O'zbek Ўзбекча
Шота Арвеладзе «Пахтакор»ни тарк этиши кутилмоқда
Душанба, 21 Декабр
12424

Грузиялик мутахассис Шота Арвеладзе Ўзбекистондаги уч йиллик фаолиятидан кейин Тошкентинг «Пахтакор» клубини тарк этиши кутилмоқда.

Tribuna.uz манбасининг хабар беришича, 47 ёшли мураббий Ўзбекистондаги 3 йиллик фаолиятидан кейин «Пахтакор» билан хайрлашишга қарор қилган. У билан бирга унинг укаси Арчил ва икки ёрдамчиси ҳам клубни тарк этиши кутилмоқда. Арвеладзе Ўзбекистон кубоги финали доирасидаги ОКМК устидан қозонилган ғалабадан кейин аксарият футболчи ва клуб ходимлари билан хайрлашган. Жамоани аксарият етакчи футболчилар ҳам тарк этиши мумкин.

«Пахтакор» клуби ҳозирча бош мураббийнинг истеъфоси ҳақида расмий маълумот бергани йўқ. Арвеладзенинг Тошкент клуби билан амалдаги шартномаси 31 декабрь куни якунига етади. 

Шота Юстинович Намангандаги финалдан кейин «Мураббийлар келади ва кетади. Шу жумладан, мен ҳам. Лекин улардан кўп нарсалар қолади. Яратилган тизим йўқ бўлмайди. Ҳамиша ишни яхшилашга уриниш керак. Энг яхши даража учун интилиш шарт», - дея гапирган эди сўнгги матбуот анжуманида.

Маълумот учун, Арвеладзе «Пахтакор»даги уч йиллик фаолияти давомида икки карра Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳибига айланган. 

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида турк нашрлари Арвеладзега Туркиянинг «Трабзонспор» клубидан расмий таклиф тушгани ҳақида хабар берган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар