O'zbek Ўзбекча
Роналдо – Неймарга: «Мукаммаликнинг чегараси йўқ. Парвозда давом эт, болакай!»
Пайшанба, 15 Октябр
3894

Бразилиялик собиқ ҳужумчи Роналдо миллий жамоа сафида голлари сони бўйича 2-ўринга чиқиб олган Неймарга мурожаат қилди.

«Сенга ҳурматимни бажо келтираман, Неймар. Ажойиб ўйин намойиш этишинг, голлар, ассистларга муаллифлик қилишинг, қандай дриблинг ва зарбага эга эканинг, ҳаммаси зўр. Мукаммаликнинг чегараси йўқ. Парвозда давом эт, болакай! Ажойиб тарих ёзаяпсан.

Майдондаги тўпни сақлаб туришдан кўра, майдон ташқарисидаги босимга дош бериш қанчалик қийин эканлигини яхши биламан. Энди менга айт-чи, биз ким эдик-у, ким бўлдик? Бизга кимдир бундай даражага чиқиш имконсиз деб айта оладими? 

Юрак амрингга ишонишда давом эт. Шундай иқтидорга эгасанг-ки, ҳеч ким уни тортиб ололмайди. Ҳали яна қанчадан-қанча рекордларни янгилашинг ва тарихда ўз номингни муҳрлашинг керак. Бразилияликни чўққида кўришдан доим хурсанд бўламан», - дея ёзади Роналдо «Инстаграм»даги саҳифасида.

Маълумот учун, Бразилия миллий жамоаси ҳужумчиси Неймар ЖЧ-2022 саралаши доирасида Перу (4:2) дарвозасига 3та гол уриб, миллий жамоадаги голлари сонини 64тага етказди. 28 ёшли форвард бу натижаси эвазига Роналдони (62та гол) ортда қолдирди ва рўйхатда 2-ўринга чиқиб олди. 1-ўринни 77та гол билан Пеле эгаллаб турган бўлса, топ-5ликдан Ромарио (55) ва Зико (48) ҳам ўрин олган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар