, Дубайда Арманистон клуби билан ҳам ўйин ўтказишимиз аниқ бўлди», - дейди Азиз Ҳайдаров.

Аввалроқ, Вадим Aбрамов бошчилигидаги миллий жамоамиз 8-18 февраль кунлари Дубай шаҳрида машғулот олиб бориши ва йиғин доирасида учта ўртоқлик ўйини ўтказилиши режалаштирилгани маълум қилинганди. Хусусан, 15 февраль куни миллий жамоа аъзолари БAA футбол ассоциацияси майдонида Иордания миллий жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Маълумот учун, аввалроқ Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасидаги Яманга қарши ўйини тақвимда кўрсатилганидек сафарда эмас, 30 март куни Тошкентда ўтказилиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар