O'zbek Ўзбекча
Ундан футболни тарк этганидамас, бугун айрилиб қолдик. Марадонани эслаб
Чоршанба, 25 Ноябр
5890

«Ҳа, мен Рим папасига қарши чиққанман. Бу мен Ватиканга ташриф буюрганимда рўй берган. У ерда тилладан қилинган томни кўрганман. Кейин эса, папа христиан черкови муҳтожликдаги болаларнинг аҳволидан қаттиқ қайғуда эканини айтган. Эй, жин ургур, унда ўша томни сот. Ёрдам қил уларга!» (Диего Армандо Марадона)

Бугунги кўринишдаги футбол тарихи бир асрга яқинлашди, демак, афсоналар ҳам ўзига яраша кўп. Аммо эътибор берганмисиз, баъзи юлдузларга нисбатан «футбол афсонаси» таърифи ишлатилмайди. Шунчаки, афсона, дейилади. Мисол учун, Месси ёки Роналду футболни тарк этса, уларнинг майдондаги ажойиб ҳаракатларини, голларини соғинамиз. Қўмсаймиз. Аммо Марадона деганда фақат ўша машҳур голлари эмас, фикрларини, юқоридаги каби иқтибосларини ҳам тушунамиз, кўпроқ эслаймиз. Шу томондан қараганда, Марадона нафақат футбол афсонаси...

Бир пайтлар, «Чемпион» газетасида «Мозий юлдузлари» деган саҳифани юритардим. Ҳар ҳафта узоқ ва яқин ўтмишнинг бир юлдузи ҳақида ҳикоя қилувчи бу рукн қаҳрамонларини ўзим танлар, Бобби Чарльтон, Баккенбауерлардан тортиб Йохан Кройф, Платиниларгача навбати билан ёзардим.

Аммо икки қирол - Пеле ва Марадона ҳақида ҳеч қачон ёзмаганим ўзимга ҳам қизиқ туюлади. Билмадим, қўлим бормаган. Қўрққандирман. Бу иккиси ҳақида жуда кўп ёзиш керакки, саҳифаларга сиғмайди. Ёки умуман ёзмаслик керак. Нима ҳам ёзиш мумкин ахир, бу шахсиятларнинг ҳаёти, фаолияти футболдан ҳам буюкроқ...

Бу икки шахс футбол орқали танилмадилар, аксинча, футболнинг шу даражага чиқишида муҳим рол ўйнадилар.

Пеле - идеал футболчи. Мукаммал шахсият. Футболнинг спортдан каттароқлиги исботланаётган пайтларда, айнан шу соҳа ичида мана шундай намуна керак эди. Чемпион. Пеле одамларга футбол ҳақиқатини кашф қилиб берган. Бутун дунё назарини футбол майдонига қаратган.

Марадона эса, тескариси. Исёнкор. Доим тизимга нисбатан исён қилиб келган. Пеле ҳақ бўлишни ўргатган бўлса, Марадона футбол орқали, инсон доим ўз ҳақиқатлари учун курашиши кераклигини кўрсатиб берган. Футболни майдондан ташқарига чиқарган.

«Мен наркотик қабул қилиб, рақибларга ёрдам берганман, тасаввур қил, агар шундай бўлмаганда қай даражада футболчи бўлардим?», деганди бир куни Диего.

Гўёки, бу наркоманликка тарғиботдек туюлади, йўқ, ундай эмас. У футболдан ташқари ҳам ҳаёт борлигини, инсон ўз қобиғида, соврин ва голлар ичида, одамларнинг гап-сўзлари доирасида қолиб кетмасликка чақирарди. Унинг ҳақиқати шу экан, нотўғридир, аммо сиз ҳам ўз ҳақиқатингизни топинг ва у учун курашинг - мана, унинг миссияси.

Бу икки тирик ғоя ҳеч қачон ўлмайдигандек туюларди менга...

Агар Пелени футболда Муҳаммад Алига қиёсласак, Диегони Майк Тайсонга менгзаш мумкин. Тағин билмадим.

Диего Марадона, олтмиш ёшида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Унинг замонавий футболда ўрни йўқдек, мураббийлик қилмай қўйган, бирор машҳур клубда ишламайди, баъзида интервью бериб, ўз фикрларини билдириб туришини айтмаса, ҳеч ким. Ҳамма голларини уриб бўлган, ютадиганини ютган, футбол учун айтадиган сўзи қолмаган... Ўз яқинлари ва танишлари учунгина Марадона бўлиб қолган семиз амаки... Аммо илк абзацга қайтадиган бўлсак, Диего Марадонадан у футболни тарк этганида эмас, бугун айрилиб қолдик.

Балким шунинг учун юрагимнинг бир чети бўшаб қолгандек туюлгандир...

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар