O'zbek Ўзбекча
Герман Ткаченко: «Остон Ўрунов учун ЦСКА 2 миллион евро таклиф қилганди. Остоннинг агенти - хитойлик»
Жума, 30 Октябр
9462

ProSports Management агентлик компанияси бошлиғи Герман Ткаченко Остон Ўруновнинг «Спартак»даги фаолияти ва унга бўлган таклифлар ҳақида гапирди.

«Остон Ўрунов учун ЦСКА ва «Рубин» клуби 2 миллион евродан таклиф қилишган. Менинг компаниям Остоннинг ҳуқуқий вакилларидан бири саналади. Унинг агенти анча жиддий – хитойлик Ли Фэнг. Ўрунов ҳақида жуда яхши фикрдаман. Шунга қарамай, ёзги трансфер ойнасида биз у билан анча тортишган ва ёқалашимизга ҳам оз қолганди. Чунки мен Остоннинг ЦСКАга ўтишини истагандим. У ерда ёш футболчининг ўсиши осонроқ кечарди. ЦСКА ёшларни асосий таркибга жалб этишни яхши амаллайди ва ёш футболчилар босим остида қолишмайди. Аминманки, «Спартак» Остонни ўз сафига қўшиб олиб, тўғри қарор қабул қилди. Ўруновга ҳозирнинг ўзидаёқ яхши таклифлар бор. 

Сизга яна бир сирни ошкор қилай, Ўрунов шу йил бошида ЦСКАга ўтиши керак эди. У февраль ойида ЦСКА билан йиғинга бориши режалаштирилганди, аммо унинг виза муаммосини ҳал қилишнинг имкони бўлмади. Остоннинг ўйини ЦСКА бош мураббийи Гончаренкога аввалдан ёққан, шу боис у футболчини кўрикка таклиф қилганди. Якунда эса ўзбек футболчиси «Уфа»га ўтди. Ҳозир эса Ўрунов 1-ўринда бораётган катта клубда. Бу жамоада рақобат жиддий бўлса-да, Остон «Спартак»да ўйнаб кета олишига ишонаман», - дейди россиялик таниқли футбол агенти.

Маълумот учун, ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов Герман Ткаченконинг ProSports Management агентлик компанияси билан ҳамкорлик қилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар