O'zbek Ўзбекча
«Суперлигага чиқиш учун тайёргарликни ҳозирдан бошлаш керак». Даврон Файзиев «Бухоро»нинг дастлабки режалари ҳақида
Чоршанба, 06 Январ
2552

«Бухоро» жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Даврон Файзиев Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда дастлабки режалари ҳақида тўхталди.

2019 йилги мавсумда «Динамо» клуби бош мураббийлигини тарк этгач, 2020 йилги мавсумда «Қўқон-1912» жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовга ёрдамчи сифатида фаолият юритган Даврон Файзиев 2021 йилдан фаолиятини яна бош мураббий сифатида давом эттирадиган бўлди.

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов ва клуб бош директори лавозимига иш бошлаган Жамол Aлимов билан учрашган Даврон Файзиев янги жамоаси билан шартнома имзолаб, «Бухоро» клуби бош мураббийи сифатида иш бошлади. Мураббий олдига «Бухоро» жамоасини 2021 йилда Суперлигага олиб чиқиш вазифаси қўйилган. 

«Про лигадан Суперлигага чиқиш учун тайёргарликни ҳозирданоқ бошлаш керак бўлади. Шу боис 8 январь кунидан Бухорода янги мавсумга тайёргарлик кўришга киришамиз. Биласиз, бу йил Про лигадан Суперлигага чиқиш учун жиддий кураш кечади. Шунга яраша таркибни кучайтириб, ўз олдимизга қўйилган вазифа – Суперлигага чиқиш учун кураш олиб борамиз. 

Бухородаги йиғиндан кейин Фарғонада ўтадиган «Ҳоким кубоги» мусобақасида иштирок этишни режалаштирганмиз. Бу турнирда спарринг рақиблар кўп бўлади, бу ўйинлар дастлабки тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. 

Албатта, ўртоқлик ўйинлар орқали таркибни ҳам шакллантириб борамиз. Янги футболчилар? Ҳали ном-ном айтишни истамасдим. Кўз остимга олиб қўйган футболчилар билан шартнома имзоласак, бу ҳақда гапириш мумкин бўлади. Тез орада келишувга эришишимизга умид қилаяпман», - дейди Даврон Орипович Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

Даврон Файзиевга мураббийлар штабида бухоролик маҳаллий мутахассислар – Мирислом Ҳасанов, Суҳроб Қобилов ва дарвозабонлар мураббийи Нурилло Ҳабибов ёрдам берадиган бўлди. 

Эслатиб ўтамиз, «Бухоро» жамоаси 2020 йилги мавсум якунига кўра, 26 ўйинда 1 ғалаба, 11 дуранг ва 14 марта мағлубиятга учраб, 14 очко билан сўнгги 14-ўринни эгаллаб, Суперлигани тарк этганди. Жамоанинг ўтган мавсумдаги мураббийлари Жамшид Саидов ва Александр Хомяков клубни тарк этган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар