O'zbek Ўзбекча
Англия – Бельгия, Франция Португалияга қарши. Миллатлар лигаси 3-тур ўйинлари анонси
Шанба, 10 Октябр
7939

Ушбу уик-эндда кўҳна қитъада клублар ўртасидаги чемпионат ўйинлари ўтказилмаса-да, шанба ва якшанба куни мухлисларни Европа миллий жамоалари ўртасида Миллатлар лигаси доирасида ўтадиган бир қатор қизиқарли тўқнашувлар кутиб турибди. 

Бу қандай турнир?

Янги мусобақа саналмиш Миллатлар лигаси турнири ҳисоб бўйича иккинчи марта ўтказилмоқда. Турнирнинг илк ғолиби Португалия миллий жамоаси бўлиб, Криштиану Роналду жамоадошлари ўз мамлакатларида ўтган мусобақанинг ҳал қилувчи ўйинларида бош совринга эга чиқишганди. 2020/21 йилги турнир аввалгисидан ҳам қизиқарли ва шиддатлироқ ўтиши кутилмоқда. Лига форматига ўзгартиришлар киритилган.

Лигаларга тақсимланиш

Европанинг 55 мамлакат жамоаси ушбу турнирнинг сўнгги йилдаги натижаларидан келиб чиққан ҳолда рейтингдаги ўринларига қараб, гуруҳларга бўлинган. Жумладан, 1-16 ўриндагилар А лига, 17-32-ўриндагилар В лига, 33-48 поғонагилар С лига, 49-55 поғонадагилар эса D лига гуруҳларидан жой олишган.

Миллатлар лигасининг формати қанақа?

Жамоалар ўзаро уй-сафар тизимида ўйинлар ўтказишади. А лиганинг тўртта гуруҳи ғолиблари Миллатлар лигасининг финал қисми (яримфинал, 3-ўрин учун ўйин ва финал) йўлланма олишади. B, C ва D лига ғолиблари юқорироқ лигаларга кўтарилишса, A ва B лигаларида сўнгги ўринни банд этган миллий жамоалар пастки лигага равона бўлади.

ЖЧ-2022 саралаши билан қандай боғланган?

Умуман олганда Европадаги жаҳон чемпионати саралаш босқичи деярли ўзгармайди. 10та гуруҳда ғолиб бўлган миллий жамоалар Қатардаги мундиалга тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқишади. Яна учта йўлланма соҳиби эса ўтиш ўйинлари орқали аниқланади. Яъни, саралаш босқичида гуруҳларда 2-ўринни олган барча жамоалар иштирок этишади. Шунингдек, гуруҳ ғолиблари орасидан ЖЧга йўлланма олмаган ва ўтиш ўйинларида бўлмаган энг яхши кўрсаткичга эга (турнир рейтингига кўра) икки жамоа ҳам йўлланма учун курашга қўшилади. Сентябрь ойида турнирнинг дастлабки икки тури ўтказилди. Октябрь ойида эса 3-4-турлар ўтказилади.

3-тур: Англия – Бельгия, Франция Португалияга қарши майдонга тушади

Қуйида УЕФА Миллатлар лигаси 3-тури доирасидаги ўйинлар анонси билан таништирамиз. 

Шанба куни тур доирасидаги 7 ўйин ўтказилса, якшанба куни 20та баҳс жой олган. Дастлабки кунда иккита эътиборли баҳс жой олган. Андрей Шевченко қўл остидаги Украина миллий жамоаси Киевда Германияга қарши майдонга тушади. Ушбу ўйиндаги ғалаба икки томон учун ҳам жуда муҳим. Немислар икки ўйиндан кейин 2 очко билан «А» лиганинг 4-гуруҳида 3-ўринда бораётган бўлса, Украина 3 очко билан 2-поғонадан жой олган. 

Гуруҳдаги яна бир баҳсда Испания Швейцарияга қарши саф тортади. Испанлар 4 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилаётган бўлса, швейцарияликлар 1 очко билан 4-ўриндан жой олган. Ўйин натижаси гуруҳдаги вазиятга жиддий таъсир қилиши мумкин.

Якшанба кунги ўйинлар рўйхатидан 5та марказий баҳс жой олган. «А» лига 2-гуруҳи пешқадами Бельгия 2-ўринда бораётган Англияга сафар қилса, икки ўйиндан кейин 6 очкодан тўплаган 3-гуруҳ пешқадамлари Франция ва Португалия ўзаро тўқнашишади. 

«А» лига 1-гуруҳида 4 очко билан пешқадамлик қилаётган Италия ўзидан бир очко кам жамғарган Польшага қарши майдонга тушса, 2-ўриндаги Нидерландия Босния майдонига сафар қилади.

«B» лига 3-гуруҳида 6 очко билан пешқадамлик қилаётган Россия миллий жамоаси бу турда Туркия билан ўйин ўтказади. Охирги учрашувида Германия билан 3:3 натижасини қайд этган туркларнинг русларга қарши ўйини ҳам қизиқарли кечиши аниқ.

УЕФА Миллатлар лигаси. 3-тур

10 октябрь (шанба)
C1. Люксембург - Кипр (18:00)
C1. Черногория - Озарбойжон (18:00)
D1. Фарер ороллари - Латвия (21:00)
D2. Лихтенштейн - Гибралтар (21:00)
A4. Испания - Швейцария (23:45)
A4. Украина - Германия (23:45)
D1. Андорра - Мальта (23:45)

11 октябрь (якшанба)
B4. Ирландия - Уэльс (18:00)
C4. Қозоғистон - Албания (18:00)
A1. Босния ва Герцеговина - Нидерландия (21:00)
A2. Англия - Бельгия (21:00)
A3. Хорватия - Швеция (21:00)
B1. Норвегия - Руминия (21:00)
B4. Финляндия - Болгария (21:00)
C2. Арманистон - Грузия (21:00)
C2. Эстония – Шимолий Македония (21:00)
C4. Литва - Беларусь (21:00)
A1. Польша - Италия (23:45)
A2. Исландия - Дания (23:45)
A3. Франция - Португалия (23:45)
B1. Шимолий Ирландия - Австрия (23:45)
B2. Исроил - Чехия (23:45)
B2. Шотландия - Словакия (23:45)
B3. Россия - Туркия (23:45)
B3. Сербия - Венгрия (23:45)
C3. Греция - Молдова (23:45)
C3. Косово - Словения (23:45).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар