O'zbek Ўзбекча
100 миллион сўм жарима ва 10 йиллик дисквалификация. ЎФA “Нефтчи” – “Турон” учрашуви борасида қарорни эълон қилди
Чоршанба, 09 Декабр
30209

Фарғона шаҳрида ўтган “Нефтчи” (Фарғона) ва “Турон” (Яйпан) клублари ўртасидаги Про лиганинг 20-тур ўйинида футболга хос бўлмаган ҳолатлар содир бўлди. ЎФА ушбу воқеалар борасида қарорни эълон қилди.

“Истиқлол” стадионида ўтган мазкур баҳснинг якунида ўйин ҳакамларига нисбатан қўпол ва тажовузкор муносабатда бўлиб, уларга тан жароҳати етказилди.

ЎФA мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Ички ишлар вазирлиги, “Нефтчи” – “Турон” учрашувининг ташкилий ишларига масъул барча ташкилотлар билан ҳамкорликда учрашувда юзага келган можаро бўйича суриштирув ишлари олиб борди.

Ҳар бир ҳолат бўйича суриштирув ишлари якунига етгач барча керакли маълумотлар, шунингдек, ўйин қайдномаси, учрашув назоратчиси ва комиссарининг билдиргилари, оммавий тартибчизлик акс этган видеоматериаллар ЎФA Тартиб-интизом қўмитасига тақдим этилди.

“Нефтчи” – “Турон” учрашувидан сўнг вужудга келган тартибсизликни кўриб чиқиш ва айбдорларга чора кўриш масаласи Тартиб-интизом қўмитасининг йиғилишида атрофлича муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Унга кўра, “Нефтчи” клуби футболчиси Жамшид Тўрақулов учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаевга қасддан тан жароҳати етказгани учун унга нисбатан ЎФA Интизом кодексининг 5.6 ва 5.49-бандларига асосан 10 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатиш интизом чораси қўлланди.

“Нефтчи” клуби дарвозабони Шерзод Aбдураимов, С.М.Зокиров ва Жамшид Қобулов учрашув бош ҳаками Ш.Насибуллаевга ҳужум қилганлиги учун уларнинг ҳар бири ЎФA Интизом кодексининг 5.48-бандига асосан 1 йил муддатга футболдан четлатилди ва 15 миллион сўмдан жаримага тортилди.
 
“Нефтчи” клуби футболчиси Достон Тошматов учрашув ёрдамчи ҳаками Д.Сайлавовга нисбатан тажавузкор ҳаракат қилганлиги учун Интизом кодексининг 5.49-бандига асосан 10та расмий учрашувга дисквалификация қилинди.

Учрашув якунлангандан сўнг мухлислар футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, “Нефтчи” футбол клуби масъуллари жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ етарлича чоралар кўрилишини таъминламагани учун “Нефтчи” футбол клубига нисбатан Интизом кодексининг 5.4-бандига асосан 3та уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиш ва 100 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланди.

Учрашувдан сўнг стадионга ташриф буюрган томошабинлар томонидан футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқарилиши ҳолатини муҳокама қилиш ҳамда “Истиқлол” стадиони маъмуриятига чора кўриш бўйича Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига тақдимнома юборилди”, - дейилади ЎФА баёнотида.

Демак, “Нефтчи” клуби Суперлигага ўтиш ўйинида “Андижон” жамоасига қарши майдонга тушади. Баҳс Фарғонада томошабинларсиз ўтказилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар