O'zbek Ўзбекча
ФИФА Блаттерга нисбатан жиноят иши қўзғатишни сўради
Сешанба, 22 Декабр
3033

Ноябр охирларида Швейцария федерал прокуратураси Зепп Блаттер ва УЕФА собиқ раҳбари Мишел Платинига нисбатан тергов ишини кенгайтирганди. 

Футбол ассоциациялари халқаро федерацияси (ФИФА) ташкилотнинг собиқ раҳбари Зепп Блаттерга нисбатан жиноят иши қўзғатишни сўраб Цюрих кантони прокуратурасига ариза берди.

Ташкилот сайтида маълум қилинишича, Блаттер ва бошқа қатор шахслар 2016 йилда Цюрихда очилган Жаҳон футболи музейи қурилишида маблағлар асоссиз сарфланишига олиб келган шартномаларни тузишга алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Лойиҳанинг умумий харажати 500 млн швейцар франкини ташкил этган, ушбу маблағнинг 140 млн франкка яқини ФИФАга тегишли бўлмаган бинони таъмирлаш ва модернизация қилишга сарфланган. Бундан ташқари, ижара шартномаси фойдали бўлмаган шартлар асосида тузилган.

Блаттернинг адвокати Швейцария ОАВга берган интервюсида айбловларни асоссиз деб атади.

Ноябр охирларида Швейцария федерал прокуратураси Зепп Блаттер ва УЕФА собиқ раҳбари Мишел Платинига нисбатан тергов ишини кенгайтирганди.  

 Прокуратуранинг маълумот беришича, уларга нисбатан "товламачиликда гумон қилиниш" бўйича ҳам суриштирув олиб борилмоқда. Шу сабабли терговчилар 1998-2015 йилларда ФИФАни бошқарган Блаттернинг 2011 йилда ташкилот ҳисобидан Платини ҳисобига 2 млн швейцар франки (1,8 млн евро) ўтказганлиги ҳолатини ўрганмоқда. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар