O'zbek Ўзбекча
«Роналдунинг Туринга келишини ҳам биринчилардан бўлиб Tuttosport ёзганди». «Ювентус»нинг Шомуродовга қизиқиши – қанчалик ишончли?
Жума, 08 Январ
17747

«2021 йилдаги биринчи чиқишим Элдор Шомуродовнинг «Ювентус»га ўтиши мумкинлиги ҳақида», - дея сўз бошлайди россиялик журналист ва инсайдер Нобель Арустамян. 

Кўпчилик бугунги сарлавҳаларга ҳазиломуз муносабатда бўлди, аслида эса унда ҳақиқатнинг ҳам улуши бор. Италияда январь ойидаги трансфер бозори ҳар доим кутилмаган номларга бой бўлади. Айниқса, «Ювентус» билан боғлиқ хабарлар. Яқинда Хитойда юрган 35 ёшли Грациано Пеллени «кекса синьоралар» билан боғлаган бўлишса, унгача унинг тенгдоши Фернандо Льоренте ёки ундан ҳам ёши каттароқ, фаолиятини якунлаши кутилаётган Фабио Квальярелланинг Туринда пайдо бўлиши ҳақида ёзилганди.

«Ювентус» бу номзодларни кўриб чиққанки, бундай хабарлар урчимоқда. Ҳар ҳолда Андреа Пирло клуб раҳбарлари олдига аниқ талаб қўйган: жамоа форвард сотиб олиши керак. Чунки амалдаги чемпион ҳужум чизиғида Роналду, Мората ва Дибаладан бошқа ҳеч ким йўқ.

Хўш, Шомуродов ҳақидаги хабарларга ишонса бўладими?

Манба – Италияда катта нуфузга эга бўлмаган Tuttosport газетаси. Уларни энг ишончли манбалардан деб бўлмайди. Аммо муҳим жиҳати шундаки, бу Туринда фаолият олиб борадиган медиа ва улар «Юве» клуби ичкарисида бўлаётган муҳокамалардан кўпроқ хабардор.

2018 йилда Роналдунинг «Реал»дан «Ювентус»га ўтиши ҳақида биринчилардан бўлиб айнан Tuttosport ёзган ва ўшанда кўпчилик бу хабарни жиддий қабул қилмаган бўлса-да, охир-оқибат Криштианунинг Туринга трансфери амалга ошганди.

Шундай экан, ушбу манба ҳар доим ҳам ёлғон маълумот тарқатувчи эмас. Аминманки, Шомуродовнинг исми муҳокамаларда янграган.

Иккинчи фактор – футбол агентлари Валерио ва Габриэле Жуффридалардир. Бу ака-укалар Миранчукнинг «Аталанта»га мослашиб кетишига ёрдам беришди, Шомуродовнинг ҳам «Женоа»га ўтишига ҳисса қўшишганди. Иккаласи ҳам «Ювентус» спорт директори Фабио Паратичи билан яқин алоқада. Ҳозирда Валерио ва Габриэле – Шомуродовнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ProSport Management’нинг ҳамкори саналади.

Ниҳоят, Элдор «Женоа»да муносиб ўйин намойиш этмоқда. У Генуяга келганига ҳали кўп бўлгани йўқ, аммо иккита гол билан ҳам ҳозирнинг ўзидаёқ жамоанинг энг яхши форварди сифатида гавдаланмоқда.

Фикримча, Шомуродов ҳозирнинг ўзидаёқ «Ювентус»га ўтиши – эҳтимоли кам бўлган сюжет. Сабр қилинг, клуб атрофида яна бошқа номлар ҳам пайдо бўлишини кўрасиз.

Ушбу масалада ProSport Managment президенти Герман Ткаченко билан боғладим. У «Юве» томонидан аниқ қизиқиш бўлганлигини изоҳлашни истамади. Унинг фикрича, айни дамда Шомуродовга трансфер керак эмас. У тобора «Женоа» ўйинига мослашиб, ўзини яхши ҳис қилишни бошлади. Муҳитни ўзгартириш вақти эса келгани йўқ. 

Хулоса ўрнида Ткаченко тан олди: «Элдор ҳозиргидек ўйнашда давом этса, вақт ўтиб албатта Италиянинг энг катта клубларига ўтади».

Теглар

Ўхшаш янгиликлар