O'zbek Ўзбекча
«Женоа» президенти: «Шомуродов «Юве»да? Бу борада қароримиз қатъий»
Якшанба, 10 Январ
43570

«Женоа» клуби президенти Энрико Прециози calciomercato.com мухбирининг «Ювентус» Элдор Шомуродовга қизиқаётгани ҳамда Кевин Стротман Генуяга келиши мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб қайтарди. 

«Ҳозирги вазиятимизда таркибни фақат кучайтирамиз. Қишки трансфер ойнасида ҳеч ким кетмайди, фақат янги футболчилар келишади. Ҳа, Кевин Генуяга келади. Мен уни жуда яхши билганим учун ҳам Стротманнинг жамоамизга келаётганидан хурсандман.

Клуб хўжайини Шомуродовнинг январда клубни тарк этиши мумкинлигини навбатдаги марта рад этди: «Бу борада қароримиз қатъий – Шомуродов Генуяда қолади. У ҳеч қаерга кетаётгани йўқ. «Ювентус» билан ҳам расмий ҳеч нарса йўқ», - дея Энрико Прециози сўзларини келтирмоқда calciomercato.com.

Аввалроқ, Генуя клуби хўжайини «Footballnews24.it» мухбири билан суҳбатда ҳам Элдорнинг қишки трансфер ойнасида жамоани тарк этмаслигини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, TuttoSport нашри Элдор Шомуродов А Сериянинг амалдаги чемпиони «Ювентус» сафига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Нашрда қайд этилишича, Турин клуби спорт директори Фабио Паратичи жамоа сафида ижара асосида тўп сураётган Альваро Мората ўрнига Шомуродов номзодига қизиққан. Энрико Прециози эса «Юве» раҳбарияти билан яхши алоқада.

Маълумот учун, ўзбекистонлик 25 ёшли форвард ўтган мавсумда «Ростов»дан «Женоа»га 7,5 миллион евро эвазига ўтганди. Элдор Италия А Серияси жорий мавсумида 11 ўйинда майдонга тушиб, 2та гол ва 2та ассистга муаллифлик қилган. 25 ёшли форвард сўнгги уч ўйинда жамоасининг энг яхши ўйинчисига айланди. Футболчининг генуяликлар билан амалдаги шартномаси 2025 йилга қадар имзоланган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар