O'zbek Ўзбекча
Месси ва Салоҳ бешликдан ташқарида. 2020 йилнинг энг сермаҳсул 10 футболчиси
Якшанба, 03 Январ
10927

2020 йил футболда коронавирус пандемияси туфайли юзага келган узоқ танаффус билан ёдда қолди. Шунга қарамай, мавсумнинг мажбурий тўхталишлари супертўпурарларни тўхтата олгани йўқ. Қуйида 2020 йилнинг энг яхши голеадорлари ўнлиги билан танишинг.

10. Патсон Дака
Клуби: «Ред Булл Зальцбург»
Натижаси: 36 ўйин, 25 гол

Йилнинг энг сермаҳсул футболчилари ўнлигини Австриянинг «Ред Булл Зальцбург» ҳужумчиси Патсон Дака очиб берган. Замбиялик 22 ёшли форвард «Боруссия» Дортмундга йўл олган Эрлинг Ҳоландга муносиб ўринбосар бўла олди. Ёш ҳужумчи 2020 йилда майдондаги ҳар 95 дақиқада гол урган.

Октябр ойида ушбу футболчига «Манчестер Сити» қизиқиш билдирганди. «Шаҳарликлар» жамоани ёзда тарк этиши кутилаётган Серхио Агуэрога ўринбосар сифатида айнан Дакага эътибор қаратган. Transfermarkt портали африкалик голеадорни 20 миллион еврога баҳолаган бўлса-да, «РБ Зальцбург» ёш тўпурари учун кўпроқ сўраши аниқ.

9. Лионель Месси
Клуби: «Барселона»
Натижаси: 44 ўйин, 26 гол

Голеадорлар орасида доим етакчи ўринларда кўриб ўрганганимиз Лионель Месси учун 2020 йил жуда оғир ва асабий ўтди. У «Барса» сафида Чемпионлар лигаси чоракфиналида «Бавария»дан шармандали 2:8 ҳисобида мағлуб бўлиб турнирни тарк этди, Ла Лигада эса чемпионлик «Реал»га топширилди. Мессининг самарадорлиги ҳам пасайиб кетди. 33 ёшли аргентиналик ўйиндан 18та, пенальтидан эса 8та гол уриб, жами 26та гол билан йил голеадорлари ўнлигидан жой олди.

«Барса» сардори ҳар бир голи учун ўртача 151 дақиқа сарфлаган. Шунга қарамай, аргентиналик форвард бир клубда урилган голлар сони бўйича футбол қироли Пеленинг рекордини янгилашга муяссар бўлди. Месси «Вальядолид»га қарши сафар ўйинида каталонияликлар сафидаги 644-голини ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

8. Муҳаммад Салоҳ
Клуби: «Ливерпуль»
Натижаси: 44 ўйин, 26 гол

Мисрлик тўпурар учун мавсумнинг биринчи қисми самарадор ўтди, дейиш қийин. У январ ойидан июнгача 8та голга муаллифлик қилганди. Аммо «Ливерпуль» билан узоқ кутилган чемпионлик нишонлангач, 2020 йилнинг иккинчи қисмида яхши тезлик олди – Салоҳ ҳозирга келиб АПЛдаги 14 ўйинда 13та гол уришга эришди. Яқинда Британиянинг Mirror нашри Муҳаммад Салоҳни ўз талқинига кўра, АПЛнинг 2020 йилдаги энг яхши футболчиси деб топди.

7. Килиан Мбаппе
Клуби: «ПСЖ»
Натижаси: 36 ўйин, 26 гол

Франциялик ёш форвард 2020 йилда Чемпионлар лигаси ғолиблигига жуда ҳам яқин келганди, аммо «ПСЖ» финалда «Бавария»га кичик ҳисобда мағлуб бўлди. Йил якунида эса Париж клуби бош мураббийи Томас Тухель истеъфога чиқарилди.

Декабр ойи бошида Мбаппе «Истанбул» дарвозасига Чемпионлар лигасидаги 20-голини йўллаб, бу натижага 21 ёш-у, 11 ойда эришиб, Мессига тегишли рекордни янгилаганди. Шу тариқа, Килиан бундай натижани қайд этган энг ёш футболчига айланди. Мбаппега харидор бўлган Европанинг гранд клублари ҳар нарсага тайёр бўлса-да, футболчи «ПСЖ»ни тарк этиш масаласида ота-онасининг фикри унинг учун муҳим бўлишини айтиб ўтди.

6. Бруну Фернандеш
Клуби: «Манчестер Юнайтед»
Натижаси: 50 ўйин, 28 гол

Бир йил аввал «Спортинг»дан «МЮ» сафига келиб қўшилган португалиялик футболчи янги жамоасига тезда мослашиб, клубида яққол етакчига ҳам айланишга улгурди. Фернандеш «қизил иблислар» либосида АПЛнинг 29 ўйинида ўз ҳисобига 18та гол ва 14та голли узатмани ёзиб қўйди. Бу эса Бруну жамоасининг ҳар ўйиндаги ўртача битта голига иштирок этаётганини англатди.

Брунунинг ўйини ҳаттоки «МЮ» афсоналаридан бири Пол Скоулзнинг ҳам эътирофига сазовор бўлди. «Бруну «МЮ»га келганидан буён клуб қарийб «Ливерпуль»дек очко жамғаришга эришди. Фернандешнинг статистикаси шунчаки ақлбовар қилмас даражада. У ўйин борасида мендан фарқ қилса-да, уни ўзимдан зўрроқ ўйинчи деб биламан. Бруну мендан кўпроқ гол урмоқда, кўпроқ вазиятлар яратмоқда. У билан ёнма-ён ўйнашни истаган бўлардим, Фернандеш ажойиб футболчи», дейди Скоулз.

5. Эрлинг Ҳоланд
Клуби: «Боруссия» Дортмунд
Натижаси: 32 ўйин, 33 гол

Норвегиялик ҳужумчи «Боруссия» ўйинига узукка кўз қўйгандек мос келди – 2020 йил Ҳоланд учун кутилганидан ҳам муваффақиятлироқ ўтди. Ноябр ойида норвегиялик иқтидор Европанинг энг яхши ёш футболчиси сифатида Golden Boy совринига лойиқ топилди. Эрлинг ҳозирги маррада тўхтаб қолмоқчи эмас. У Чемпионлар лигаси ғолиблиги ва «Олтин тўп»ни орзу қилиши ҳақида айтиб ўтди. Дортмундликлар етакчиси жароҳатидан тузалиб, тез орада майдонга қайтишга тайёр бўлади.

4. Чиро Иммобиле
Клуби: «Лацио»
Натижаси: 39 ўйин, 34 гол

Ўтган йилнинг август ойида италиялик голеадор Роберт Левандовски ва Криштиану Роналдуни ортда қолдириб, «Олтин бутса»га эга чиқди. Чиро 2019/20 йилги мавсум якунларига кўра, 36та гол билан Европанинг энг яхши тўпурарига айланди. Жорий мавсумда эса Иммобиленинг натижаси бироз пасайган. А Серияда 13 ўйинда 10та гол урган «Лацио» ҳужумчиси тўпурарлар пойгасида 12тадан гол урган Роналду ва Лукакудан ортда қолмоқда, бир ойдан буён жароҳат туфайли майдонга туша олмаётган Ибраҳимовичда ҳам 10та гол. Дарвоқе, Чиро Златандан ўрнак олиб, ҳали узоқ вақт футбол ўйнамоқчи эканлигини маълум қилди.

3. Ромелу Лукаку
Клуби: «Интер»
Натижаси: 47 ўйин, 35 гол

«Манчестер Юнайтед»ни тарк этган бельгиялик форвард ниҳоят ўз жамоасини топди. Ромелу 2020 йилда «Интер»да ўзини кўрсата олди ва ҳар 107 дақиқада ўз номини таблога ёздирди. 27 ёшли форвард яқинда ўзини жаҳоннинг энг кучли беш форвардидан бири деб атади. «Ҳужумчиларни 1-5-ўринларга қўйиб чиқишни истамасдим, аммо ўзимни энг кучли 5 форвард орасига киритаман. Моуриньо жамоавий ўйинга яхшироқ мослашишимга ёрдам берганди. Моуриньонинг ҳозирда Ҳарри Кейн билан қандай натижага эришаётганига назар ташланг», дейди Лукаку.

2. Криштиану Роналду
Клуби: «Ювентус»
Натижаси: 39 ўйин, 41 гол

35 ёшига қарамай португалиялик форвард ҳали ҳамон ажойиб спорт формасида. Роналду 10 ўйинда 12та гол уриб, А Серияда тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда. Бир неча кун аввал Криштиану Globe Soccer Awards талқинига кўра XXI асрнинг энг яхши футболчиси деб топилди. «Юве» голеадори ўзини яхши ҳис қилаётгани ва яна бир неча мавсум тўп суриши ҳақида айтиб ўтганди.

«Ҳали яна кўп йиллар давомида тўп суришда давом этмоқчиман. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Сенда мотивация кучли бўлса, неча ёшдалигинг муҳим эмас. Олдинда ёрқин келажакни кутяпман ва бундан жуда ҳам хурсандман», дейди Роналду.

1. Роберт Левандовски
Клуби: «Бавария»
Натижаси: 39 ўйин, 45 гол

«Бавария»нинг польшалик форварди 2020 йилнинг энг сермаҳсул футболчисига айланди. Натижада, Левандовски ФИФА томонидан йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Шунингдек, яна бир қатор нашрлар Робертни йил лауреати сифатида эълон қилган бўлса, спорт журналистлари халқаро ассоциацияси футболчини «йил спортчиси» номига муносиб кўрди. Левандовски сўровномада «Формула-1» пойгачиси Льюис Ҳэмилтон ва теннисчи Рафаэл Надал сингари ажойиб спортчиларни ортда қолдира олди. Умуман олганда, якунланган йил Левандовски фаолиятидаги энг муваффақиятлиси сифатида ёдда қолди.

Ўхшаш янгиликлар