O'zbek Ўзбекча
Миржалол Қосимов: «Кичик хато ҳам қимматга тушди. «Пахтакор»ни ҳақли ғалаба билан табриклайман»
Якшанба, 20 Декабр
2067

Ўзбекистон кубоги финали доирасидаги ОКМК -  «Пахтакор» (0:3) учрашувидан кейин дастлаб Миржалол Қосимов ўйин ҳақида тўхталди.

«Финалга жиддий тайёргарлик кўрган эдик. Кўрдингиз, биринчи бўлимда жуда ҳам яхши ҳаракат қилдик. Аммо кечаги матбуот анжуманида ҳам айтиб ўтганимдек, кичкина хато ҳам қимматга тушди. «Пахтакор» қарши ҳужумда ўз вазиятини голга айлантириб кетди. Иккинчи бўлим бошидаги иккинчи гол эса хоҳлаймизми ёки йўқ, жамоамиз футболчиларига ёмон таъсир қилди. Учинчи голни эса VAR орқали белгиланган пенальтидан кейин ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда ўйинимиз ҳам чиқмади. Ўйлайманки, «Пахтакор» бежизга чемпионликларга эришмади, таркибида сараланган футболчилар йиғилган. Уларни ҳақли ғалаба билан табриклайман. Бу футбол. 

Фикримча, бу йил ёмон натижага эришмадик. Бизни қўллаб-қувватлаб турган барчага миннатдорчилик билдираман. Мавсум ҳам чўзилиб кетди, йигитлар ҳам дам олиши керак. Ҳаммага раҳмат деб қоламан», - дея фикр билдирди Қосимов «Спорт» телеканали мухбири билан суҳбатда.

Маълумот учун, ОКМК жамоаси Суперлигада 3-ўринни олган бўлса-да, келаси мавсумда ОЧЛ саралаш босқичида майдонга тушади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар