Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд жароҳатидан тузалиб сафга қайтган.
Клуб спорт директори Михаэль Цорк норвегиялик форварднинг Бундеслига 14-тури доирасидаги «Вольфсбург»га қарши ўйинда майдонга тушиши мумкинлигини маълум қилди. Ушбу баҳс 3 январь куни Дортмундда ўтказилади.
«Ҳоланднинг тикланиш жараёни муваффақиятли ўтди. У сафга қайтди ва кейинги ўйинга майдонга тушишга тайёр», - дейди Цорк Bild билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, 20 ёшли ҳужумчи «Боруссия»нинг сўнгги 7 учрашувини ўтказиб юборди. Эрлинг жорий мавсумда 14 ўйинда 17та голга муаллифлик қилган.