O'zbek Ўзбекча
Андижонда вилоят ҳокими кубоги мусобақасининг финали бўлиб ўтди
Жума, 30 Октябр
1458

Андижон вилоят ҳокими кубоги учун футбол жамоалари ўртасида ташкил этилган мусобақа якунига етди. Бугун, 29 октябрь куни бўлиб ўтган финал учрашувида Балиқчи туманининг “Балиқчи” жамоаси ғолиб чиқиб, бош совринни қўлга киритди.

Анъанавий “Ҳоким кубоги” мусобақасининг 2020 йилги мавсумида вилоятнинг 15 жамоаси иштирок этди. Саралаш ўйинларидан кейин “Балиқчи” ва “Уз-Тонг Хонг Ко” жамоалари финалга йўлланма олди. Улар ўртасида Андижон шаҳридаги “Соғлом авлод” ўйингоҳида бўлиб ўтган ҳал қилувчи баҳсда “Балиқчи” жамоаси 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, биринчи лигага ўтиш турнирида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Тақдирлаш маросимида ғолибларга кубок ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаси топширилди. 

“Бу мусобақа вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ўтказиб келинмоқда. Жорий йилги ўйинларда 15 жамоа иштирок этди. Мана, бугун мусобақанинг финал ўйинини томоша қилдик. Турнирни ўтказишдан асосий мақсадимиз эса вилоятнинг чекка-чекка қишлоқларидаги истеъдодли ёш футболчиларни юзага чиқариш, моҳир ўйинчиларни саралаб олишдан иборат, - дейди вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Бекзод Каримов.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар