O'zbek Ўзбекча
Руслан Нуриддиновнинг дисквалификацияси муддати тугади. У Осиё чемпионатига тайёрланмоқда
Сешанба, 05 Январ
3886

Антидопинг қоидаларини бузгани сабаб 2 йилга спортдан четлатилган оғир атлетикачи Руслан Нуриддиновнинг дисквалификация муддати 2020 йилнинг декабрида тугади. У ҳозирда терма жамоа билан бирга Чирчиқда шуғулланмоқда.

Руслан Нуриддинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда айтишича, унинг адвокатлари ўтган икки йил ичида Спорт арбитраж судига зарур ҳужжат ва маълумотларни етказиш ишлари билан шуғулланишган, унинг 2012 йилдан кейинги барча мусобақалари ҳамда Рио-2016 олимпиадасида топширган қони қайта текширилган, натижалар манфий (тоза) чиққан. Натижада Лондон олимпиадасида эгалланган 4-ўрин бекор қилинган, бошқа барча медаллари ва рекордлари унинг ўзида қолган.

У ҳозирда 2021 йилнинг апрелида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган Осиё чемпионатига жиддий тайёргарлик кўрмоқда.

«Энди мен барча мусобақаларда қатнашишим мумкин. 6-7 ойдан бери машғулотларда иштирок этяпман. Ҳозирги кунда Чирчиқда терма жамоа билан бирга шуғулланяпман. Жисмоний ҳолатим яхши.

Ҳозирча Токио олимпиадасига лицензиям йўқ. Лицензия олиш учун бундан буён мусобақалар етарлича бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки пандемия сабабли лицензияга очко бериладиган айрим мусобақалар бекор қилиниши эҳтимоли катта. Хусусан, апрел ойида бўладиган Осиё чемпионатидан кейин барча квалификация мусобақаларини бекор қилишлари мумкин. Шу боис лицензия олиш имконияти деярли мавжуд эмас.

Лекин кутамиз. Ҳаммаси пандемияга боғлиқ бўлиб турибди. Қачонки, мусобақалар масаласига аниқлик киритилса, шундан кейин бир хулосага келса бўлади.

Ҳозир олдимиздаги энг катта мусобақа бу Осиё чемпионати. У ҳам квалификацион мусобақа ҳисобланади. Ундан ташқари, лицензияга очко бериладиган яна бир неча турнирлар бўлиб ўтади. Лекин уларнинг қайси саналарга қўйилиши ҳозирча номаълум.

Олимпиадага тўғридан тўғри йўлланма олиш учун рейтинг бўйича топ-8 рўйхатга кириш керак. Лекин мен икки йил давомида мусобақаларда қатнашмадим. Шу боис, ҳозир квалификация рейтингида йўқман. Шунингдек, биргина Осиё чемпионати билан ҳаммаси ҳал бўлиб қолмайди. Агарда турнирлар кўпроқ ўтказилса, уларда кўпроқ рейтинг очколарини тўплаб, юқори поғоналарга кўтарилишга ҳаракат қиламан.

Олимпиада бўлмаган тақдирда ҳам бу йил жаҳон чемпионати, келаси йилда Осиё ўйинлари бор. Олдинда Париж-2024 олимпиадаси ҳам турибди. Хуллас, йирик мусобақалар кўп. Уларда қатнашиб, мухлисларни қувонтириш учун бор кучимни сарфлайман», дейди Руслан Нуриддинов.

Маълумот учун, Руслан Нуриддинов 2012 йилда Лондондаги Олимпия ўйинларида 105 килограмм вазн тоифасида 4-ўринни қўлга киритган. 2016 йилги Олимпиадада эса силтаб кўтаришда олимпия рекордини (237 кг) ўрнатган ҳолда олтин медалга эга чиққанди.

2018 йилнинг декабрида Лондон олимпиадасидаги допинг таҳлиллари мусбат чиқиши натижасида беш нафар оғир атлетикачи, шу жумладан, ўзбекистонлик Руслан Нуриддинов ҳам спортдан четлатилганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар