O'zbek Ўзбекча
Самвел Бабаян «Навбаҳор»да иш бошлаш арафасида. Мураббий вилоят ҳокими билан учрашади
Чоршанба, 16 Декабр
5357

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян Хитойдаги бир йиллик фаолиятидан кейин яна Ўзбекистонда фаолият бошлашга яқин.

Tribuna.uz манбасининг хабар беришича, Самвел Бабаян Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бош мураббийига айланиши мумкин. 49 ёшли мутахассис ўтган ҳафтада Тошкентда «Навбаҳор» клуби раҳбарияти ва ҳомийлари билан учрашув ўтказган. 18 декабрь куни эса Самвел Вячеславович Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов қабулида бўлиб, «Навбаҳор» клубида иш бошлаш масаласида якуний учрашувни ўтказади. Бабаян билан расман келишувга эришилса, унинг олдига «Навбаҳор» клубини 2021 йилги мавсумда совриндорлар сафига олиб чиқиш вазифаси қўйилади.

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ устози «Навбаҳор»да расман иш бошласа, шу кунгача клубни бошқарган Нўъмон Ҳасанов ва Наманган жамоаси собиқ бош мураббийи Виктор Жалилов ҳам Бабаян мураббийлар штабидан жой олиши кутилмоқда. Қайд этиш жоиз, Бабаян ва Жалилов 1996 йилда «Навбаҳор» клубида бирга фаолият олиб боришган.

Эслатиб ўтамиз, Самвел Бабаян 2019 йилда «Локомотив» жамоасини тарк этгач, Хитойнинг «Чаньчунь Ятай» клубида иш бошлаган эди. Бир йиллик фаолиятдан кейин - октябрь ойида эса ўзбекистонлик мураббий Хитой клубидан истеъфога чиқарилди.

Маълумот учун, «Навбаҳор» клуби олдига йил бошида совриндорлар сафига кириш вазифаси қўйилганига қарамай, клуб Суперлига жорий мавсумини 8-ўринда якунлади. Жамоани россиялик мураббий Андрей Канчельскис тарк этгач, клубни Нўъмон Ҳасанов бошқараётган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар