O'zbek Ўзбекча
Жароҳатлар исканжасидаги «Ливерпуль». Ким қачон сафга қайтади?
Сешанба, 17 Ноябр
5802

 «Ливерпуль» клуби учун бу йилги мавсум аввалгисидан тубдан фарқ қилмоқда. Юрген Клопп ўтган икки мавсумда жамоанинг энг яхши футболчилари қаторида бўлган ҳимоядаги етакчиси Виржил ван Дейк октябрь ойида узоқ муддатга йўқотган бўлса, ноябрь ойининг дастлабки икки ҳафтаси немис мутахассиси олдида таркиб борасида талай муаммоларни туғдирди. Клопп ФИФА кунларида ўтказилаётган миллий жамоалар иштирокидаги ҳар ўйиндан кейин қайсидир шогирдининг сафдан чиққани ҳақидаги нохуш хабарни олмоқда. Айниқса, ҳимоячилар борасидаги кадрлар муаммоси анча жиддий кўриниш олди.

 Виржил ван Дейк
 

«Ливерпуль»даги муаммолар жамоанинг ҳимоя қўрғонидаги етакчиси Виржил ван Дейкнинг «Эвертон»га қарши баҳсда Пикфорд билан юз берган вазиятда жароҳат олгани билан бошланди. Тиббий кўрикдан кейин нидерландиялик ҳимоячи жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди. 30 октябрь куни тиззасидан жарроҳлик амалиёти ўтказган 29 ёшли футболчининг тикланиши учун энг камида 4 ой вақт талаб этилиши маълум қилинди. Натижада «Ливерпуль» ван Дейкни Премьер-лига қайдномасидан ўчирди. Бу эса Виржилнинг қишки «заявка» муддати – қарийб март ойигача АПЛ баҳсларида майдонга туша олмаслигини билдирарди.

Қачон сафга қайтади?

Клуб шифокорлари ван Дейкнинг январь ойида якка тартибда жисмоний машғулотларни бошлаши, февраль ойидан бошлаб эса жисмоний юкламалар бериб, жамоавий машғулотларга қайтишини кутишмоқда.

Тьяго Алькантара

Испаниялик яримҳимоячи Германиядан Англияга кўчиб ўтганидан буён боши ташвишдан чиқмаяпти. Алькантара клуб сафидан коронавирус юқтириб олган дастлабки футболчилардан бири бўлиб, қарийб 15 кунга сафдан чиққанди. Тузалиб майдонга қайтгач, «Эвертон»га қарши баҳсда ван Дейкдан кейин майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Унга нисбатан қўпол ҳаракат қилган Ришарлисон қизил карточка олиб майдондан четлатилди. Алькантаранинг эса жароҳати жиддий бўлиб чиқди.

 Қачон сафга қайтади?

Тиззасидаги оғриқ сабабли бир ойдан буён жамоасига ёрдам бера олмаётган испаниялик яримҳимоячи ноябрь ойи якунида сафга қайтиши кутилмоқда.

 Алекс Окслейд-Чемберлен

Англиялик 27 ёшли яримҳимоячи мавсум олдидан – 21 август куни жароҳат олиб сафдан чиққан эди. Машғулотлар пайтида тиззасидаги жароҳатини янгилаб олган ўйинчи қарийб уч ойдирки клубига ёрдам бера олмаяпти.

 Қачон сафга қайтади?

Бу саволга клуб шифокорлари ҳам аниқ жавоб бера олганича йўқ. Жароҳатларга мойил футболчи йил якунига қадар сафга қайтиши тахмин қилинмоқда.

Трент Александр-Арнольд

Англиялик ўнг қанот ҳимоячиси 8 ноябрь куни «Манчестер Сити»га қарши баҳсда жароҳат олди. «Ливерпуль» ҳимоячиси 63-дақиқада олган жароҳатидан кейин ўйинни давом эттира олмади. Тиббий текширувлардан кейин Трентнинг оёқ мушакларига шикаст етгани маълум бўлди.

 Қачон сафга қайтади?

Жароҳати сабабли Англия миллий жамоасининг ўйинларини ўтказиб юборган Александр-Арнольд декабрь ойи бошида сафга қайтиши кутилмоқда.

 Фабиньо

 27 октябрь куни «Ливерпуль» Чемпионлар лигаси доирасидаги «Мидтьюлланд»га (2:0) қарши учрашувда ҳимоя марказида ван Дейкни ўрнини эгаллаган Фабиньони ҳам узоқ муддатга йўқотди. Бразилиялик футболчи 27-дақиқада чимга ўтириб олиб, ўзини захирага олишни сўради. Тиббий текширувлар сонининг орқа қисмидан жароҳат борлигини кўрсатди.

Қачон сафга қайтади?

Фабиньо уч ҳафтада сафга қайтиши тахмин қилинган эди. У «Манчестер Сити» билан ўйин ва ФИФА кунларидаги баҳсларни ўтказиб юборди. Бразилиялик ҳимоячи яқин кунларда жамоа сафига қайтиши кутилмоқда.

 Муҳаммад Салоҳ

 Ўтган ҳафтада «Ливерпуль»дан Миср миллий жамоаси ихтиёрига етиб борган Муҳаммад Салоҳнинг жума куни коронавирусга топширган тест натижалари мусбат натижа берди. Бу эса «Ливерпуль» форвардининг миллий жамоа сафидаги икки учрашувни ўтказиб юбориши ва клуби сафига кечроқ етиб боришини англатарди.

Қачон сафга қайтади?

Мисрда ўзини яккалаш тартибига ўтказилган ҳужумчи ноябрь ойи охирига Англияга қайтиши ва такрорий тестдан кейин клуби сафига қайтиши кутилмоқда.

Жо Гомес

«Ливерпуль»нинг ҳимоя қўрғонидаги асосий ҳимоячиси бўлиб қолган Жо Гомес Англия миллий жамоаси сафига бориб, жароҳатга йўлиқди. Машғулотларда тиззасидан жароҳат олган ҳимоячи операция столига ётишга мажбур бўлди. Ўтган ҳафтада Лондонда ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин Гомес ҳам мавсумнинг асосий қисмини ўтказиб юбориши ойдинлашди.

ФИФА Англия миллий жамоаси ҳимоячиси Жо Гомес жароҳат олгани туфайли «Ливерпуль» клубига товон пули тўлаб беради. Англия миллий жамоаси ихтиёрида жароҳат олган Гомес учун халқаро футбол ташкилоти 2 миллион фунт тўлаб беришга рози бўлган.

Қачон сафга қайтади?

Клуб футболчининг қачон сафга қайтишини маълум қилмаган бўлса-да, тахминларга кўра Гомес февраль ойида сафга қайтади.

Эндрю Робертсон

«Ливерпуль» клуби шанба куни Шотландия миллий жамоаси қароргоҳидан ҳам нохуш хабар олди. Эндрю Робертсон УЕФА Миллатлар лигаси 5-тури доирасида Шотландия миллий жамоаси сафида майдонга тушмади.

Ўйиндан олдин Робертсоннинг оёқ пайларининг шикастланиши аниқланган. Шу боис у Словакияга қарши ўйинда шотландларга ёрдам бера олмади.

Қачон сафга қайтади?

Робертсон чоршанба куни Англияга қайтиб, клуб шифокорлари томонидан тиббий текширувдан ўтказилади. Шундан кейин унинг жисмоний ҳолати маълум бўлади. Тахминларга кўра, футболчининг жароҳати жиддий эмас.

Жордан Ҳендерсон

ФИФА кунларида «Ливерпуль»нинг учинчи футболчиси миллий жамоа сафида жароҳат олди. Якшанба куни Миллатлар Лигасида Англия миллий жамоаси таркибида Бельгияга (0:2) қарши баҳсда Жордан Ҳендерсон жароҳат олди ва биринчи бўлимдан сўнг алмаштирилди. Буни инглизлар бош мураббийи Гарет Саутгейт тасдиқлади.

«Ҳендерсон ўзини ноқулай ҳис қилди ва ўйнай олмаслигини тушунди», – деган Саутгейт.

Қачон сафга қайтади?

«Ливерпуль» яримҳимоячиси тез орада клубига қайтади ва шифокорлар томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунга қарамай, бош мураббий Юрген Клопп жамоа сардори Ҳендерсоннинг жароҳати жиддий эмаслигига умид қилмоқда.

«Ливерпуль» собиқ сардори Жейми Каррагернинг фикрича, немис мутахассиси «Ливерпуль» ҳимоясидаги жиддий муаммолар сабабли Жорданни ҳимоя чизиғида синаб кўриши мумкин. Чунки, Клопп қўл остида фақат бир нафар марказий ҳимоячи қолган – Жоэль Матип. У ҳам жароҳатга мойил экани Клоппни жиддий ташвишлантираётгани аниқ. Ноябрь ойининг учинчи ўнлиги ва декабрь ойида Премьер-лига ва Чемпионлар лигаси тақвими анча зич кўриниш олганини инобатга олсак, Клопп ва «Ливерпуль» қишки трансфер ойнасигача қандай ҳолатга етиб келишини тасаввур қилиш қийин. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар