O'zbek Ўзбекча
Англия ва Испанияда азалий рақиблар тўқнашуви, Германияда пешқадамлик кураши. Ҳафтанинг энг муҳим 6 ўйини превьюси
Шанба, 19 Декабр
4742

Ҳафтанинг дам олиш кунлари Европа миллий чемпионатларида бир қатор қизиқарли учрашувлар жой олган. Англия Премьер-лигаси ва Испания Ла Лигасида азалий рақиблар ўйини гувоҳи бўлсак, Германия Бундеслигасида пешқадамлар ўртасида етакчилик учун кураш кечади. Қуйида ҳафтанинг энг муҳим 6 учрашуви превьюси билан танишинг.

Испания Ла Лигаси. 14-тур

19 декабрь (шанба)

БАРСЕЛОНА – ВАЛЕНСИЯ
Ўйин бошланиш вақти: 20:15
ТВ-трансляция: FutbolTV

Ниҳоят, «Барселона» ғалаба қозонишни бошлади, аммо айтиш мумкинки, айниқса, «Сосьедад»га қарши ўйиндаги ғалаба у қадар ишончли кўринмади. Жамоа жуда кўп вазиятлар яратмоқда, шу билан бирга ўз дарвозаси олдида ҳам рақибга кўп имкониятлар тақдим этаяпти. Шу ўринда вазиятлардан унумли фойдаланиб, керакли голларни урадиган ва муддатидан олдин ўйин тақдирини ҳал қилиб, рақибни издан чиқара оладиган Луис Суарес етишмаяпти. Антуан Гризманн эса «Атлетико»даги совуққонлигини йўқотиб қўйгандек.

«Валенсия» турнир жадвалида 14 очко билан 13-ўринда бормоқда, лекин бундан ҳам бадтар бўлиши мумкин эди. Эсингизда бўлса, ёзда клуб инқирозга тушиб қолган ва барча етакчи футболчиларини сотиб юборишга мажбур бўлганди. Ўша пайтдаги ҳолатдан келиб чиқсак, «Валенсия»нинг бугунги эгаллаган ўрни кутилганидан ҳатто юқорироқ ҳам бўлиши мумкин. Айниқса, кучли рақибларга қарши ўйинларда «Валенсия» тарихни эсдан чиқармаган ҳолда муносиб бўла оляпти. «Реал» устидан йирик, «Сосьедад» устидан сафардаги ғалабалар сўзимизга исбот бўла олади. «Атлетико» билан ўйинда ҳам мадридликлар ягона гол эвазига устун келгандилар. Шунингдек, «Валенсия»нинг айнан «Барселона»га қарши сўнгги ўйинлари ҳам анча муваффақиятли кечганини таъкидлаш керак. Жамоалар ўртасидаги охирги беш ўйиндан атиги биттасида «Барселона» ғалаба қозонган, холос. Икки ўйинда валенсияликларнинг қўли баланд келган. Икки йил олдин «Валенсия» «Камп Ноу»да 2:1 ҳисобида ғалабага эришганди.

Англия Премьер-лигаси. 14-тур.

20 декабрь (шанба)

САУТҲЕМПТОН – МАНЧЕСТЕР СИТИ
Ўйин бошланиш вақти: 20:00
ТВ-трансляция: UzReportTV

Агар позицион ва тизимли прессинг назарда тутилса, Англияда бу борада энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган ва жамоавий ўйин пойдеворида айнан юқори прессинг марказий ўрин тутадиган жамоалар – «Манчестер Сити» ва «Саутҳэмптон»дир. Улардан бири мана шу услуб туфайли кутилганидан юқори ўринларда бормоқда, иккинчиси эса айнан маълум услуб асири бўлиб қолгани учун муаммоларга дуч келяпти. Мана шу икки жамоа мисолида биз бир нарсани исботлай оламиз – деталларгача ҳисобланган жамоавий футбол ўртача жамоани бир бош юқори сакратиб, савиялироқ рақибларга қарши муносибга айлантириши мумкин. Шу билан бирга, юлдуз футболчиларга эркинлик, ранг-баранглик, индивидуаллик ва импровизация ҳам зарур. Балким «Манчестер Сити» мана шундан азият чекаётгандир.

«Саутҳэмптон» 24 очко билан учинчи ўринда бормоқда. «Юнайтед»дан аламли мағлубиятдан сўнг, икки ғалаба ва «Арсенал» билан дурангга эришди. Яъни очколарни барқарор қўлга киритаётган «авлиёлар» бироз босимсиз тўп суришлари турган гап. «Сити»да эса вазият бироз оғир. Гвардиола шогирдлари имкон қадар пешқадамларга яқинлашиб олиши керак. Шу туфайли «Олд Траффорд»даги ўйинда ўта эҳтиёткор тактика танланганди. «Вест Бромвич» билан кутилмаган дуранг вазиятни бадтар чигаллаштирди. Агар «Сити» бу турдаям очко йўқотадиган бўлса, «Ливерпуль»дан 7-8 очкога ортда қолиб кетади. Умуман охирги 6 учрашувда «Сити»да уч дуранг ва бир мағлубият бор, мезбонларда эса йўқотишлар йўқ. «Манчестер Сити» таркибида Зинченко шу кунларда таркибга қайтиши керак. Серхио Агуэро «Вест Бромвич» билан ўйинда 14 дақиқа ҳаракат қилди. Катта эҳтимол билан у асосий таркибга қайтса керак. Зеро, Гвардиоланинг ўзи ҳам бир неча бор аргентиналик ҳужумчининг етишмаётганидан нолиганди. Жамоа АПЛ доирасидаги сафар ўйинларида охирги 5 ўйинда атиги 3 гол урди. Гвардиола каби мураббий шогирдлари учун жуда кам.

Англия Премьер-лигаси. 14-тур.

20 декабрь (шанба)

ЭВЕРТОН – АРСЕНАЛ
Ўйин бошланиш вақти: 22:30
ТВ-трансляция: FutbolTV

Гол уриш, ғалаба қозониш борасида янада аянчли аҳволда қолаётган бошқа топ клуб бор – «Арсенал». Мавсумни Англия Суперкубоги соврини ва икки ишончли ғалаба билан бошлаган Артета жамоасининг кейинги натижалари хавас қилгудек эмас, ҳатто қўрқинчли даражада умидсиз – 11 ўйинда 2 ғалаба, 2 дуранг ва 7 мағлубият. «Арсенал» АПЛ да мағлубиятлар сони бўйича фақат уч жамоадан, урилган голлар бўйича фақат икки жамоадан яхшироқ бўлиб турибди холос. Охирги 8 ўйинда атиги 3 гол урилди ва биттаси пенальтидан. Фақат Европа Лигасида гуруҳ босқичининг энг яхши жамоаси бўлингани мухлисларга таскин берар. Балки бермас.

Жуда ёмон ўтказилган ноябрдан сўнг «Эвертон» секин-аста ўзига келмоқда. Қаторасига икки етакчи жамоа «Челси» ва «Лестер» мағлуб этилди ва бу учрашувларда «Эвертон» бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади. «Арсенал» билан ўзаро ўйинлардаги статистика лондонликларнинг катта устунлигини кўрсатса-да, жамоаларнинг бугунги формаси ва «Гуддисон Парк»даги тўқнашувларнинг ҳар иккитадан биттаси мезбонларнинг ғалабаси ё дуранг билан тугашини эътиборга олсак, меҳмонларни яна бир оғир учрашув кутиб турибди. «Арсенал»нинг кейинги ўйинлари Лига Кубогида «Сити» ва АПЛда «Челси» билан дерби эканиниям эслатамиз, у ҳолда Артета ростан ҳам боши берк кўчага кириб қолгандек. Одатда бундай ҳолатлар истеъфо ёқасида турган мураббийлар учун айни муддао ҳам бўлади. Эҳтиёткорликни йиғиштириб, бор имкониятни ишга солишга уринилади. «Арсенал» айнан мана шу босқичга етиб келгани балки хавфдир. Нима бўлгандаям, жуда яхши ўйинолди сценарийсига эга бўлган учрашув бизни кутиб турибди. Артетанинг узоқ йиллар тўп сурган собиқ жамоасига қарши экани ҳам алоҳида ҳикоя. Таркибларга келсак, «Арсенал» майдон марказида муаммоларга дуч келса керак. Томас Парти жароҳат олган. Жамоа сардори Гранит Жака эса «Бёрнли»га қарши ўйинда майдондан четлатилганди, унда дисквалификация бор. Ўтган турда Габриэл ҳам қизил карточка олганди – Артета унинг ёрдамидан ҳам фойдалана олмайди. Мезбонлар сафида Аллан ва Динь ҳали машғулотларга қайтмаган бўлишса, Хамес Родригес бу ўйинга тайёр бўлиши ҳам мумкин. Бошқа тарафдан Хамеснинг йўқлиги «Эвертон»ни айнан топ рақибларга қарши ўйинларда кучлироқ қила бошлади. Жамоа эски, жисмоний форма ва прессингларга урғу берадиган услубга қайтди ва сўнгги ўйинлардаги ғалабалар балки айнан Хамеснинг йўқлиги билан боғлиқдир?

Англия Премьер-лигаси. 14-тур.

20 декабрь (якшанба)

ТОТТЕНҲЭМ – ЛЕСТЕР
Ўйин бошланиш вақти: 19:15
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

«Манчестер Сити» билан ўйин олдидан «Тоттенҳэм»ни қийин тақвим кутиб турганини, ҳақиқий синовлар энди бошланаётганини тахмин қилгандик. Айтиш мумкинки, Моуриньо бу тўсиқдан яхши ўтди – «Сити», «Арсенал», «Кристал Пэлас» ва «Ливерпуль»га қарши ўйинларда 2 ғалаба ва бир дуранг жуда яхши кўрсаткичдир. «Ливерпуль»га қарши ўйинда ҳам сўнгги дақиқаларгача дуранг сақланиб турилди, ҳатто хавфли вазиятлар борасида устунлик ҳам бўлди.

Лекин биласизми, аслида «Тоттенҳэм» учун ҳақиқий синов энди бошланяпти. Сабаби, топ рақибларнинг услуби Моуриньонинг қарши ҳужум режасига жуда мос тушади. «Лестер», «Вулверҳэмптон» каби жамоалар эса айнан Жозенинг услубига яқин тўп суришади, керакли пайтда ёпилишни билишади. Ва бу ишни «Тоттенҳэм»нинг мавсум бошидаги рақибларига нисбатан сифатлироқ амалга оширишади. Мисол учун Жозенинг ушбу мавсумда энг қийин кечган қаршилиги «Эвертон» билан бўлганини ҳам эслаш кифоя.

«Лестер» ҳам худди «Тоттенҳэм» каби қарши ҳужумларда самарали ҳаракат қиладиган ва қуйи блокка қарши муаммоларга дуч келадиган жамоадир. Ёзда ушбу жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинда «Лестер» позицион ўйнашга уринган ва лондонликлар томонидан уч бор жазоланганди. Катта эҳтимол билан ўйин ташаббускорлик билан эмас, кўпроқ рақибнинг хатосини пойлаш билан бошланса керак. Тезкор гол барчасини ўзгартириб юбориши мумкин.

Англия Премьер-лигаси. 14-тур.

20 декабрь (якшанба)

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИДС ЮНАЙТЕД
Ўйин бошланиш вақти: 21:30
ТВ-трансляция: FutbolTV/UzReportTV

Тўқсонинчи, айниқса, 2000 йиллар бошида бу тўқнашув инглиз футболининг классикасига айланган дерби бўлганди. «Лидс Юнайтед» чемпионлик учун курашган, Чемпионлар Лигасида тўп сурган пайтларда АПЛда «Юнайтед»га муносиб бўла олганди. Шунингдек, бу икки жамоани Рио Фердинанд, Алан Смит ҳамда Эрик Кантона каби юлдузлар боғлаб туради. «МЮ»нинг чемпионатда ишлари юриша бошлагани (охирги 6 ўйинда 5 ғалаба ва 1 дуранг), йўқотилган очколар бўйича ҳатто 2-ўринга кўтарилиб олгани бу учрашув аҳамиятини оширади. Ниҳоят, Сульшер «Олд Траффорд»да ҳам гол уришни, ғалаба қозонишни бошлаши зарур, акс ҳолда сафар ўйинларидаги рекордлар (қаторасига 10 ғалаба) ҳеч қандай наф келтирмаслиги мумкин.

«Лидс» АПЛ нинг энг қизиқарли жамоаларидан бири, Бьелса шогирдлари қатнашган ўйинларда жами 46 та гол урилган – фақат «Ливерпуль»да (48) каттароқ кўрсаткич холос. Айниқса топ рақибларга қарши ўйинларда «Лидс» анча ташаббускор тўп сурган, вазиятлар борасида устунликка эришган. Бир томондан «Лидс»нинг имкониятлари юқори эканини англатса-да, «Юнайтед»нинг севимли қарши ҳужумлари учун ҳам қулайдир. Статистикага қаралса, «Манчестер Юнайтед» ҳисобда олдинда борган ўйинларда ғалабани ушлаб қола олган, ҳаттоки кейинги голларни ҳам уриб, ғалабани мустаҳкамлаган. Яъни, рақиб ташаббусни қўлга олганда тезкор қарши ҳужумларга таяниш «Манчестер Юнайтед»нинг энг муваффақиятли ишлайдиган услубидир.

Рақибларда йўқотишлар йўқ, сўнгги ўйинлардаги таркиб сақланиб қолинса керак. Фақат Эдинсон Каванининг машғулотларга тўлиқ киришгани ва ўйинга тайёр бўлиши айтилди. Келаси ҳафтада «Юнайтед» Лига кубоги яримфиналида «Эвертон» билан ўйнайди. Табиийки, таркиб танлашда ўша ўйин ҳам эътибор талаб этади. «Лидс» эса илк босқичлардаёқ «Ҳалл Сити»дан мағлубиятга учраган.

Германия Бундеслигаси. 13-тур

19 декабрь (шанба)

БАЙЕР – БАВАРИЯ
Ўйин бошланиш вақти: 22:30
ТВ-трансляция: SportTV

Барча «Дортмунд» ёки «Лейпциг»нинг мюнхенликларга қаршилик кўрсатиши мумкинлиги ҳақида тахмин қилаётганда «Байер» тарихни эслаб қолди ва кутилмаганда, турнир жадвалида карвонбоши бўлиб олди. Албатта, бу ерда тасодиф йўқ, ахир «Байер» Бундеслигада 12 турдан кейин мағлубият нималигини билмай келаётган ягона жамоа бўлиб турибди. Шунчаки, леверкузенликлар дастлабки 3 турда дуранг ўйнаб, жадвалда қўйига тушиб олишганди. Кейинги 9 турда 8 ғалаба қўлга киритилди. Барча мусобақаларда охирги 4 ўйинда йирик ғалабалар, охирги уч ўйинда жамоа 4 тадан гол уришни уддасидан чиқди. Бэйли уч йил олдинги формасига қайтди, Диаби, Шик, Амири каби футболчилар юқори савиядаги футболни намойиш этмоқдалар.

Бир томондан, «Байер»нинг мағлубиятсиз юришида бошқа сабаб ҳам топиш мумкин - «Байер» ҳали турнир жадвалида пешқадам бўлган «Бавария», «Дортмунд», «Лейпциг», ҳамда «Вольфсбург» каби жамоаларга қарши майдонга тушишгани йўқ. Демак «Байер»нинг ҳақиқий синови ушбу турдан бошланади ва янги йилгача жамоа амбициялари борасида аниқ хулоса бериш мумкин.

Флик шогирдлари мавсум бошидаги каби ўта кучли кўринишмаяпти, барқарорликка путур етгандек. ЕЧЛ билан қўшганда, қаторасига 10 ўйинда ғалаба қозонган «Бавария» охирги 7 ўйиндан 4 тасида дуранг қайд этди. Буларнинг учтаси Бундеслига доирасидаги рақибларга қарши рўй берди. Маълумки, жамоа августнинг охирларигача юқори спорт формасини сақлаб туришга мажбур эди, кейинчалик Европа Суперкубоги учун ҳам баҳс бўлди. Яъни ёзнинг бошидан бери юқори жисмоний ҳолатга кирган жамоа узлуксиз олти ой мана шу темпда ўйин намойиш этиб келаётганди. Бу ҳолат ўзига яраша пасайишни ҳам эргаштириб келиши тайин эди ва катта эҳтимол билан мюнхенликлар айнан ўша даврни бошдан кечиришмоқда.

Албатта, Флик ўзига яраша кенг таркибга эга ва ротациялар орқали вазиятдан чиқиб кетиши мумкин. «Бавария» Бундеслигада анча ёмонроқ вазиятлардан ҳам чиқиб кетганини кўрганмиз. Қайсидир маънода «Байер»га қарши учрашув кейинги вазифалар учун ҳал қилувчи мақомда бўлади. «Бавария» дурангга рози бўлса ҳам, у қадар ҳайрон қолиш шарт эмас.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар