O'zbek Ўзбекча
«Сити» яна бир ҳимоячи олмоқда, «Барса»га «Аякс»дан яна бир футболчи келмоқда. Сўнгги трансфер хабарлари
Якшанба, 27 Сентябр
7318

«Бенфика» ҳимоячиси Рубен Диаш «Манчестер Сити»га ўтмоқда. Аввалроқ, Калиду Кулибали, Кунде каби футболчилар билан ҳам музокара олиб борган «Сити» Диаш вариантида тўхталган. Николо Ширанинг ёзишича, португалиялик футболчи аллақачон тиббий кўрикдан ўтиш ва шахсий шартнома шартларини келишиб олиш учун Англияга етиб борган. 23 ёшли футболчининг трансфери 60-65 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Шунингдек, Португалия клуби ушбу трансфернинг яна бир шарти сифатида Николас Отамендининг қарама-қарши йўналишда трансфер қилинишини талаб қилишган. Отамендининг трансфери Диаш келишувининг қисми эмас, алоҳида трансфер сифатида амалга ошади. Аргентиналик ҳимоячи «Бенфика» билан уч йиллик шартнома бўйича келишиб бўлган.

«Ливерпуль» дарвозабони Лорис Кариус фаолиятини «Унион» жамоасида давом эттиради. Берлин клуби ушбу футболчи ижараси бўйича келишувга эришди, деб ёзмоқда Kicker. Кариуснинг ўзи ҳам ватанига қайтишга қарши эмас. 27 ёшли дарвозабон яқин кунларда расман таништирилади.

«Рома» «Реал» ҳужумчиси Борха Майорал бўйича келишувга эришди. Sky Sport Italia нашри тарқатган хабарга кўра, испаниялик 23 ёшли ҳужумчи кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йиллик ижара асосида тўп суради. Футболчи тиббий кўрикдан ўтгач, трансфер ҳақида расман эълон қилиниши кутилмоқда.

«Ювентус» марказий ҳимоячиси Даниэле Ругани трансфер ойнаси тугагунча жамоасини алмаштириши мумкин, деб ёзмоқда Sport Italia. 26 ёшли футболчи учун «Вест Ҳэм», «Фулҳэм», «Ренн» ва «Севилья» каби клублар даъвогарлик қилишмоқда. Манбада айтилишича, туринликлар агар 18-20 миллион евро атрофидаги маблағ таклифи бўлса, футболчини қўйиб юборишга рози бўлади.

«Барселона» эса «Аякс» ўнг қанот ҳимоячиси Сержино Дест юзасидан келишувга эришди. Николо Ширанинг маълум қилишича, АҚШ терма жамоаси футболчиси учун каталонияликлар 25 миллион евро тўлайди. Аввалроқ, «Барселона» айнан шу чизиқда тўп сурадиган Нельсон Семедуни «Вулверҳэмптон»га сотганди.

«Милан» яна «Сент Этьен» марказий ҳимоячиси Уэсли Фофана вариантига қайтди, деб ёзмоқда Ди Марцио. «Россонерилар» 19 ёшли футболчи учун 25 миллион евро таклиф қилишни режалаштиришмоқда. Аммо якунда бу трансфер бирмунча қимматроққа тушиши мумкин, зеро яқинда Франция клуби «Вест Ҳэм»нинг 35 миллион евролик таклифини рад қилган.

«Лидс Юнайтед» Нидерландиянинг «Утрехт» клуби билан вингер Гирано Керк юзасидан музокараларга киришган. 24 ёшли футболчини «Кальяри» ҳам ўз сафига қўшиб олишга уринган, аммо италияликларнинг 7 миллион евролик таклифи рад этилганди. «Утрехт» Керк учун камида 10 миллион евро олмоқчи. Яримҳимоячи ўтган мавсумда Эредивизияда 24 ўйинда майдонга тушган, 10 гол уриб, 8 голли узатмани амалга оширган.

Sky Sport Italy нашри хабар беришича, «Милан» Норвегиянинг «Будё Глимт» клуби аъзоси Йенс Петтер Ҳаугега қизиқишни кучайтирди, бунга сабаб эса, ушбу ҳужумчи Европа Лигаси доирасидаги «Милан»га қарши ўйинда жуда ишончли ҳаракат қилди ва гол ҳам урганди. Италияликлар яқин икки кун ичида 20 ёшли футболчи учун таклиф юборади.

«Лион» «Арсенал»нинг яримҳимоячи Уссем Ауар бўйича 38 миллион евролик таклифини рад этди, деб ёзмоқда RMC. Французлар футболчи учун камида 50 миллион евро талаб қилмоқда. Манбанинг айтишича, «Арсенал»нинг янги таклифи 40 миллион евро ва унга 10 миллион евро бонуслар қўшилган шаклда бўлади.

Bild нашрининг хабар беришича, «Лейпциг» вингари Адемола Лукман бир йил муддатга «Фулҳэм»га ижарага берилади. Немислар клуби ушбу 22 ёшли футболчи учун 2 миллион евро атрофида ижара пули олади. Асли инглиз бўлган Лукман ўтган йили 18 миллион евро эвазига «Эвертон»дан сотиб олинганди.

Фабрицио Романонинг хабар беришича, «Лацио» «Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Андреас Перейрага эътибор қаратган. Клублар ўртасидаги музокаралар бошланди ва Перейра кейинчалик 10 миллион еврога трансфер ҳуқуқи билан бир йил муддатга ижарага берилиши кутилмоқда.

«Атлетико»дан «Ювентус»га трансфер қилинган Алваро Мората учун клублар 2014 йилдан буён 245 миллион евро сарфлашган. Бу орада Алваро «Реал», «Ювентус», «Челси» ва «Атлетико» клубларида тўп суришга улгурди. Қизиғи, Мората учун сарфланган пуллар фаолияти давомида жуда кўп трансфер қилинган Златан Ибраҳимовичникидан (170 миллион) ҳам анча кўп. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар