O'zbek Ўзбекча
«Нефтчи»ни ҳалол меҳнат билан Суперлигага олиб чиқишади деб умид қиламан». ПФЛ раҳбари Суперлига ва Про лигада нечта клуб иштирок этиши ҳақида
Душанба, 21 Декабр
7068

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев 2021 йилда Суперлигада клублар сони оширилиш ҳақидаги гапларга жавоб берди.

«Футбол мухлислари ўртасида шу савол кўтарилишига сабабчи бўлган инсонлар орамизда бор экан, ривожланиш бўлмайди. Қуйидаги фикрларни яхшилаб ўқиб чиқишингизни ва шу савол қийнаётган инсонларга тарқатишингизни сўрайман.  

28 ноябрь куни ЎФА Ижроқўми йиғилиши бўлиб ўтди ва унда ЎзПФЛ вакилининг Суперлигада 14та, Про лигада 10та клуб иштирок этиши борсидаги таклифи тасдиқланди. «Орол» клубининг истисно тариқасида Про лигада иштирок этишига ҳамма бир овоздан рози бўлди. Йиғилишда ЎФА президенти ва Ижроқўм аъзолари иштирок этди. Кейинчалик ЎФА президентининг топшириғи билан Мурат Камалов ҳамда Дилмурод Набиев билан шахсан суҳбатлашдик. Бу инсонларнинг барчаси Президент ташаббуси тўла қўллаб-қувватланиши ва албатта ФИФА талаблари ҳурмат қилинишини маълум қилишди. 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган материалда Суперлига сўзи аллақачон Про лига қилиб ўзгартирилган. Биз ҳеч бўлмаса Суперлига ва Про лига ўртасидаги спорт принципларини ҳурмат қилишимиз керак. 

Бугунги воқеалар фонида «Нефтчи» мухлисларида кўплаб саволлар пайдо бўлгани рост. Биз «Нефтчи» клубини ҳурмат қиламиз, унинг шонли тарихи ҳақида яхши тасаввурга эгамиз. Ва умид қиламизки, унинг бугунги мухлислари ҳам Суперлигага мард бўлиб, спорт принципи билан чиқишни афзал билишади. Ўз уйида кетма-кет уч ўйинни бой берган клубнинг Суперлигада пайдо бўлиб қолиши ЎзПФЛ олиб борган шунча меҳнатни бир пул қилибгина қолмай, ҳамманинг кулгусига ҳам сабаб бўлади. 

Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидур. 2017 йил «Нефтчи» Олий лигада 15-ўринни эгаллади, аммо Суперлигада олиб қолинди (қайтага «Машъал» Суперлигадан тушириб юборилди). Бугунимиз аниқ кўрсатиб турибдики, бундан «Нефтчи» ҳеч қандай хулоса чиқармаган, ўз меҳнатлари билан элитага қайтган Машъал эса бугун ундан яхшироқ ҳолатда. Биз мана шу сабоқни унутмаслигимиз керак. 

Ҳа, айтганча, Суперлига иштирокчилари сонининг 16тага етказилиши борасидаги интрига менга икки йил аввалги ҳолатни эслатяпти. Ўшанда икки клуб сунъий равишда Суперлигага қўшилди. Аммо бу на «Динамо»га фойда келтирди ва на «Сурхон»га. Биз бу каби ишларга тўла қаршимиз. Масаланинг қизиқ тарафи шундаки, ўшанда ҳам миш-мишлар «Сурхон» ортида турган мураббий сабаб болалаганди. Бугун ўша мутахассис Фарғонада пайдо бўлиб, ишни яна интригадан бошламоқчи кўринади. Биз Хайрулла Бозоров билан суҳбатда «Нефтчи»ни ривожлантириш масаласини муҳокама қилдик. Мен бу инсонга ишонаман ва умид қиламанки, ҳаммаси табиий жараён билан рўй беради. «Нефтчи»нинг узоқ танаффусдан кейин «Истиқлол»га қайтганиёқ шунинг дебочаси эди. Дисквалификациядан қайтаётганлар эса ақл-хушларини йиғиб, ҳалол меҳнат билан «Нефтчи»ни Суперлигага олиб чиқишади деб умид билдираман. Буёғига уларга омад тилаймиз.

2021 йилги мавсум Суперлигада 14 та клуб иштирок этади!», - дея ёзади ПФЛ раҳбари телеграмдаги каналида.

Аввалроқ, дисквалификация муддати 2021 йилнинг 1 январь куни якунига етадиган Илҳом Мўминжонов «Нефтчи» бош мураббийига айланиши ҳақида хабар берилганди. 2019 йилда «Сурхон» Суперлигага олиб чиқилганда Мўминжонов Термиз клуби бош мураббийи сифатида фаолият юритганди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил бошида ҳам ПФЛ Суперлигада клублар сони оширмаслиги ҳақида бир неча марта баёнот берган бўлса-да, ЎФА қарорига кўра «Сурхон» ва «Динамо» клублари Суперлигага олиб чиқилиб, клублар сони 12тадан 14тага оширилган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар