O'zbek Ўзбекча
«Насаф»нинг ёшларга таянган сиёсати тўғри эканлигига амин бўлдим». Рўзиқул Бердиев чемпионлик учун кимлар кераклиги ва Арвеладзе ҳақида 
Якшанба, 27 Декабр
4482

ЎФА тақдирлаш маросимида «Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши мураббийи» номинациясида ғолиб бўлган Қаршининг «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев мухбиримиз билан суҳбатда қувончини яширмади.

- Бугунги маросимдан жуда ҳам хурсандман, чунки жамоам кўп совринга эга чиқди. Айниқса, ёш ўйинчиларим бугунги эътирофларга лойиқ эдилар, деб ўйлайман. Шу боис бундан жуда ҳам хурсандман. Клубнинг ёшларга ишонч билдириш сиёсати тўғри эканлигига бугун яна бир карра амин бўлдим. Чунки ёшлар билан Суперлигада 2-ўринни олганимизга ва уларнинг ўсишига бизнинг ҳам ҳиссамиз борлиги хурсанд қилади.

Энг яхши мураббий? Шота Арвеладзенинг ҳам меҳнатларини эътироф этиш керак. У Суперлигада бежизга энг яхши мураббий деб топилмади. Чунки Арвеладзе келганидан кейин «Пахтакор»да ҳақиқий ўзгаришлар бўлди, ҳар томонлама. Олдин ҳам яхши ўзгаришлар бўлган, аммо Шота келгач «Пахтакор»нинг профессионаллик даражаси яна ҳам ўсди. Унинг натижаси ҳамма ишларни кўрсатиб турибди. ОЧЛда ҳам «Пахтакор» муносиб ўйин кўрсатди. 

- «Насаф»дан анчадан буён кўпчилик чемпионликни кутмоқда. Клуб ёшларга ишонишда давом этадими ёки кейинги мавсумда чемпионлик вазифаси қўйиладими?
- Биз 2-3 йилдан буён ўз ёшларимизга ишониш йўлига ўтиб бўлдик. Биласиз, футбол мактабимиз бор, ёшларни тарбиялаш борасида катта маблағ ажратилган. Иқтидорли ёшларимиз кўп, уларга имконият берилиши керак. Ўз ишимиздан кўнглимиз тўлаяпти. 

Чемпионлик учун курашиш учун нима қилиш керак? Энг асосийси жамоамизнинг ҳозирги ўзагини сақлаб қолишимиз лозим. Кейин таркиб яна кучайиши керак. Биласиз, бу ишлар фақат мураббийга боғлиқ масала эмас. Мақсадга яраша молиявий имконият яхши бўлиши керак. Таркибда тажрибали футболчилар бўлиши шарт. Аммо кўриб турибсиз, ҳали бизда бу ишлар кутилган даражада эмас. Шу боис клуб сиёсати ёшларга таянган ҳолда давом этаяпти. 

Эсласангиз, 2017 йилда ҳам биз чемпионлик учун курашишда деярли етилгандик, аммо кўп етакчиларимизни қўлдан чиқардик. 2020 йилда ҳам биз чемпионлик таркибини деярли тайёрладик, тасаввур қилинг, мана шу таркибга 2-3 нафар тажрибали футболчилар қўшилса, «Насаф» бош соврин учун курашадиган жамоага айланади, - дейди Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги энг яхши мураббийи.

Аввалроқ, мураббий Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда 8 нафар футболчининг шартномаси якунлангани ва улар билан келишув ҳали узайтирилмагани ҳақида хабар берганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар