O'zbek Ўзбекча
2027 йилги Осиё кубогини қабул қилиш учун берилган ариза нега қайтариб олинганига изоҳ берилди
Шанба, 19 Декабр
6826

18 декабр куни “Тошкент ёшлар форуми – 2020” доирасида жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ёшлар билан мулоқот қилди.

У ўз чиқиши давомида футбол бўйича 2027 йилги Осиё Чемпионатини қабул қилишга берилган ариза нега қайтариб олинганлиги ҳақида изоҳ берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

“Бизда нуфузли мусобақаларни ўтказишга ҳали етарли инфратузилма шаклланмаган. Шунинг учун ҳозирча алоҳида спорт турлари бўйича кичик мусобақаларни қабул қилиш билан чекланяпмиз”,  деди Дилмурод Набиев.

Шунингдек, вазир спортда нега иқтидорларни саралаш тизими йўқлиги, истеъдодлар чеккада қолиб кетиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Ўзбекистонда шу пайтгача селекция деган тушунчанинг ўзи бўлмаган. Буни тан олиш керак. Чекка ҳудудлардаги болаларга эътибор қаратадиган тизим у ёқда турсин, шахслар ҳам бўлмаган. Спортда, футболда ўзгаришлар қилиш мақсадида вазирлик қошида комиссия тузиб, футбол жамоаси учун вилоятлардан, чекка ҳудудлардан болаларни тўпладик. Аслида, бу ишни мураббийлар, селекционерлар қилиши керак эди. Афсуски, бунақа тизим йўқлиги учун бу ишга ўзимиз киришишимга тўғри келди. Келгусида бу йўналишни тўғри йўлга қўйиб олиш бўйича чораларни олиб борамиз”, дея таъкидлади Набиев.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар